ШАКАР НЕГА ҚИММАТ?

Бугунги кунда кимга қараманг, ким билан суҳбатлашманг, мавзу ўз-ўзидан бозорларимизда ун ва шакарнинг қимматлашиб бораётганлигидан зорланиб гапиради. Ҳамманинг дарди битта, у ҳам бўлса эрталабдан то кечга қадар ун, ёғ ва шакарнинг нарх-навоси, унинг қаерда, қанча нархда сотилаётганлигини аниқлашдан иборат бўлиб қолди. Дарҳақиқат, айни ёз фаслининг пишиқчилиги, боғларимиздаги тўкин-сочинлиги палласида кундалик эҳтиёжимиз учун зарур бўлган бу маҳсулотларнинг кундан кунга нега қимматлашиб бораётганлиги халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Июнь ойининг биринчи ўн кунлигидан 1 килограмм шакарнинг нархи 16 минг сўмга кўтарилганлигини эшитиб, ҳамма ваҳимага тушиб қолган эди. Кейинги кунларда эса шакар "анқонинг уруғига" айланди. Ҳаттоки, шакар ҳақида айрим "миш-миш"лар ҳам пайдо бўлди:
- Бир қўшним қишда 3 халта шакар олиб қўйган экан. 1 халтаси 380 мингдан. Ёзнинг қандай келишини олдиндан билган-да...
- Шу ҳам гапми, бир тадбиркор танишим 5 тонна шакар олиб, уйига бостириб қўйган экан. Шунча шакарни пулласа, биласанми, қанча фойда кўради...  
Албатта, бозор иқтисодиёти даврида бозорларга, тадбиркорларга чеклов қўйиб бўлмайди. Лекин, айни шу кунларда айрим "уддабурон тадбиркорлар" дарҳол 1 килограмм шакарни 20-22 минг сўмдан пуллашга ўтишганлиги ҳам айни ҳақиқат. Ахир, боғларда ғарқ пишиб, меваларини кўтаролмай, ерга тўкилаётган мева-чеваларни мураббо, компот қилишга ошиқаётган одамлар шакарнинг нархи қанча бўлсада, сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Кимга қараманг, бозорларда шакар излаш ва унинг нарх-навосини суриштириш билан овора-ю сарсон кезишмоқда.
- 11 июнь куни Лойиш бозорида 1 килограмм шакарнинг нархи 20 мингга чиқиб кетди, - дейди Мустақиллик маҳалласида яшовчи Райҳона опа. - Қиммат нархда бўлсада, 10 килограмм шакар сотиб олишга мажбур бўлдим. Ҳар йили шу пайтга келиб мева-чевалар қиммат бўлиб кетар эди, ҳар ҳолда шакар қиммат бўлганлиги учунми, бугун меваларнинг нархи анча арзон.  
12 июнь куни ҳам Лойиш бозорларида шакарнинг нархи 20 минг сўмдан кам бўлмади. Бозорлардаги ун ва шакарнинг нарх-навоси кундан кунга қимматлашиб бораётганлигининг сабаби нимада. Ушбу маҳсулотларнинг нарх-навоси барқарорлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилаётганлиги билан қизиқиб, туман ҳокимининг биринчи муовинидан ушбу масалага аниқлик киритишини сўрадик ва у ушбу саволга қуйидагича изоҳ берди:
- Минг афсуски, ташқи бозордаги ҳолат, айниқса, Россия ва Беларусдаги шакар экспортига чекловлар бизнинг бозорларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Албатта, чакана савдо билан шуғулланаётганларга биз белгилаган нархларда сотишини талаб қилиш тўғри бўлмасада, бу борада албатта, ҳокимлик томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланган.
Яхшиямки, туман ҳокимлиги томонидан Лойиш бозоридаги нарх-наво имкон қадар назорат остига олиниб, доимий равишда арзонлаштирилган нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари савдо растаси ташкил қилинган. Ҳозирга қадар ҳам аҳолига арзон нархларда гўшт ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Жумладан, 13 июнь куни ушбу савдо растасида аҳолига 1 килограмми 11 минг сўмдан 2 килограмдан шакар сотилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Бундан аксарият кишилар хурсанд бўлишсада, айримлар 2 килограмм шакар катта рўзғорга нима бўларди, дея нолиб кетишар эди. 
Нима бўлганда ҳам, оз бўлса-да, шакарнинг борига шукур қилиш керак. Аммо, халқимизнинг ун, ёғ ва айниқса, шакарга бўлган эҳтиёжи ошиб бораётганлигидан фойдаланган айрим сохта тадбиркорлар ушбу маҳсулотларни сунъий равишда оширишга ҳаракат қилаётганликлари ҳам рост гап. Уларнинг бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларини асло оқлаб бўлмайди. Негаки, одамларнинг қийинчилиги эвазига топилган даромад ҳеч кимга татимайди. Шундай экан, бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашда нафақат, масъул ташкилотлар, балки, жамоатчилик назорати ҳам муҳимдир. Шундагина, бугунги қийинчиликлар тезда бартараф этилиб, бозордаги нарх-наволар ўз жойига тушишига ишончимиз комил.

 Г.ТИНИБЕКОВА,

              махсус мухбиримиз.

Мавзуга оид: