Оилавий зўравонлик учун жавобгарлик

Конституциямизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги мустаҳкамланган.
Маълумки, юртимизда оилавий зўравонликка қарши кураш ва уни олдини олиш мақсадида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилиниб, 2019 йил 3 сентябрдан кучга кирган. 
Мазкур қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун келтирилган таърифга биноан, зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).
Суд амалиётидан зўравонликни бир кўриниши яъни, баданга шикаст етказиш ҳақидаги мисол келтирсак. 
Туманда истиқомат қилувчи Ш. исмли шахс турмуш ўртоғи Гулноза билан жанжаллашиш оқибатида унинг бош соҳасига кетмон билан уриб, танасини турли соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб-тепиб оғир тан жароҳати етказган, натижада 2021 йил 20 май куни Гулноза олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Суд томонидан мазкур иш кўриб чиқилиб Ш. Исмли шахсга қонун санкцияси доирасида жазо тайинланди.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, қасддан баданга шикаст етказиш деганда, инсон органлари ёки организми тўқималари анатомик тўкислиги ёки улар физиологик функциясининг ташқи таъсир оқибатида бузилиши тушунилади. 
Бундай  ҳаракатнинг хусусияти ва оғирлик даражасини аниқлаш, одатда, тиббиёт органлари ваколатига тааллуқли бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган. 
Баданга етказилган шикастнинг оғирлигини суд-тиббий йўсинда белгилаш орқали амалга оширилади. Шу боис баданга шикаст етказилган ҳар бир ҳолатда  суд-тиббиёт экспертизаси тайинланади.
Табиийки савол туғилади, юқорида кўрсатилган зўравонликни оғир аломатлари аниқланган тақдирда жавобгарлик мавжудми? Албатта мавжуд, амалдаги Жиноят кодексида қасддан одам ўлдирганлик учун 
 (97-модда) ўн йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун (103-модда) уч йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.
Шунингдек, оилавий зўравонлик ҳолатлари аниқланганда суд амалиётида фуқаролар томонидан содир этилиши эҳтимоли кўп учрайдиган қасддан баданга оғир (104-модда), ўртача оғир (105-модда) ёки енгил (109-модда) шикаст етказиш, қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), жиноий равишда ҳомила тушириш (аборт) (114-модда), хавф остида қолдириш (117-модда), номусга тегиш (118-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-123-моддалар), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда) каби қилмиш содир этган шахс Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилади.
И.А.Дониёров
Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг раиси