Шароф Рашидовнинг Оқдарёга меҳри бошқача эди...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги қарорига асосан, Самарқанд давлат университетига атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов номи берилди. Албатта бу хабар барча юртдошларимизни беҳад қувонтирганлиги шубҳасиз. Негаки, Шароф Рашидов шу юрт, шу халқ учун қарийб чорак аср давлат раҳбари сифатида сидқидилдан хизмат қилди. Қанчадан-қанча шаҳарлар, завод ва фабрикалар қурилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Айниқса Ўрто Осиёда ягона ҳисобланган Тошкент метрополитени қурилишига бош-қош бўлди. Айни пайтда кўп давлат тадбирлари ва концерт дастурлари намойиш этилаётган Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги саройи” қурилишига ҳам у киши бевосита раҳбарлик қилганлигини кекса авлод вакиллари яхши эслашади.
СамДУнинг Шароф Рашидов номи билан аталиши бежиз эмас. Чунки ўрта мактабни битиргандан сўнг у киши бу олийгоҳнинг филология факультетида таҳсил олган. Қатор йиллар “Ленин йўли” ҳозирги “Зарафшон” газетасига бош муҳаррирлик қилган. Шунингдек, област партия кометитининг секретари вазифасида ҳам самарали фаолият кўрсатган. Шароф Рашидовнинг Оқдарёга меҳри бошқача эди. Чунки бу ерда у кишининг қадрдонлари – Меҳнат Қахрамонлари Туман Саидова ва Мажид Муродовлар истиқомат қилишарди. Бу икки қахрамон кўп йиллар давомида колхозларни ва бригадаларни бошқаришиб, пахтадан рекорд ҳосил олганликлари учун бу унвонга савозар бўлишганди. Иккинчидан Туман Саидова 1940 йилда район Совети Ижроия кометитининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган даврда ҳам Шароф Рашидов билан бир неча бор учрашганлигини кексалардан эшитгандик. Шунингдек, Туман опа бир неча бор Ўзбекистон Олий Советининг депутати бўлганлигини яхши эслаймиз. Юқорида айтганимиздек, Шароф Рашидов Оқдарёга ташриф буюрган чоғида ҳар иккала қахрамонни доимо йўқлаб, улар билан дилдан суҳбат қиларди. Колхозчиларнинг меҳнатига юқори баҳо берарди. Мажид Муродов бошчилик қилган бригададаги “Наврўз” номи билан аталувчи дала шийпонида кўп бор йиғилиш ўтказиб, илғорларни ўз қўли билан тақдирлаганди. Туман Саидовани худди ўз опасидек кўриб, опа дея мурожаат қиларди. Чунки Туман опа Шароф Рашидовдан 4 ёш катта эди. Очиғини айтиш керакки, ўша даврларда бу икки қахрамон туманимиз учун катта ободонлаштириш ишларини амалга оширганликларини кўпчилик гувоҳи бўлган.
Биз Шароф Рашидовни 1983 йилнинг октябр ойлари охирларида Меҳнат Қахрамони Мажид Муродов бошлиқ бригада даласида Туман Саидова ва районнинг ўша пайтдаги раҳбарлари билан кўрган эдик. Орадан бир неча кун ўтгач эса атоқли давлат арбобининг бевақт вафот этганини эшитиб қайғуда қолдик. Ўша кунлар бутун Ўзбекистон халқи йиғлади. Чунки доимо юз-кўзларидан меҳр ёғилиб турган бу инсон оддий одамлар билан доимо самимий суҳбатлашарди. У барча юртдошларимизнинг ҳурматига сазовар инсон эди. Мен Шароф Рашидов вафотидан кейин Туман Саидова ва Мажид Муродовлар билан суҳбатлашганимда улар у киши билан боғлиқ кўплаб хотираларини сўзлаб беришганди. 
Шу ўринда айрим таклифларимизни ҳам айтиб ўтмоқчимиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, Тошкент метрополитенига ва “Халқлар дўстлиги саройи”га Шароф Рашидов номи берилса ҳар жиҳатдан адолатли иш қилинган бўларди. Бундан ташқари СамДУнинг филология факультети талабалари учун Шароф Рашидов номидаги стипендия ташкил этилса нур устига аъло нур бўлур эди. Чунки бу фидойи инсоннинг қилган хизматларини қанча эъзозласак арзийди. Буни тегишли масъуллар ўйлаб кўрадилар деган умиддамиз.
Ушбу сурат 1983 йилнинг октябр ойининг охирларида Оқдарёда марҳум сураткаш Абдураззоқ Эгамқулов томонидан туширилган.
Йўлчи Муҳаммадиев,
журналист