ДЕПУТАТ ТАШАББУСКОР ВА ХАЛҚПАРВАР БЎЛИШИ ШАРТ!

Ўтган шанба куни туман ҳокимлигида депутатлар билан очиқчасига давра суҳбати бўлиб ўтди.
Бугунги депутат қандай бўлиши керак? Албатта бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб бериши мумкин. Лўнда қилиб айтадиган бўлсак депутат халқ хизматкори ҳисобланади. У қайси поғонада бўлишидан қатъий назар ташаббускор ва халқпарвар бўлиши шарт! Буни ўтказилаётган Олий Мажлис сессияларида ҳам яққол кўриб турибмиз. Юртдошларимиз депутат деганда бевосита Расул Кушербаевни тасаввур қиладилар. Бунинг боиси шундаки, у ҳар бир масалада халқ ёнида туриб ҳукм чиқаради. Уларнинг фикрларини, дардларини Олий Мажлисга ва ижтимоий тармоқларга олиб чиқади. Албатта бундай депутатлар Олий Мажлисда саноқли эканлигидан ҳам кўз юммаслик керак. Бироқ шундай бўлсада улар халқ томонидан кўтарилаётган муаммоларни дадилллик билан айта олишаётганлиги эътиборга лойиқдир.
Айни пайтда Халқ депутатлари туман кенгашида 30 нафар депутат фаолият кўрсатаяпти. Уларнинг ёшлари ҳам турлича. Бироқ депутатлар бир нарсани аниқ билишадики, улар мана шу юрт, эл учун хизмат қилишлари зарур. Шу боисдан ҳам ўз сайловчилари билан учрашган пайтларида ҳам уларнинг муаммоларини ҳал қилишга, ечимини топишга ҳаракат қилади. Маҳаллада ким моддий ёрдамга муҳтож, ким соғлигидан шикоят қилади. Кимгадир соғлигини тиклаш учун ёрдам зарур. Албатта бу борада ҳам туман кенгаши депутатларининг олиб бораётган фаолияти эътиборга лойиқ. Улар маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда учраётган муаммоларни ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилишаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Туман кенгаши қошида фаолият кўрсатаётган доимий комиссиялар ҳам аниқ режа асосида иш юритиб туманимизнинг юксалишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Доимий комиссиялар йиғилишларида мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам эшитилиб учраб турган камчиликлар яққол кўрсатилиб ўтилаяпти. Комиссиялар томонидан сессияларга масалалар тавсия этилмоқда.
Бироқ шундай бўлсада ютуқлар билан бир қаторда айрим камчиликлар борлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Негадир кейинги пайтларда депутатларимизнинг фаоллиги яққол кўзга ташланмаяпти. Мутасадди ташкилотлар томонидан ҳисобот ёки ахборот берилгач саволлар берилмаяпти. Ваҳоланки, депутатлар ҳар бир сўзга чиққан ташкилот раҳбарининг ҳисоботини эшитгач қониқарли ёки қониқарсиз эканлигини айтиши агар лозим бўлса савол бериш ҳам лозимдир. Яна бир масала ҳақида алоҳида таъкидлашни истардик. Кейинги пайтларда депутатларнинг “Оқдарё овози” газетаси орқали чиқишлари ниҳоятда камайиб кетди. Ўтган йиллари эса ҳар бир депутат ўзи амалга оширган ишлари ҳақида матбуот орқали чиқишлар қилар, депутат сўровига жавоб бермаган ташкилот раҳбарларини номма ном кўрсатишарди. Бу иш қайтадан ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки депутатнинг ўз сайловчилари билан қандай ишлаётганлигини оддий халқ ҳам билиб қўйса зарар қилмайди.
Йиғилишда иштирок этган “Оқдарё овози” газетасининг бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев депутатлар фаолиятини яхшилаш, доимий комиссиялар амалга ошираётган ишларни газетада батафсил ёритиш, ҳар бир депутатнинг кенгаш олдида ҳисобот беришини ташкил этиш борасидаги фикрлари депутатлар томонидан тингланди. Депутатлар ҳам ўз навбатида бош муҳаррир томонидан айтиб ўтилган камчиликларни эътироф этишган ҳолда келгусида ҳар бир депутат ташаббускор ва халқпарвар бўлиши учун астойдил ҳаракат қилишларини таъкидладилар. Биз йиғилишдан сўнг айрим депутталар билан суҳбатлашдик.
Исрофил Мамарасулов – ХДПдан сайланган депутатлик гуруҳининг раҳбари.
- Ҳақиқатдан ҳам йиғилишда танқидий фикрлар очиқчасига айтилди. Буни ўзимиз ҳам тан олдик. Айрим ҳолларда сайловчиларимиз билан ўтказилган йиғилишлар ҳақида газетага маълумот бермаяпмиз. Ўтган йиллари эса матбуотда фаол иштирок этиб партиямиз ва депутатлар томонидаан амалга оширилаётган ишларни батафсил ёритардик. Бугунги йиғилиш кўзимизни очди десак муболаға бўлмайди. Яна шуни таъкидлашим керакки, “Оқдарё овзи” газетаси бу туманимиз кўзгуси эканлигини унутмаслигимиз керак. Газета Халқ депутатлари туман кенгаши ва туман ҳокимлигининг муассислигида чоп этилаётганлигини ҳисобга олсак, биз депутатлар биринчилардан бўлиб обуна бўлишимиз шарт. Айни пайтда келгуси йил учун обуна бошланган экан, барча депутатлар обуна бўлишга келишиб олдик. Чунки ҳаммамизнинг мақсадимиз Оқдарёмизнинг обод қилишга қаратилган.
Акбар Абдувалиев – туман кенгашининг депутати.
Ҳозирги пайтда депутатларнинг фаолиятига сайловчиларимиз томонидан ҳолисона баҳо берилаяпти. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак бугунги кун талаблари даражасида фаолият кўрсатишга мажбурмиз. Негаки, халқ бизни депутат этиб сайлаган экан, уларни ишончини оқлаш биз учун шараф деб ҳисоблайман. Ўзим сайланган Пўлатдархон ҳудудида ҳам доимий равишда сайловчилар билан алоқада бўлиб турибман. Ўтказилаётган сайлов қабулларимизда ҳам улар турли масалаларда бизга мурожаат қилишади. Мурожаат қилинган масалани ўрганиб мутасадди ташкилотларга депутат сўрови қиляпмиз. Албатта бу тадбир ҳам ўзини оқламоқда. Бугунги ўтказилган муҳокама йиғилишимиз ўз вақтида амалга ошрилди деб ҳисоблайман. Ҳар биримиз йиғилишдан хулоса қилиб ўз дастуримизни белгилаб олдик. Ҳамкорликда иш юритишимиз ўзимизнинг ижобий самараларини кўрсатишга ишонаман.
Биз бундай фикрларни Усмон Бошмонов, Дилфуза Қурбонова, Чарос Ортиқова, Жамол Худойқулов ва бошқа депутатлардан ҳам эшитдик. Йиғилишда иштирок этган депутатлар бундан кейин ҳар бир ишни пухта режа асосида ва “Оқдарё овози” газетаси билан ҳамкорликда иш юритишга ваъда бердилар.
Ўз мухбиримиз.
Суратларда йиғилишдан лавҳалар акс эттирилган.
Мавзуга оид: