Шоир ва замон
ЎЗБЕКНИНГ ДИЛКАШ,
ДАРДКАШ ШОИРИ
Самимий шеърлари оҳанграбо қўшиқларга айланиб, ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган лирик шоир Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Шу ерда ўрта мактабни тугатгач, республика Рус тили ва адабиёт институтига ўқишга кириб, уни 1978 йилда битирди.
Ижодга ҳавас уни олий маълумот олгач Тошкентда қолишга ундади. 1978-1980 йилларда Китобсеварлар республика жамиятида, 1980-1986 йилларда "Тошкент оқшоми" газетасида, 1986-1992 йилларда ўафур ўулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, 1992-1995 йилларда "Ўзбекистон овози" газетасида, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигида ишлади. 1995-1996 йилларда Ўзбе- кистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида ўқиди, 1997 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.
Бадиий ижод билан талабалик давридан шуғуллана бошлаган, аммо шеърга ғоят масъулият ва талабчанлик билан муносабатда бўладиган Муҳаммад Юсуф илк тўплами - "Таниш тераклар"ни 1985 йилда нашр эттирди. Биринчи китобиёқ уни элга танитди, тўпламдаги шеърлардан дунёга келган дилтортар қўшиқлари эса уни машҳур қилди. Иқтидорли шоирнинг "Булбулга бир гапим бор", "Уйқудаги қиз", "Ҳалима энам аллалари", "Ишқ кемаси", "Кўнглимда бир ёр", "Бевафо кўп экан", "Ёлғончи ёр", "Эрка кийик", "Осмонимга олиб кетаман"каби кўплаб шеърий китоблари босилиб чиққан.
Мазкур китобларга кирган шеърларда Муҳаммад Юсуф мансуб бўлган авлоднинг энг олижаноб ва юксак инсоний фазилатлари билан бирга ёшлик сурури, ишқ ва муҳаббатнинг нафис наволари, ўзбекона, содда, айни пайтда эзгу, бокира ва бетакрор туйғу ҳамда кечинмалари ўзининг ёрқин ифодасини топган. Сўзнинг бадиий имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиш, мусиқий равонлик, туйғулар тиниқлиги, самимийлик ва майинлик, руҳият манзараларини лўнда ва яққол ифодалай билиш Муҳаммад Юсуф шеърий услубининг етакчи хусусиятларидир. Унинг қаламига мансуб аксарият шеърлар таниқли хонандалар томонидан ижро этилмоқда. Шоир 1998 йилда "Ўзбекистон халқ шоири" унвонига сазовор бўлди. У Ўзбекистондаги энг ёш халқ шоири эди.
Муҳаммад Юсуф ижоди айни гуллаб яшнаган пайтда, Элликқалъа туманида шеърият мухлислари билан учрашиш мақсадидаги ижодий сафарида вафот этди.
Тошкент шаҳри ва Марҳамат туманидаги кўчалардан бири, шунингдек, Андижон шаҳридаги болалар кутубхонаси ва Марҳамат туманидаги санъат мактаби Муҳаммад Юсуф номи билан аталади.
Юртим, адо бЎлмас армонларинг бор…
Юртим, адо бўлмас армонларинг бор,
Тошларни йиғлатган достонларинг бор,
Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним,
Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор.
Бағрим ўртар бир ўй баҳор айёмлар,
Ой ботган ёқларга термулиб шомлар.
Айбин билмай кетган Акмал Икромлар,
Файзуллодек марди майдонларинг бор…
Юртим, кўнглингдек кенг осмонларинг бор,
Юлдузни йиғлатган достонларинг бор.
Осмонларингда ҳам дийдорингга зор,
Жайрондек термулган Чўлпонларинг бор.
қўлинг қадоғига босай юзимни,
Онамсан-ку, оғир олма сўзимни,
қайинбарглар ёпиб қаро кўзини
Олисларда қолган Усмонларинг бор.
Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана юришибди кийганлари зар,
қодирийни сотиб шоир бўлганлар -
Меҳробингда чиққан чаёнларинг бор.
қурбонинг бўлайин, эй онажоним,
Сенинг фарёдларинг - менинг фиғоним,
Ўтмишингни ўйлаб ўртанар жоним,
Айтсам адо бўлмас достонларинг бор.
Муҳаммад ЮСУФ.

Янги лавозим ижодкорлар учун.
- 28 янв, 15:38

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22