Ҳушёрлик - давр талаби ДИНИЙ АҚИДАПАРАСТЛИК ВА ТЕРРОРИЗМ ХАВФИ

Инсоният юксак орзу-умидлар билан қадам қўйган ХХI аср диний экстремизм,  халқаро терроризмнинг хуружлари билан бошланди. Ўтган беш йил ичида жаҳоннинг деярли барча минтақалари террористик хуружларни бошидан ўтказди. Таассуфки, терроризм билан боғлиқ жиноятларнинг катта қисми моҳиятан тинчлик ва эзгулик дини бўлган ислом дини билан боғлаб амалга оширилмоқда.
Хўш, диний экстремизм нима?
Диний экстремизм баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорларнинг жамият қонун-қоидаларига мос келмайдиган мафкураси ва фаолияти.
Диний экстремизм кўпчилик динларда мавжуд бўлиб, унинг тарафдорлари ўз олдига сиёсий мақсадларни қўяди. Ислом экс-тремизмининг ақидасига кўра, биринчидан, гўё барча ҳозирги замон мусулмон жамоалари исломий тусларини йўқотганлар ва "жоҳилия" асри жамиятларига айланганлар. Бундай ёндашув ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини кескин танқид қилиш учун "асос" бўлиб хизмат қилади.
Иккинчидан, гўё фақат "ҳақиқий" мусулмонлар ҳокимиятга келгач, барпо бўлажак "исломий тартиб"ни ўрнатиш учун кескин ва агрессив ҳаракат қилмоқлари лозим. Бундай ҳаракатнинг конунга мувофиқлиги масаласи улар томонидан умуман ўртага қўйилмайди, зеро, улар фақат шариатга (бу ҳам уларнинг тор талқинида) таяниб иш кўрадилар ва ўзларини исломдан чекинган ҳокимни ағдаришга гуё ҳақли деб биладилар. Ислом экстремизмининг "нозик" томони унинг "дин"га (ҳақиқий динга эмас) асосланганидадир. Гуруҳ раҳбарлари ўз қўл остидаги аъзоларининг онгига шу даражада таъсир ўтказадиларки, улар ҳатто ўзларини қурбон қилишга, муайян мақсад йўлида "шаҳид" ёки "камикадзе" бўлишга тайёр турадилар. "Мусулмон-биродарлар" ҳаракати (Миср, 1928) дан етишиб чиққан Саййид Қутб (1906-65) ҳоз.замон ислом экстремизмининг ғоявий асосчиси сифатида тан олинган. Унинг "назария"сига кўра, ўзини мусулмон деб ҳисобловчиларнинг кўпчилиги аслида мусулмон эмас ва умуман, барча давлатлар исломга қаршидирлар. Демак, мақсад - ислом давлатини барпо қилиш ва жамиятни тўлиғича исломлаштиришдир.
Диний экстремизм ёки ашаддий ақидапарастлик турли кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Масалан, Ольстердаги "ультра" протестантлар, Яқин ва Ўрта Шарқдаги "мусулмон-биродарлар", Марказий Осиё ва Кавказда пайдо бўлган ваҳҳобийлар (қ.Ваҳҳобийлик) ва б. Улар жамиятга ва қонунларга деярли бир услубда қарши кураш олиб борадилар.
Экстремистлар жамиятда эрксиз, муте, фаолиятсиз кишилар сафини орттириш, "сохта" ва "ҳақиқий" диндорлик белгилари бўйича қарама-қаршиликни келтириб чиқаришни кўзлайдилар. Улар ўз мақсадларига эришиш учун жангариларни тайёрлашга ҳам ҳаракат қилдилар. Ўзбекистонни ўарбга "исломлаштирилган", Шарққа эса, аксинча, "динсиз", "дахрий" шаклда кўрсатиб, республиканинг халқаро обрўсига путур етказиш ниятида бўлдилар.
Бундай вазиятда "оиладаги соғлом муҳит - соғлом мафкурани шакллантириш манбаидир. Жамиятда ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, фаровонлигини, ўзаро ҳурмат ва аҳилликни таъминлаш - миллий мафкурада кўзда тутилган мақсадларни оширишда таянч бўлади".
Диний экстремизм ва ақидапарастлик мафкураларига қарши шахс билан оилани, маҳаллани бирга боғлаб турувчи ижтимоий-ғоявий бирлик бу - миллий истиқлол ғоясида яққол намоён бўлди. Бу - бутун Ўзбекистон халқининг бирлашиб, инсонпарвар, фаровон демократик жамият қуриш ва бу ишда ҳар бир инсоннинг муносиб иштирокини таъминлаш бўйича қилган азму-қарори ифодасидир.
Айни вақтда ҳар хил оқим аъзолари ўзининг бузғунчилик, диний ақидапарастлик тарбиясини ҳар бир оилага олиб киришга ва бунда телефон аппарати, интернет тармоғидан ҳам фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. "Ҳизб ут-таҳрир" глобал исломий ҳаракат, у асосан ислом дунёсида фаолият олиб боради.
Оилада соғлом ғоявий муҳитни вужудга келтиришга ҳамда уни миллий ғоя руҳида мустаҳкамлашга - миллий хавфсизликка қаратиш муҳим стратегик масаладир. Бу эса, ўз навбатида, ўзбек оилаларига азалдан хос бўлган ўзаро ишончни, маънавий бирликни ва нафақат ахлоқий балки, муҳим ғоявий фазилатларнинг шаклланишида ҳам бой имкониятлар яратади.
