ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Малик Асланов  ғаразли ниятда ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2020 йилнинг 16 февраль куни соат 3. лар чамасида Нарпай тумани, “Саловат” маҳалласида яшовчи фуқаро О.К.нинг яшаш уйига ғайриқонуний равишда киради. У ушбу уйнинг дарвозадан кирилганида чап томонда турган музлатгич ичидан 2 килограмм гўшт маҳсулоти ва ушбу хонадоннинг дарвоза айвонида турган О.К.га тегишли бўлган “Жентра” русумли автомашинанинг эшиклари очиқлигидан фойдаланиб, унинг ичидан баҳоси 100.000 сўмлик бир дона эркаклар қўл соати ва баҳоси 15.000 сўмлик бир дона юзга суртадиган крем (послебритва), жами бўлиб 207.000 сўмлик буюмларни яширин равишда талон-торож қилиб, қўлга киритган вақтида хонадон эгалари О.К. ва М.Т.лар томонидан ушланди ва Нарпай туман ИИБ ходимларига хабар қилинади.

Бундан ташқари, М.Асланов ўзгалар мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2020 йил 28 март кунидан 29 кунига ўтар кечаси, Нарпай тумани, “Оқтош” шаҳарчаси, “А.Темур” кўчасида яшовчи фуқаро А.Н.нинг ҳовлиси дарвозасининг ташқи томонида турган автомашинасининг олд ўнг ён эшигини очиб автомашина салони ичида бўлган баҳоси 120.000 сўмлик спорт кийими (спортивка), бир дона баҳоси 20.000 сўмлик автомашина ўриндиғининг чехоли, 800.000 сўмлик бир жуфт автомашина калонкаси ва 1.000.000 сўмлик овоз кучайтирувчи усилителини жами 1.940.000 сўмлик нарса буюмларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

Шунингдек, судланувчи М.Асланов ғаразли ва бошқа паст ниятларда, ўзининг жиноий фаолиятини давом эттириб ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2020 йил 28 март кунидан 29 кунига ўтар кечаси Нарпай тумани, “Оқтош” шаҳарчасида жойлашган “Зирабулоқ” темирйўл бекатида М.О.га тегишли бўлган “Нексия-2” русумли машинасининг орқа ўнг ён ойнасини синдириб шу йўл билан автомашинанинг эшигини очиб, автомашина салони ичида бўлган 3.000.000 сўм миқдоридаги  пулларини, салон орқа қисмини кўрсатувчи ойнасини, дорилар солинган қутича, ўт ўчиргич билан биргаликда, бир дона автомашина юкхонасида бўлган захира ғилдираги ва бир дона қора рангли қишки бош кийимларини жами 3.540.000 сўмлик нарса буюмларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, судланувчи М.Асланов ғаразли ва бошқа паст ниятларда, жиноий фаолиятини давом эттириб, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2020 йил 28 март кунидан 29 кунига ўтар кечаси Нарпай тумани, “Оқтош” шаҳарчаси, “А.Навоий” маҳалласи ҳудудида жойлашган автотураргоҳда бўлган Қ.Б.га тегишли бўлган “Матиз” русумли автомаши-насининг олд иккала ён ойналарини синдириш йўли билан очиб, автомашина салонидан бир дона баҳоси 30.000 сўмлик телефон қувватлагич, бир дона баҳоси 170.000 сўмлик автомашинани калит (очгич)лар жамланмаси, жами 400.000 сўмлик нарса буюмларини яширин равишда талон-торож қилиб воқеа жойидан яширинган.

Судланувчи Малик Асланов (исми-фамилияси ўзгартирилган) 1985 йилда туғилган, Нарпай тумани “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди,  оиласиз, вақтинча ишсиз. Муқаддам такрор-такрор жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган бўлишига қарамасдан яна такрорий равишда жиноятга қўл урди. У ўз тенгдошлари сингари жамиятда ўз ўрнини топиш, ўз олдига мақсад қўйиб, шу мақсад сари интилиб яшаш ўрнига ҳаёти давомида қайта-қайта ўғирликлар қилиб, қайта-қайта қора курсига ўтиришига қарамасдан, боши берк кўчадан чиқиб кета олмади. Ёш умрини беҳуда ўтказиб, навқирон йигитлик даврини ғаразли ва  ўзгалар мулкини ўғирлаш, талон-торож қилишдек паст ниятлар билан ўтказишни ўзига мақсад қилиб олди. 

Судланувчи Малик Асланов ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишга суиқасд қилиш ва такроран ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланган жиноий хатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавобгарликка тортилди.

Судланувчи Малик Аслановга Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддасига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 60, 61-моддаларига асосан жиноят ишлари бўйича Нарпай туман судининг 2020 йил 11 февралдаги ҳукми билан тайинланган жазони ўталмасдан қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан ҳукмлар мажмуи бўйича узил-кесил ўташлик учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б.Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича 

вилоят судининг судьяси. 

Мавзуга оид: