МИЁНҚОЛ АДАБИЙ МУҲИТИНИНГ ЙИРИК НАМОЁНДАЛАРИ

1827-1900 йилларда яшаб ижод қилган қардош қорақалпоқ халқ шоири Бердақ (Бердимурод Қарғабой ўғли) қорақалпоқ халқининг қаҳрамони (Миёнқол ҳудудида яшаган) Омонгелдига бағишланган шеърида Миёнқолни тилга олади. Сўнгги ўрта асрларда Зарафшон водийсига кўчиб келган қорақалпоқлар билан Оролбўйи қорақалпоқлари орасида ХХ асрнинг ўрталаригача мустаҳкам алоқа бўлган. Халқ қаҳрамони Омонгелдининг Миёнқолдаги сиёсий жараёнларда иштироки ва уни тўқсоба (Бухоро амирлигида муҳим шахс, ҳарбий амалдор, бу лавозимга битта туман ҳокимлиги ва мироблиги ҳам берилган) даражасига кўтарилганлигини шоир Бердақ ўз шеърида қуйидагича баён қилади.
Омонгелди юрт оғаси,
Миёнқулнинг тўқсобаси,
Мирза Пўлатдир бобоси,
Оти чиққан Омонгелди.
Ҳасан оталиқ бўлганда,
Миёнқулни сўраганда,
Уни душман ўлдирганда -
Хунин олган Омонгелди.
Миёнқуллик - Ҳасан шунда,
Неча душман бўлди унда,
Кўп кулдовли Туркистонда,
Шунга борган Омонгелди.
Шу ўринда Миёнқол адабий муҳитида ўчмас из қолдирган Эшонхўжа Мириноятулло ўғли - адабий тахаллуси Вола бўлган шоир бобомиз тўғрисида қисқача тўхталамиз. У 1770-1842 йилларда яшаб ижод қилган. Ҳалқ орасида "Эшони Вола" номи билан маш-ҳур бўлган ўзбек, форс тилларида иккита девон тартиб берган, афсуски улар турли сабабларга кўра йўқолган. Шунга қарамай, унинг турли баёзларга кирган 3000 мисрадан ортиқ шеърлари бизгача етиб келган. "Бозоргоний" номли машҳур мумтоз қўшиқ (Хожа Абдулазиз Абдурасулов мусиқаси) мухаммаси бобомиз Вола қаламига мансубдир.
ХVIII аср охирлари ва ХIХ асрнинг 70 йиллари оралиғида Янгиқўрғон шаҳрида Вола исмли зуллисонайн шоир яшаб ўтган. Вола замонасининг таниқли шоирларидан биридир. Эшонхўжаи аъмо (ожиз эшонхўжа), халқ таъбири билан айтганда, Эшони Вола Янгиқўрғон шаҳрида қози Мириноятуллахўжа оиласида дунёга келади. У туғма кўр бўлса-да, фавқулодда кучли ақл, хотира, қобилият ва ёқимли овоз соҳиби бўлган. Шоир ўзбек ва тожик тилида икки девон тузган бўлса-да, улар хозиргача топилган эмас.
Воланинг отаси адабиётга ниҳоятда ихлосманд бўлиб, унинг катта кутубхонаси бўлган. Вола хақида Возеҳнинг "Туҳфат ул-ахбоби-фи тазкират ул-азхоб" тазкирасида маълумотлар берилган. Воланинг ҳозирча фақат 3000 мисрадан ортиқ ғазалиёти бизгача етиб келган. Вола ўз асарларидан ташқари бир неча шоирларнинг ғазалларига мухаммаслар ҳам ёзган бўлиб, қуйида улардан баъзи бирларини келтириб ўтамиз.
ўазалларидан парча:
Ёшурмиш оразин ул ой ниқоби
мушкфом ичра,
Ниҳон бўлғон киби кўздин қуёш
рухсори шом ичра,
Жаҳон боғида умредурки, бир
гул васлини истаб,
Қилурмиш Вола булбулдек наволар
ҳар мақом ичра.
Бу борада яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчимиз. Миёнқол адабий муҳитининг мазмунан турли жанрларда нисбатан эртароқ ривож топишида Ҳиротда таваллуд топган машҳур дин пешвоси ва буюк фалсафий шоир Абдулло Ансорий бобомизнинг ҳам Янгиқўрғонга келиб бу ерда маълум муддат яшаб, ўзининг пурҳикмат шеърлари ва маънавий пир сифатидаги хизматларини алоҳида ўрни ва аҳамияти катта.
Ўзининг узоқ йиллик илмий изланишлари натижасида машҳур адабиётшунос олим академик Б.Валихўжаев манбаларда Миёнқолий нисбатини қабул қилган аммо ҳаёти ва фаолияти ҳали атрофлича ўрганилмаган юзлаб ижодкорлар - Завқий, Собит, Қурайший, Нозимий, Мино, Жонмуҳаммад Жоний, Абдушукр ибн мулло поянда Нажжор, Муҳаммад Худойқул, Мирзо Юсуф номлари қайд этилган. Агар буларнинг ижодий фаолияти ёритилса, унда Миёнқол илмий ва адабий муҳити ҳамда Миёнқолда вояга етиб, Афғонистон, Ҳиндистон ва бошқа ўлкаларга бориб, ажойиб асарлар яратиб шуҳрат топган аждодларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиб, уларнинг Марказий Осиё халқлари маданий ва маънавий ҳаётида тутган мавқеларидан тўла хабардор бўлар эдик деб, маълумот беради.
Миёнқол адабий муҳитида Дахбед мавзеси ва Аъзамийлар шажарасининг ўрни беқиёс. Хожа Аҳмад Косоний - Махдуми Аъзам Даҳбедий ХV асрнинг иккинчи ярми ва ХVI асрнинг биринчи ярмида нақшбандия тариқатининг улуғ номоёндаси бўлиш билан бирга асосан насрда битилган "Мажмуот ул рисоил"(Рисолалар тўплами) асарида баъзан ўз байтларини ҳам жойлаштирганлиги, "Бобурия", "Форсий ўн икки рубоиёт шарҳи" рисолаларини битганлигини, фарзанди Аминий Даҳбедий, набираси Хожа Ҳошими Даҳбедий назмда баракали ижод қилишганлиги маълум. Тарихчи К.Каттаев Даҳбед даҳмасида шоир Амир Муҳаммад Файзи Косоний (1498 -1598) дафн этилгани, аъзамийлар сулоласидан Каттахонхўжа Даҳбедий (1873-1969) собиқ шўро давридаги тайзиқларга қарамай қизғин илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланганлигини таъкидлайди. Маҳдуми Аъзам тасаввуф назарияси ва амалиёти, хусусан, нақшбандийлик таълимотини ривожлантирди. Унинг 30 дан ортиқ рисоласи бор. ХVI-ХVIII асрлар адабий ҳаёти ва илм-фани ривожида Маҳдуми Аъзамнинг авлоддари Даҳбедий хожалар томонидан ёзилган асарлар ҳам диққатга сазовордир. Хусусан, 1617 йилда ёзилган "Жомеъ ал-мақомот" асарининг муаллифи Абулбақо ибн Баҳовуддин ибн Махдуми Аъзам бўлиб, бу асар Ўрта Осиёда ХVI асрнинг биринчи ярмидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, биографик ва географик тарихига оид кўплаб муҳим маълумотларни беради.
Махдуми Аъзамнинг авлодларидан тасаввуфнинг яна бир машхур назариётчи олими Мусохонхожа Даҳбедий бўлиб, у Нақшбандия силсила сулукининг олий раҳбарлари ичида энг охирги "Қутб ал-актоб" (қутблар қутби) ҳисобланади. Ул зот тасаввуф соҳасида кўп асарлар ёзган алломалардан биридир. Мусохонхожа Даҳбедий дастлабки таҳсилни Самарқанддаги Тиллакори мадрасасида олган. Мусохонхожа Даҳбедийдан мерос бўлиб қолган кўплаб асарлар, асосан, тасаввуф тарихи ва унинг масалаларига бағишланган бўлиб, уларда маърифат, ҳақиқат каби суфиёна истилоҳларни таҳлил қилишга эътибор қаратилган. Ул зотнинг илмий-фалсафий асарлар яратиши, тасаввуфий тушунчаларни шарҳлаши Ўрта Осиёда илм-фан ривожига ҳисса қўшган.
Сўнгги ўрта асрларда яшаб ижод этган шоирларидан бири Бобораҳим Машраб 1668-1672-йиллар орасида ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикис-тон ҳудудларидаги азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилиш билан бирга, шу ўлкалардан ўзларига муносиб бир пири комилни излайдилар. Самарқандда туриб, бирмунча вақт Офок хожанинг Даҳбеддаги қариндошлари хонадонида хизмат қилганликларини ўз шеърларида акс эттирган.
Бобораҳим Машрабнинг Даҳбедда маълум бир вақт истиқомат қилганлиги ва Махдуми Аъзамни ўзининг пири ҳисоблаганлиги унинг шеърларида акс эттирилади.
Юқоридаги мавзуларда Даҳбед ва унинг атрофларида яшаб келган қатағон қабиласи вакилларининг Кулоб ва Бадахшон ҳудудларига кўчиб кетганлигини айтиб ўтган эдик. Таниқли олим З.Иззатуллаевнинг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда ҳам ўша ҳудудларда асли келиб чиқиши ҳозирги Оқдарё туманининг Даҳбед мавзеидан бўлган Тожикистон ҳалқ шоири Мирзо Турсунзода асли аждодлари даҳбедлик эканлигини ўз шеърларининг бирида "Ман аслиям Даҳбедиям" деб айтиб ўтган. Қўшни Афғонистонда ҳам ўнлаб қишлоқлар аҳолиси шу халқнинг авлодларидир. Афғонистонда асли келиб чиқиши даҳбедлик бўлган машҳур хонанда Аҳмад Зоир каби кишилар етишиб чиқди. Хулоса шуки, юқорида номлари тилга олинган, Миёнқолдан етишиб чиққан олиму фозиллар, шоирлару санъаткорлар асрлар давомида илмий-маданий ҳаётда маълум из қолдириб, тарих саҳифаларидан ўзларига муносиб ўрин эгаллаганлар.
Миёнқол адабий муҳитини кейинги давр вакиллари сифатида ҳам кўплаб ижодкорларни тилга олиш мумкин. Жумладан, Ўзбекистонда биринчи бўлиб, ўзбек ҳалқ топишмоқларини тўплаб, 1932 йилда болалар учун китоб ҳолида чоп эттирган Исмоил Орипов, "Меҳрим ашъорларимда, "Дил наволари", Муножот", "Дил ёлқинлари", "Жанггоҳ хотиралари" каби шеърий тўпламлар муаллифи Раҳмонберди Облоқулов, узоқ йиллар вилоят "Зарафшон " газетасида масъул лавозимларда фаолият кўрсатган, "Субҳидам", "Товушлар ва ранглар" номли шеърий тўпламлар муаллифи Суръат Орипов, бугунги кунда республикамиздаги нуфузли нашрлардан бири бўлган "Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги" ва «Агро илм» журналларининг бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатаётган, "Мутойиба", "Соғинч ҳислари" каби турли жанрлардаги тўпламлар муаллифи Тоҳир Долиев, "Маърифат нури" газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб, "Оқдарё мавжлари" ва бошқа бир қатор турли жанрдаги ижод намуналарини яратган Ойсанам Тўрақулова, ҳозирда "Оқдарё овози" газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият юритаётган, уч қисмдан иборат "Оқдарё фарзандлари", "Оқдарё баёзи" каби рисолалар муаллифи Йулчи Муҳаммадиев, туманимиздаги қадимий "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳини туристик марказга айлантириш ишларининг ташаббускори, кўплаб назмий ва насрий асарлар муаллифи, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаб келаётган "Оқдарё овози" газетаси қошидаги "Навниҳол" ижодий тўгараги раҳбари Ойгул Маматова, ёш ижодкорларимиздан Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев ҳамда қайноқ ижодий фаолият юритиб, ижобий натижаларга эришаётган кўплаб ижодкорларимизнинг номларини ҳам фахр билан тилга оламиз.
Нодир Мирзаев,
4-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси,шу мактабнинг
ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.
Мавзуга оид:

Хотира муқаддас
- 22 мар, 01:37

Янги лавозим ижодкорлар учун.
- 28 янв, 15:38

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22