Томорқа - даромад манбаи 3 сотих ердан 25 миллион даромад олаётган тадбиркор

Халқимизда ерни боқсанг, ер сени боқади, деган ҳикматли нақл бор. Бу нақл замирида бир олам маъно мужассам эканлигини уста деҳқонлар, тадбиркорлар амалда исботлаб келишаяпти. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги ҳам ердан унумли фойдаланишни тақозо қилмоқда. Бу борада туманимизда амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқдир. 

Мустақиллик маҳалласида айни пайтда 6336 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мавжуд 820 та хонадонларда истиқомат қилаётганлар бевосита томорқачилик билан шуғулланишиб, етарли даромад олишмоқда. Маҳалладаги 227 нафар фуқаро кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишган. Бу ҳам ўз навбатида аҳолининг иш билан таъминланишига хизмат қилаяпти. 

- Биз ишсизликни йўқотиш учун астойдил ҳаракат қилаяпмиз, - дейди ҳоким ёрдамчиси Нуъмон Усмонов. - Шу мақсадда хонадонма-хонадон юриб, фуқароларимизнинг имкониятини кўриб чиқиб, банкдан имтиёзли кредит олиб бераяпмиз. Бу албатта ўзининг ижобий натижаларини кўрсатаяпти. Масалан, тадбиркор Алишер Маҳмудов банкдан 30 миллион кредит олиб, ўз фаолиятини бошлади. Биринчи йилиёқ ўн беш миллион даромад қилиб, яхши натижага эришганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Бу тадбиркор 3 сотих майдондаги иссиқхонадан яхшигина даромад олди. Айни пайтда у иккинчи экин экишга тайёргарлик кўраяпти. 

Ҳоким ёрдамчисининг гапларида жон борлигини биз маҳаллада бўлганимизда   гувоҳи бўлдик. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Хуршид Қурбонов 63-махсус ёрдамчи мактаб-интернатида фаолият кўрсатиш билан бир қаторда тадбиркорлик билан жиддий шуғулланмоқда. Хонадонида 2008 йилда иккита иссиқхона ташкил этиб, 40 туп лимон дарахтидан йилига 1 тоннадан ошириб ҳосил етиштирмоқда. Шунинг ўзидан йилига 25 миллион сўмгача даромад олаяпти. Албатта томорқадан олинаётган даромад туфайли бу оила фаровон турмуш кечираётганлигини эътироф этиш лозим. 

Муҳтарам Президентимиз ўтказилаётган ҳар бир йиғилишларида ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш лозимлигини ва бу орқа-ли ҳар бир оила фаровонликка эришиши мумкинлигини таъкидламоқда. "Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик", деганларидек ўзларининг самарали меҳнатлари билан ер билан тиллашиб, тер тўкаётган тадбиркорларимиз ҳар бир маҳаллада борлигини гувоҳи бўляпмиз. Демак, томорқа - даромад манбаи эканлигини доимо ёдда сақлашимиз керак. Агар ҳар бир фуқаро ўзи истиқомат қилаётган хонадон атрофини обод қилса, ердан унумли фойдаланса тўкинчилик бўлади. Буни томорқачилик билан шуғулланаётган оилалар мисолида яққол кўриб турибмиз.


Суннатулло ИБРАГИМОВ.

Суратда: тадбиркор Хуршид Қурбонов, "Мустақиллик" МФЙ раиси Мажид Маликов ва ҳоким ёрдамчиси Нуъмон Усмонов билан ҳосил сифатини кўздан кечираётган пайт акс эттирилган.