ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР - КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Очиғини айтганда, яқин йилларгача ўқитувчиларнинг обрўси ва мавқеи сезиларли даражада паст эди. Ойлик маошлари, иш шароитлари ҳаминқадар бўлганининг устига улар турли қўшимча юмушларга жалб этиларди. Ўқитувчининг бундай шароитда ишлаши унинг сифатли таълим беришига таъсир қиларди. Сўнгги йилларда қатор ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги бизни беҳад қувонтиради. Биринчи навбатда ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан, хусусан, пахта терими ва ободонлаштириш ишларидан халос қилинди. Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка ҳам чек қўйилди. Мактабларда синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари 18 та жадвал ҳисобот ҳамда ҳужжатларни тўлдирарди. Бунинг оқибатида уларнинг ўқувчиларга таълим беришга вақти етмасди. 
Эндиликда қонунчиликда белгиланган 6 та иш ҳужжатидан бошқа ҳисобот ва тақвимлар юритилиши қатъиян ман қилинди. Қоғозбозликдан озод қилиш, ҳисоботларни қўлда ёзиш, ҳар бир дарс бўйича ҳар йили қайта-қайта кўчириладиган дарс режаларини қайта ёзишга чек қўйиш учун "Kundalik" электрон таълим платформаси жорий қилинди. Энг асосийси, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари муттасил ошириб борилмоқда. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Янги таҳрирдаги Конституцияда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш, бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилмоқда. Конституцияга ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётганини жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган муҳим қадам, дея баҳолаш мумкин. Конс-титуция орқали уларнинг мақоми оширилиши ўқитувчиларга бўлган эҳтиромни ва ушбу касбнинг қанчалик қадрли эканини кўрсатади.
Яқинда Ўзбекистон республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳилола Умарова Сирдарё вилоятидаги мактаб директорлари билан бўлган учрашувда шундай деди:
-   Сиз билан биз ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў ва нуфузини юксалтиришимиз керак, бунинг учун эса энг аввало, уларнинг салоҳияти ва малакасини оширишимиз керак. Бугун нима учун истаган ота-она мактабга келиб, ўқитувчига гапиришга ҳадди сиғяпти? Ўз ҳурматини, қадр-қимматини билган ўқитувчига ҳеч ким ортиқча гапиришга ҳадди сиғмайди. Ўқитувчиларнинг нуфузини кўтариш эса бизнинг вазифамиз. Мактабга замонавий директор раҳбарлик қилса, буни ота-она ҳам сезади. Шу боис лавозимингизни суиистеъмол қилмаган ҳолда мактабингизда таълим сифатини кўтаришга ўзингиз ҳаракат қилинг.
Дарҳақиқат, мактабда таълим сифатини ошириш, халқ ўртасида ўқитувчининг обрў-эътиборини оширишда мактаб директорининг роли каттадир. Негаки, таълим-тарбия яхши йўлга қўйилган, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам тартиб-интизомга риоя қилган жамоага четдан ҳеч ким аралаша олмайди. Кўп йиллар давомида туманимиздаги бир нечта мактабларда директорлик лавозимида фаолият юритдим. Раҳбарлик қилган мактабларимда таълим сифатини, самарадорлигини оширишга астойдил ҳаракат қилдим. Айни пайтда мен раҳбарлик қилаётган 30-умумтаълим мактаби биноси ҳам таъмирталаб мактаблардан бири бўлиб, синфхоналари ҳам талабга жавоб бермас эди. 2022-2023 ўқув йилида давлат дастури асосида тўлиқ янгитдан таъмирланган мактабимиз бугунги кунда замонавий мактаб қиёфасини кашф этди. Ўқитувчиларимиз ва ўқувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилди. Президентимиз томонидан таълимга ва биз ўқитувчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан мактабимиз кўрсаткичлари йил сайин ошиб бормоқда.
Бугунги кунда 30-умумий ўрта таълим мактабида фаолият кўрсатаётган 50 нафар педагогик ходимнинг 3 нафари олий тоифали, 9 нафари 1 тоифали, 15 нафари 2 тоифали ўқитувчиларни ташкил этади. Уларнинг 6 нафари миллий сертификатга эга. Битирувчи ўқувчиларимизни олий таълимга кириш кўрсаткичи ўтган йиллар давомида 11-22 фоиздан 37 фоизгача кўтарилди. Ўтган ўқув йилида информатика фани бўйича фан олимпиадасининг республика босқичида муваффақиятли иштирок этган ўқувчимиз олий ўқув юртига имтиёзли йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, фан олимпиадасининг вилоят босқичида 5 нафар ўқувчимиз фахрли ўринларни қўлга киритишди. Информатика фани бўйича қизлар ўртасида ўтказилган вилоят танловида иштирок этган ўқувчимиз 2-ўринни эгаллади.
Таълимга эътибор - келажакка эътибор. Янгиланаётган Конституциямиз жамиятимизнинг барча жабҳаларини қамраб олган муҳим ҳужжатгина бўлиб қолмасдан, инсон қадр-қимматини, унинг бугуни ва келажагини кафолатловчи бахтимиз қомуси сифатида ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Туманимиздаги ҳар бир педагог-ўқитувчиларни, бутун туманимиз халқини жорий йилнинг 30 апрель куни бўладиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга даъват этаман.
Абдураҳмон АСРОРОВ,
  30-умумтаълим мактаби
 директори, Халқ таълими аълочиси.
Мавзуга оид: