Оила муқаддас қўрғон эканлигини унутмайлик

Пайғамбаримиз алайҳиссалом "Кимки уч қизни солиҳа қилиб тарбиялаб вояга етказса, мен билан жаннатда бирга бўлади" деб марҳамат қилганлар, дерди раҳматли бувижоним. Ўша пайтлар ёшлик қилибми, бу гапларнинг мағзини чақмаган эканман. Мана энди ўзим бувижон бўлиб ҳис қиляпман. Ўшанда бувижоним атрофига ўтирғизиб, кўп ҳикматли гаплар, ривоятлар, бошидан ўтказган воқеаларни айтиб берардилар. Жимгина қулоқ солар эдик. Энди ўйлаб қарасам, бувимнинг ҳар бир ўгитлари ҳаётимнинг мазмуни экан. Шунинг учун ҳам катталар келинликка номзод излаётганларида бувиси бор қизларнинг одоби яхши бўлади, дер эканлар. Бу ҳам халқимизга хос бўлган қадрият ва анъаналаримиздан биридир.

Дарҳақиқат ҳозирги кунда қизларимизни эрта турмушга бериш тобора авж олмоқда. Қизларимиз эндигина мактабнинг 10-11 синфида ўқий бошлаганда олди-берди қилиш одат тусига кирди. Кейинчалик рўзғорда қийинчиликларга дуч келиб, турмушнинг оғир-енгилига бардош беролмай, ажримлар кўпаймоқда. Ажримларга сабаб эса эрта турмушга бериш бўлмоқда. Шундай ачинарли ҳолатларни олдини олиш учун ота-оналаримиз озгина бош қотиришса мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳаётда бешта бармоқ баробар бўлмаганидек, инсонлар ҳам ҳар хил. Халқимизда "Қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин" деган нақл бор. Айрим қайноналар ёш келинларни одобли, ахлоқли, хушмуомалали, ибо-ҳаёли, саранжом-сариштали қилиб тарбиялаб, ҳаётини чиройли қилиб йўлга солиб беради. Аммо қийиқ ичидан қил ахтарадиган қайноналар ҳам йўқ эмас. Улар фарзандини ҳаётини, бахтини ўйламай ёшгина келинни рўзғорни билмасликда, тарбиясизликда, бетга чопарликда, яна бир неча камчиликларни устига қўйиб, турмушини издан чиқаради. Оқибатда келинни "ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ" қилиб, ўғлини ҳам кўзига ёмон кўрсатиб қўяди. Натижада ёшларнинг турмуши бузилади.

Илгари ота уйига қетиб қолишлар, ажралишлар ор саналарди. Ота-онасини, ака-укаларини юзини ерга қаратиб қўймайлик деб турмушни муштига чидаб яшарди. Ҳозир эса арзимаган гап деб ажрашиб, четга чиқиб кетишаяпти. Бу жуда оғриқли ҳолатдир. Шундан кўра катталар эрта турмушнинг олдини олиб, қизларимизга турмушни, оилани, фарзандни, рўз-ғор қанақа бўлишини, оилада кимга қандай муомалада бўлишликни оиланинг муқаддас эканлигини тушунтириб қў-йишса, нур устига аъло нур бўларди.

Ҳозирги кунларда жойларда "Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш", "Миллий либос - маънавият кўзгуси", "Кийиниш маданияти" каби мавзуларда давра суҳбатлари, тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирларда иштирок этаётган опа-сингилларимиз оилаларига, қўни-қўшниларга тадбир тафсилотларини  айтиб, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Натижада халқимиз ўтказилган бундай тадбирлардан маданий-маърифий манфаат топарди. Буни асло унутмаслигимиз керак.


Зилола ТУЙМАЕВА,

Миёнқол МФЙ отинойиси.

Мавзуга оид: