ОНА ВА БОЛА СОҒЛОМ БЎЛСИН ДЕБ...

Аёл бир қўли билан - бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади, дейдилар. Фарзандни дунёга келтириш ва баркамол қилиб ўстириш ота-онадан кўп меҳнат талаб қилади. Фарзанднинг ҳалол-пок, тартиб-интизомли, меҳнатсевар бўлиб ўсишида айниқса, онанинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шунинг билан бир қаторда бугунги кунда мамлакатимизда аёлларимиз жамиятимиз ривожланишининг барча соҳаларида, жумладан, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, суд тизимида эркаклар билан бир қаторда хизмат қилиб келишмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Туғруқхона бўлимида 150 нафар хотин-қизларимиз фаолият кўрсатишади. Бўлимнинг барча бўғинида фаолият кўрсатиб, ўзларининг куну тунги беминнат хизматлари билан кўплаб оилаларимизнинг қувончига қувонч қўшиб келаётган туғруқхона бўлими мудири Ҳулкар Равшанова, бўлимнинг бош дояси Гулнора Муродова, ҳамширалар Гулнора Сатторова, Назира Хидирова, Дилафрўз Ибрагимова, шифокорлар Саима Маматова, Моҳигул Ўтаеваларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз. Шуни қувонч билан айтиш керакки, 2022 йил бошидан буён туманимизда 400 нафарга яқин чақалоқлар дунёга келди. Бўлим шифокорлари она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида ўзларининг бор имкониятларини, билим ва тажрибаларини ишга солишиб, астойдил хизмат қилишмоқда.
Биз ҳам туманимиз халқига беминнат хизмат кўрсатаётган оқ халатли шифокорларимизни эзгу мақсад йўлидаги ишларига ривож тилаб, тобора яқинлашиб келаётган баҳор байрами -  8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этамиз.
Халқимиз бахту саодати, жамиятимиз келажаги йўлида хизмат қилишдан асло ҳориманг, азиз шифокорлар!
Суннатилло ИБРАГИМОВ.
ЎЗБЕК ОНАСИ
Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг,
Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг,
Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг.
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор,
Сен Темур бешигин тебратган бедор,
Сенсан Бибихоним, Нодираи зор,
Пайти келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Ватанни Она деб бекор айтилмас,
Она буюрганда йўлдан қайтилмас,
Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Бошингдан нималар ўтмади ахир,
Ватандек тақдиринг бўлди гоҳ тахир,
Бобур шоҳ бўлсада, қошингда фақир,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Гоҳида балқидинг Барчиндек тўлиб,
ўўзадек қуридинг Турсуной бўлиб,
Тимсолинг яловда юлдуздек кулиб,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Фарзандинг қувонса - сен ҳам қувондинг,
Фақат болам дединг, яшадинг, ёндинг,
Нокаси учраса, ўртандинг, тондинг,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Келажак тойчоғу тойингиздадир,
Жаннат ҳам, албатта, пойингиздадир,
Ватан-ку Сиз турган жойингиздадир,
Пайт келди, айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт,
Сизга бахшидадир энг шоҳона байт,
Азиз элу юртга дуоларинг айт,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.