Кўзгу Ноёб кўктош ва чақиртошлар нега камайиб кетаяпти?

Чақилликалон тоғи ҳақида эшитганмисиз? Манбаларда қайд этилишича, ушбу тоғ тизмаси Ҳазрати Баширдан Жом қишлоғига қадар давом этган. Унинг бетакрор манзараси кўрган одамда ҳайрат уйғотади. Булоқ сувлари, булоқлардан ҳосил бўлган кичик дарёчалар ва улар ёқасида ям-яшил бўлиб яшнаб турган тоғ ўсимликлари - наъматак, шумтол, қоратол, дўлана, бутасимон ўсимликлар кўз олдимга келаверади. Турли доривор ўсимликларнинг анвойи ифори руҳингизга тетиклик, куч бағишлайди. Гўё ўзингизни табиат аталмиш табибнинг қўлига топширасизу, маълум фурсат ўтгач, ундан шифо топиб чиқиб кетасиз.
Бундан бир неча йил аввал жамоа бўлиб тоғда яшайдиган ҳамкасбимизникига борган эдик. Унинг ҳовлиси ёнидан тоғ тошларига урилиб оқаётган булоқ сувлари, сув ёқасидаги улкан ёнғоқ дарахтларини кўриб, жуда ҳам ҳайратим ошганди. Сувнинг ичида тошлар жуда кўп эдики, улар шундоқ ҳам тип-тиниқ бўлган зилол булоқ сувларини янада тиниқлаштириб, манзили сари йўллаётгандек эди. Сув тошларга урилиб, ўйноқлаб мени тутиб ол, дея гўё улар орасидан эркаланиб оқиб ўтарди. Шу тошларнинг йириклари устига оёқ босиб табиатнинг бу неъматидан қанчалик сурур олиб қувонганларимиз эсимда.
"Лангар" фуқаролар йиғини ҳудудидаги мактабда рус тили фани ўқитувчиси бўлиб фаолият олиб борган Абдимўмин Бекмирзаев ижодкор инсон. Жамоатчи мухбир сифатида "Чироқчи" газетасига мақолалар, шеърлар йўллаб турарди.   Кунларнинг бирида у таҳририятга келиб қолди. Мен эса ўзим соғинган, иш ва рўзғор юмушларидан ортиб яқин ўртада боролмаган кечаги тоғ манзарасининг бугунги куни ҳақида сўрадим. Айниқса, булоқ сувларига зилоллик бахш этиб турган тоғ тошларининг бугунги тақдири билан қизиқдим. Негаки, кейинги пайтларда уларнинг ҳали ҳам мавжуд эканлигига бироз шубҳам ортиб бораётган эди. Сабаби тоғ тошлари бугунги кунда аҳоли томонидан иморатлар пойдевори учун харид қилинаётганлигини ва шу мақсадда ишлатиб юборилаётганлиги кўпдан буён қалбимни безовта қилиб келаётган эди. Ахир автомашиналарга ортилган тоғ тошлари кейинги пайтларда ўз харидорини кутиб турганлигини кўп бора кузатганлигимиз ҳам сир эмас. Бунинг учун албатта, харидорни айбламаймиз.   Чунки, уйидаги бетон ишларида унум бўлиши учун бири бўлмаса, иккинчиси сотиб олаверади. Бунда ўз ҳудудидаги бойликни ўзгалардан қўриқлаш, сақлаш ўрнига моддий манфаат кўриш учун табиатга озор бериб, уни сотаётганлар айбдор эмасмикин?!
Буни қарангки, суҳбатдошим қишлоғидаги бу ҳолатни кўриб, айрим инсонларни муросага чақириб бўлмаётганлигидан фиғони фалакка чиқди.
- Ер пайдо бўлганидан буён бу тошлар ернинг, сувнинг бир бўлагига айланган. Инсон танасидаги бирор аъзони олиб ташлаб бўлмаганидай, тошларни ҳам олиб, ундан қандайдир мақсадлар учун фойдаланиб бўлмайди, - дейди А.Бекмирзаев. - Тошлар булоқлардан пайдо бўлган дарёчаларнинг чуқурлашиб кетмаслигини таъминлайди. Шунинг баробарида ўсимликлар илдизидаги намликни сақлайди. Тошларни олиш оқибатида ўсимликлар ҳимоясиз ҳолатга келиб қолмоқда. Бу экологияга таъсир қилиб, сув танқислигини келтириб чиқариши мумкин.  Сувдаги тошларнинг айрим кишилар томонидан тўплаб олиниб, сотиш ҳоллари юз бераётганлиги эртага табиатимиз учун қимматга тушиши ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.
Ҳа, ҳали ҳам табиатимиз сахий. Йилдан-йилга дарёчалар чуқурлашиб, тоғдан тушган сувлар орқали тоғ тошлари оқиб келиб, уларнинг ўрни тўлаётгандек. Бироқ, бу билан булоқларимиз табиийлигини йўқотаяпти. Оқибатда яккам-дуккам булоқлар қолаяпти.
- Бундан 15-20 йил олдин қишлоғимизга келган меҳмон атрофдан роҳатланар эди, - дея сўзини давом эттиради А.Бекмирзаев. - Энди-чи?  Ҳатто ўзимиз ҳам бир вақтлар таомларимизга ишлатган, булоқлар четини қоплаган ялпиз, отқулоқ каби доривор ўсимликларни излаб қолаяпмиз. Булоқ тошларининг қўпорилиши, кавланиши сабаб энди бу ўсимликлар йўқ...
Бу каби манзарани эшитиб, кўриб, ўйланиб қоласан киши. Қўлига кетмон ёки белкурак ушлаб, не-не машаққат билан битта тошни сув четига чиқариб, табиатга зиён-заҳмат етказгандан кўра, ана шу кетмон ёки белкуракни эзгу мақсад йўлида ерга ишлатган маъқул эмасми? Негаки, тоғ шароитида яхшигина узумзор, боғ яратиш мумкин. Масалан, Қуруқсой қишлоғини олайлик. Унинг номи Қуруқсой бўлгани билан тошлар орасида боғлар, узумзорлар барпо этилганлигининг гувоҳи бўласиз. Бу қишлоқнинг "Қора кишмиш", "Оқ кишмиш", "Тоифи" каби узумлари, майизлари бозорларимизни безаётгани, эл дастурхонига янада тўкинлик бахш этаётганлиги сир эмас. Ҳар бир қуруқсойликлар оиласида 20-30 сотих майдонда токзорлар барпо этилган. Тарағай, Лангар, Ғаровли, Тутли қишлоқлари аҳолиси ҳам уларга эргашишаяпти.
Яна бир гап. Булоқлардаги ноёб кўктош, юмалоқ чақир тошлар олиб кетилаётганлиги етмагандек, тоғлардаги бодомча, дўлана, арча ва бир қатор бутасимон дарахтлар айрим кишилар томонидан ёқиш учун кесиб кетилади. Ота-боболаримиз дарё ёқаларига тол, терак ва кўплаб мевали дарахтлар экишган. Бунинг натижасида булоқлар кўпайган. Тоғда сув бўлса, ҳаёт яхши бўлади. Тоғ бағри бойликларини ўз нафси йўлида қурбон қилиш онага зиён бериш билан баробардир. Бир вақтлар тоғ   бағридаги яшилликлар боис тоғда каклик, беданалар овозини эшитиш мумкин бўлган. Тоғ чўчқалари яккам-дуккам бўлса-да, яшилликлар панасида жон сақлашган. Пурвиқор тоғлар бағридаги ёввойи ҳайвон сифатида онда-сонда кўриниш берган. Энди-чи? Сайроқи қшлар ўрнини ёқимсиз қушларнинг овози эгаллаяпти. Ўтмишдан қолган дарахтларнинг илдизига болта урилаяпти. Бунинг интиҳоси бормикин?
Агар бу ҳолат давом этса, этаверса, она табиат бизни сира кечирмайди. Шу боис ўзимизни, ўзлигимизни тўла англаш учун ҳали фурсат бор. Булоқ сувларининг садаф тишлари сингари сувнинг зилоллигини, софлигини таъминлаб бераётган, тоғ табиатининг мўъжизакор мевалари илдизларини намлик билан таъминлаб, унга ҳаёт ато этаётган тоғ тошларини асраб-авайлайлик. Унга зиён етказаётганларга қарши курашайлик. Токи келгуси авлод табиат маҳсулини биздан ўз ҳолича қабул қилсин.
  Гулнора ЖЎРАЕВА.