Мустақиллик шарофати билан диний қадриятлар, диний эътиқод қайта тикланди. Республикада диний конфессия рўйхатга олиниб, расман фаолият кўрсатмоқда. Кўпгина диний ташкилотлар ишлаб турибди ва уларда Ўзбекистонда яшовчи 130 миллат ва элат вакиллари ўзларининг диний эҳтиёжларини қондирмоқдалар. Бир нечта масжидлар, христиан ибодатхоналари, синагоглар ва бошқа диний марказлар таъмирланди ва янгидан қурилди.
Биз юртимизнинг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлаш, Ватан қудратини ошириш, маърифий дунё халқлари яшаётган фаровон ҳаёт даражасига эришиши учун бугун Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарлари бошчилигида ўтказилаётган изчил сиёсатни қўллаб-қувватлаймиз, халқимизни бу йўлда янада жипслашишига, юртимизга қўл кўтарган разил кимсаларга кескин зарба бериш учун ҳар доим тайёр туришга чақирамиз.
Йигирма биринчи аср бошидан жаҳон оммавий ахборот воситаларида диний экстремизм, диний ақидапарастлик тушунчалари қизғин муҳокама қилина бошланди. Бу саволга жавоб асосли бўлмоғи учун аввало ақидапарастлик динимизда қачон ва қай шаклларда юзага келганлигини таҳлил қилиш лозим бўлади? Маслаҳатчи унинг зарарли таъсиридан маҳалла, оилаларни қандай асрамоғи керак?
Ислом динида эътироф этилмаган мазҳаблар, диний, сиёсий партия ва оқимлар тутган йўл диний ақидапарастлик деб юритилади. Бунга сабаб, улар ўзларининг бузуқ ва ботил ақидаларини (эътиқодларини) амалга ошириш, рўёбга чиқариш ҳаракатида бўлганликлари учундир.
Шулардан бири - Ваҳҳобийлик диний-сиёсий оқими бўлиб, XVIII асрда марказий Арабистоннинг Нажд воҳасида юзага келди. Унга Наждлик Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳоб бошчилик қилган. Ваҳҳобийлар бевосита дин номидан иш олиб борган ва динни "тозалаш", гўёки Пайғамбаримиз давридаги асл ҳолатга қайтариш, барча арабларни, ягона байроқ остида бирлаштириш каби ғояларни илгар сурган. Аслида улар ҳокимиятни эгаллаб ўз ҳукмларини ҳаётга тадбиқ этиш учун қатъий курашади, фақат бу ниятни амалга ошириш учун диндан восита сифатида фойдаланишади, холос.
"Ҳизб ут-таҳрир ал-Исломий" норасмий сиёсийлашган диний партия 1953 йилда Исроилда пайдо бўлди. Унинг асосчиси Мисрдаги "Ал-Азҳар" университетини тамомлаб, Қуддус шаҳрида яшаган шайх Тақийиддин Набҳоний (1909-1979) бўлиб, Иорданиядаги "Ал-иҳвон ул Муслимун" ("Мусулмон биродарлар") диний-сиёсий экстремистик ташкилоти раҳбарларидан бири эди. У ақидада "биродарлар" билан келиша олмай, бу жамоадан ажралиб чиқиб, ўз қарашларини "Ислом низоми", "Ислом оламига қайноқ нидолар", "Ҳизб ут-таҳрир тушунчалари" ва бошқа рисолаларда баён қилади.
Булардан ташқари мусулмонлар учун ёт бўлган қарашларни ёшларга ўргатиб, уларни ўз Ватанларига қарши ғоявий қуроллантираётган "Ҳизбуллоҳ", "Таблиғчилар" жамоаси, "Акромийлар",    "Нур"чилар жамоаси, "Тавба" каби оқимлар мавжуд.
Уларнинг ғоялари ислом таълимотидан узоқ, демократик-ҳуқуқий давлатлар конституцияларига зид, кишилар эътиқодини демократик ўлкалардаги, хусусан, юртимиздаги виждон эркинлигини суиистеъмол этиб, сиёсий ҳокимиятга интилишдир. Бундай партия ва оқимлар сиёсий беқарорлик, иқтисодий таназзул, энг муҳими хунрезлик сабабчиларидир. Улар тарғибот, таълим, тарбия усулларидан ўз ғараз мақсадларида фойдаланмоқдалар.
Ақидапарастларнинг ёшларни ўз ғоялари руҳида тарбиялашда ишлатаётган - "дини ислом йўлида ота-онадан ҳам воз кечиб юбориш мумкин" деган ғояси Пайғамбаримиз томонидан айтилган "Ота-оналарининг ҳар иккисини ёки бири бўлмаганда бошқасини рози қилиб жаннати бўлиб олмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин ва яна хор бўлсин", деган ҳадисга мутлақо зиддир.
Бу ўринда гап оилада болаларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш учун яратилган шароит, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан соғлом этиб тарбиялаш ҳақида бормоқда. Қайси оилада муҳит соғлом бўлмаса, ўша ерда ахлоқи бузуқ, ноқобил фуқаролар пайдо бўлиши хавфи орта боради.
Бу масалаларни ечиш учун оиланинг фуқаролар йиғинлари диний таълим ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчиси билан доимий алоқасини йўлга қўйиб оилада соғлом маънавий-ахлоқий муҳит барпо этишда маҳалла ва хотин-қизлар ташкилотларининг ролини ошириш даркор.
Хулоса ўрнида, ҳар биримиз ҳушёр бўлишимиз, ён-атрофимизда бўлаётган ҳар қандай шубҳали ҳаракатлардан огоҳ бўлишимиз, ёшларимизни телефон аппарати ва интернет тармоғидан фойдаланишларини назорат остига олишимиз, терроризмга қарши бир куч бўлиб ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.
З.Тўраев, 
М.Рўзиев,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьялари.