ТОМОРҚА - КОНИ ФОЙДА

Ахрол Аслонов 1970 йилда Самарқанд давлат университетини физика факультетини тамомлади ва шу йилнинг ўзида туман марказидаги 20-мактабда иш фаолиятини бошлади. Шундан сўнг, 23 ва 27-мактабларда ва шу билан бирга халқ таълими бўлимида ҳам услубчи сифатида бир неча йиллар самарали меҳнат қилди. 2002 йилда 27-мактаб директори лавозимидан пенсияга чиққан фахрий педагогнинг босиб ўтган ҳаёт  йўли катта бир мактабдир.
- Туманимиздаги ўнга яқин мактабларда ўқувчиларга физика фанидан сабоқ бердим, - дейди 73 ёшли устоз педагог Ахрол Аслонов. - Умримни ўқитувчиликка бағишлаб , кўплаб шогирдлар тарбияладим. Қолаверса, туман мактабларини физика фани бўйича услубий қўлланмалар билан таъминлашда озми-кўпми ҳиссам борлигидан бахтиёрман. Оиламизда раҳматли умр йўлдошим Обида Муҳаммадсаидова билан биргаликда уч ўғил, бир қизни олий маълумотли қилиб тарбияладик. Ўғилларим бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида ишлаб келишмоқда. Катта ўғлим Зафаржон Тошкент тиббиёт институтида ўқитувчи бўлса, Ҳамдулла ва Зарифжон эса Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли поликлиникада стоматолог бўлиб ишлайди.
Бу оилани ибратли ва мақтовга лойиқ оила десак арзийди. Маҳалла аҳли ҳам бу оилага ҳурмат билан қарашади. Ахрол ота пенсияга чиққандан сўнг бекор ўтиргани йўқ. Чунки мўъжазгина ҳовлисида турли-туман мевали дарахтлар билан бир қаторда 3 сотих жойда иссиқхона ҳам ташкил қилган.
- Йигирма беш йилдан ошдики, лимон дарахтларини парваришлаб келаман. Биринчи бўлиб лимонни парваришлаш сирларини Амир Темур маҳалласида яшовчи ҳамкасбим Халил Нурмоновдан ўрганганман, - дейди, Ахрол ота. - Дастлабки  йилларда анча қийналдим. Очиқ айтаман, лимон кўчатларини совуқдан сақлай олмадим. Шу боисдан анча изланиб, иссиқхонамни қайта барпо этдим ва шундан бери қишнинг совуқ кунларидан асраб келаман. 30 туп лимон дарахтининг ҳар биридан 30 килограмгача ҳосил оламиз. "Мир", "Юбилейный" навлари яхши ҳосил бермоқда. Ўзимизнинг бозорларимизда ҳам талаб анча юқори. Муҳими харидоргир.
Ҳозирги пайтда кексалик гаштини сураётган фахрий устознинг сўзларига қараганда, меҳнат билан шуғулланган инсонни кайфияти ҳамиша чоғ, руҳан тетик ва ўзини соғлом ҳис этар экан.
Ҳар куни эрта тонгдан лимонарийси учун  вақтини канда қилмайдиган Ахрол Аслоновнинг лимон ҳосиллари мўл-кўл бўлсин. Деҳқон бозорларидаги расталарни доимо безаб турсин.
С.ИБРАГИМОВ.
Мавзуга оид: