Инсон ва қонун ЖИНОЯТНИНГ КАТТА-КИЧИГИ БЎЛМАЙДИ

Жасурбек Рашидов(исми шарифи ўзгартирилган) эндигина йигирма ёшни қарши олаётган, қолаверса, олийгоҳ талабаси бўлишига қарамасдан бугунги кунда суднинг қора курсисида ўтирибди. 2022 йил 4 июль куни соат 23:00 лар чамасида тумандаги "З.М.Бобур" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган маҳаллий кўчада ўзига олдиндан таниш бўлган, қўшни  Қийқим қишлоғида яшовчи А.Ш. билан ўзаро жанжаллашиб қолади. Жанжал давомида А.Ш.ни бош-пешона соҳасига бир-неча маротаба қасддан уриб, унга "ўртача оғирликда"ги тан жароҳатлари етказган.
Бундан ташқари, судланувчи Жасурбек Рашидов, 2022 йил 4 август куни соат 18:30 лар чамасида Оқдарё тумани, "Мустақиллик" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган автомашина таъмирлаш устахонасида унга олдиндан таниш бўлган Оқдарё тумани, "З.М.Бобур" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, "Жағалтой" қишлоғида яшовчи Р.С. билан ҳам "сен менинг отамни ҳақорат қилгансан", деб ўзаро жанжаллашиб қолади. Жанжал давомида акаси А.Т. билан бир гуруҳ бўлиб, унинг юз соҳаси жағ қисмига оёқлари билан тепади. Ака-ука Р.С.ни ерга йиқитиб, акаси жабрланувчи Р.С.нинг юз-жағ соҳасига муштлаб уришига шароит яратиб бериб, биргаликда қасддан уриб, унга "ўртача оғирликда"ги шикаст етказганлар.
Дарҳақиқат, жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар бир киши қилган жинояти учун ўз жазосини олиши муқаррар. Бугунги кунда судда унга нисбатан енгиллик берилишини, қилган ишидан минг пушаймон эканлигини билдириб баёнот берган судланувчилар содир этган жиноятлари учун ўз жазосини олишди. 
Судланувчи Жасурбек Рашидовга Ўзбекистон Республикаси ЖК 105-моддасининг 1-қисми билан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Судланувчи Тўлқин Абдурашидовга Ўзбекистон Республикаси ЖК 105-моддаси 2-қисмининг "и" банди билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
И.ДОНИЁРОВ,
              жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.