ЯНГИЛАНГАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ

Инсонга фаровонлик, жамиятга эркинлик, давлатга масъулият!

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида жами 222 715 та таклифлар келиб тушган бўлиб, улар асосида лойиҳа такомиллаштириб, маромига етказилган, хусусан, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олган.
Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлатлар  конституциялари пухта таҳлил этилган, халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этган ҳужжат сифатида юқори баҳоланган.
Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошган, яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни   халқимиз таклифлари асосида янгиланган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига       оид қоидалар уч ярим бараварга кўпайгани лойиҳани янги таҳрирдаги Конституция сифатида қабул қилишлигини англатади.

Ўзбекистон - суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда

Мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Ўзбекистон "суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат" эканлиги ҳамда ушбу принципиал қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилмоқда.
Ушбу конституциявий қоидалар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам бўлиб, улар давлатчиликнинг тамал тошлари сифатида мустаҳкамланмоқда.

Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик - давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади

Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда.
Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.
Давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдалани-ши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш, мажбуриятини олаётганлиги ҳам ижтимоий давлат тамойили-нинг яққол ифодаси эканлиги намоён бўлмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари

 кафолатлари кучайтирилмоқда

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш - давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.
Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши ("Хабеас корпус" институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги ("Миранда қоидалари"), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни "сукут сақлаш" ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ҳозирги вақтда ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади.
Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.
Узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди. Болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнатининг тақиқланиши Асосий қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилаётганлиги ушбу салбий иллатнинг тарихда қолиши учун кафолат бўлади.

Конституциявий ҳуқуқ ва 

эркинликлар доираси

 кенгаймоқда

Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Хусусан, конституциявий ҳуқуқлар доираси экологик ҳуқуқлар, соғ-лиқни сақлаш, гендер тенглик, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш, банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби ҳуқуқлар билан тўлдирилмоқда.
Қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, дам олиш, давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олиш, шаҳарсозлик, бюджет соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиради.
"Инсон қадри учун" тамойили Конс-титуцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шарт. Шу боис, Конституция лойиҳасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади

Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун имконият яратади.
Алоҳида эҳтиёжларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг ташкил этилиши, уларни ҳамма қатори умумий  мактабларда ҳам ўқишини йўлга қўйилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Конституцияда давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши ва бошланғич профессионал таълим бепул эканлиги ҳам белгиланмоқда. Депутатлар томонидан сўнгги олти йилда болаларнинг боғча билан қамрови 27 фоиздан 70 фоизга ошгани ҳамда Конституцияга киритилаётган янги нормалар бу борада янги марраларга эришиш имконини бериши таъкидланди.
Ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш тўғрисидаги норма миллат ва халқ ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини оширишда асосий ўрин тутувчи ўқитувчиларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Ёшлар ҳуқуқлари Конституция 

ҳимояси остида бўлади

Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигига яққол ишорадир.
Ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши ёшлар ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имкониятини таъминлайди.

Рақобатбардош миллий           иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик ва мулк ҳуқуқи кафолатлари        мустаҳкамланмоқда 

Янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда.
Янги конституция лойиҳасида мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда. Мамлакатимизда товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда. Бу иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг эркин фаолияти учун   мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратади.

Давлат бебаҳо табиий бойликларимизни кўпайтириш, асраб-авайлаш ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш чораларини кўради

Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланмоқда.
Шу муносабат билан, давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шу билан бирга ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги масъулияти белгиланмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг      имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилмоқда

Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда.
Халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат идоралари эътиборига олиб чиқаётган оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги қоида Бош қомусимизда муҳрланаётганлиги юртимизда сўз ва ахборот эркинлигини янада юксалиши намоён бўлади.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Инсон фаровон яшаши, давлат барқарор ривожланиши учун самарали, ихчам ва халқчил давлат бошқаруви жорий қилинади ҳамда парламентаризм янада кучайтирилади

Янгиланаётган Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган.
Давлат ҳокимияти тизими ягона ва яхлит бўлиб, ҳокимиятнинг бир бўғинини модернизация қилиш унинг бошқа тармоқларда ҳам ислоҳотларни тақозо қилади. Шунга кўра, тармоқлар ўртасида бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш     тизимининг самарали ишлашини таъ-минлаш мақсадида парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.
Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгаймоқда, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпаймоқда.
Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатаси ваколатига ўтказилмоқда. Бу ўзгариш қуйи палатанинг вакиллик табиатига ва илғор хорижий тажрибага тўла мос келади.
Марказда ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятида қатъий тартиб-интизом, масъулият, натижадорликни кучайтириш мақсадида шунингдек, илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, Бош вазир номзодини Президент Қонунчилик палатасига киритиб, халқ вакиллари маъқуллагандан сўнг лавозимга тайинлаш тартиби жорий этилмоқда. Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш назарда тутилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш фақат Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп овоз олган партия ёки партиялар иродасига боғланган эди. Янги таклиф этилаётган тартиб орқали эса барча сиёсий партиялар фракцияларининг нафақат Бош вазир номзодини кўриб чиқишда, балки бутун Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки таъминланади. Яъни, амалдаги тартиб янада демократик мазмун касб этади.
Фаолияти қониқарсиз деб топилган вазирни лавозимидан озод этиш бўйича Қонунчилик палатасининг Президентга таклиф киритиш ҳуқуқининг белгиланаётганлиги Ҳукумат аъзоларининг халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Сенат олдига қўйилаётган янги вазифалардан келиб чиқиб, уни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш мақсадида унинг маҳаллий Кенгашларга кўмаклашиш бўйича ваколати ҳам Конституцияда   мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Ушбу конституциявий нормалар Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва маъмурий ислоҳотларнинг устувор йўналишларига ҳамоҳанг бўлиб, парламент палаталари ваколатларини аниқ чегаралаб беради, улар фаолиятидаги ўзаро такрорланишларни бартараф этади, параллел функцияларни мақбуллаштиради, Олий Мажлисни ягона яхлит орган сифатида самарали фаолият олиб боришини таъминлайди.
Шу билан бирга жойлардан тенг вакилликни сақлаб қолган ҳолда, сенаторлар сонини ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга тушириш, бунда ҳар бир ҳудуддан 4 тадан сенатор сайланиши, Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилаётганлиги ҳақида айтиб ўтилди. Бу Олий Мажлис Сенати фаолиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар моҳиятига монанд тарзда модернизациялаш имконини беради.
Парламентнинг қуйи палатаси томонидан киритилган қонунлар Сенатда 60 кун ичида кўриб чиқилиши, муддат ўтиб кетса, ушбу қонун маъқулланган деб ҳисобланиши ва имзолаш учун Президентга юбориш амалиёти жорий қилинаётганлиги ҳам таъкидланди.

Парламентнинг суд ва назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза 

қилувчи органлар ва махсус

 хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари

 кучайтирилмоқда

Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилиб, парламент назоратининг муҳим шакли бўлган парламент текшируви институти Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Олий Мажлиснинг жамият ҳаётидаги ўрни, роли ва таъсирини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ваколатлари парламентга ўтказилмоқда.
Хусусан, Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиш, шунингдек монополияга ва коррупцияга қарши курашиш органлари раҳбарларини Сенат томонидан сайлаш амалиёти жорий этилмоқда.
Махсус хизматлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилмоқда.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар Олий Кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилмоқда.

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш 

институти бекор қилинади

Маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга ошириш, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш давлат бошқаруви тизими янгиланишининг мантиқий давоми бўлиши қайд этилди.
Маҳаллий давлат бошқаруви соҳасида киритилаётган мазкур ўзгаришлар бутун давлат ҳокимияти тизимини демократлаштиришга, ҳокимиятлар бўлиниши принципини изчиллик билан амалга оширишга ҳамда чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратишга хизмат қилади.

Барча масалалар ечими чинакам халқ овози бўлган маҳалла

 даражасига туширилади

Конституцияда маҳаллаларга аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатлари бериш, бунинг учун ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиш белгиланмоқда.
Буларнинг барчаси, давлат ҳокимиятида ҳисобдорлик, шаффофлик, самарали қарор қабул қилиш ва унинг натижадорлигини оширишга хизмат қилади.

Конституцияда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини     таъминлаш ва суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича нормалар киритилмоқда

Судлар фаолияти мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, судьялар дахлсизлиги ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича киритилаётган ўзгаришлар одил судловни тўлиқ ва мус-тақил амалга ошириш учун муҳим кафолат бўлади.
Судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши ва у одил судловни тўлиқ, мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги тўғрисидаги  конституциявий норма чинакам адолатли ва мустақил суд тизимини шакллантиришини, судларнинг холислигини таъминлашини қайд этдилар.
Фуқароларга суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқу-қининг берилиши фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун янги механизм ҳисобланади.


Ж.Садуллаев,

Оқдарё туманида хусусий

 амалиёт билан шуғулланувчи нотариус,

туман кенгаши депутати.