КУТУБХОНАДА ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ ДАСТУРЛАРИ

Кузатаётган 2021 йил барчамиз учун, айниқса, фуқаролик жамиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида унутилмас ислоҳатлар йили бўлди. Хукуматимиз қарорлари, давлат жамоат фондлари томонидан ажратилган ва эълон қилинган грант маблағларининг миқдори ошганлиги ҳамда манбаларнинг кўпайганлиги бугунги кунда ННТлар иш фаолиятида катта ижобий  натижаларга асос бўлмоқда.
Туманимизда 2014 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасасининг  жорий йилда иккита лойиҳаси грантлар танловида ғолиб бўлди, ҳозирда учинчи лойиҳаси Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг  парламент комиссияси муҳокамасида турибди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг  бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Маҳалла аҳолисини китобхонликка жалб қилиш ҳамда “ХАЛҚ КУТУБХОНАСИ” қошида мини амфитеатр ташкил этиш” лойиҳаси июн ойидан ўз фаолиятини бошлаган эди. Ҳозирда 400 нафарга яқин китобхонларига эга бўлган кутубхона маҳалла аҳолисига намунали хизмат кўрсатмоқда.  Жорий йилнинг 20-декабридан бошлаб ҳар куни кеч соат 18: 00 дан 20:00га қадар халқ кутубхонасида янги йил тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Китобхонлик мвзусидаги қизиқарли савол-жавоблар, театр кўринишлари болалар ҳамда  ота-оналарни хурсанд этмоқда. Кечаги байрам дастурида 27- умумтаълим мактабининг “Тасанно” болалар фольклор ансанбли жамоасининг иштирок этганлиги  маҳалла аҳолиси қалбига  байрамона кайфият бағишлади. Ота-оналар ўз фарзандларининг билимлари ҳамда истеъдодларидан фахрланишдилар. Ансанбл раҳбари устоз Комила Қиличевага ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар. Кутубхонада байрам дастурлари давом этмоқда.