Пресс-тур ТУМАНДАГИ ЯНГИ КОРХОНАЛАР ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИЛАР

Жорий йилнинг 9 июль куни туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда журналистлар ва блогерлар тумандаги янги ташкил этилган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Даҳбед маҳалласидаги "Asr imkon textile" МЧЖда бўлиб, корхонада ишлаб чиқарилаётган тайёр трикотаж маҳсулотларини кўздан кечиришди.   
Жорий йилнинг охиригача тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган корхонада 300 нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизларни бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Умумий қиймати 14 миллиард 800 миллион сўм бўлган лойиҳага кўра, корхонада 20 турдаги тайёр трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
- Ҳозирда корхонамизда ишлаётган 150 нафардан зиёд хотин-қизлар ишлаб чиқарган тайёр маҳсулотлар юртимиз бозорларидан ташқари, Россияга ҳам экспорт қилинмоқда, - дейди корхона директори ўринбосари Жавоҳир Бурхонов. - Корхонамизда тўқиш ва тикиш-бичиш асбоб-ускуналари ўрнатилган.
Тадбир иштирокчилари Даҳбед кичик саноат зонасида ҳам бўлишиб, 26 та иш ўрни яратилган "Хakim Bobo Grand" МЧЖ корхонасида 90 турдаги МДФ эшиклар ва мебел буюмлари ишлаб чиқарилиши билан танишишди.
Ўтган йили иш бошлаган "Badghisi agro group" МЧЖ томонидан фаолияти йўлга қўйилган замонавий иссиқхоналар туманнинг Барака массиви ҳудудида жойлашган. Умумий қиймати 2 миллиард 100 миллион сўм бўлган замонавий иссиқхонада илк бор 115 тонна помидор етиштирилиб, хорижга экспорт  қилинди. 
Шунингдек, тадбир қатнашчилари "United Joy Group" МЧЖ томонидан фаолияти йўлга қўйилган "United Joy Group" ўқув марказида ҳам бўлишди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.