"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида

Оқдарё туманининг "Обод маҳалла - обод кўча - обод хонадон" дастури асосида кенг кўламли ободонлаштириш табири олиб борилаётган Янгиқўрғон маҳалласида яқинда кенг жамоатчилик иштирокида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида семинар ташкил этилди. 

"Кузги кўчат экиш мавсуми" тадбири олдидан семинар иштирокчиларига муҳим тавсиялар берилиб, маҳаллада жойлашган маданият маркази атрофидаги бўш майдонга манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Шунингдек, семинарнинг узвий давоми сифатида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ташкилотчилигида Пичоқчи маҳалласида жойлашган 30-умумтаълим мактабида ҳам кўчат экиш ҳашар ишлари бошлаб юборилди.

- "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси бугунги кунда республикамиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда, - дейди 30-умумтаълим мактаби директори Абдураҳмон Асроров.-  Жумладан, туманимизда ҳам ушбу лойиҳани амалга ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. "Яшил макон" умуммиллий дастурини амалга оширишдан мақсад, фойдаланилмай ётган бўш ерлар ва ҳудудларни ободонлаштириш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод масканга айлантиришдан иборатдир. 

Шундай экан, бугунги умумхалқ ҳашари давомида мактабимиз жамоаси ҳам фаол иштирок этишиб, мактабимиз ҳудудига 60 туп арча, 60 туп сосна, шунингдек, ўрик, гилос сингари мевали дарахт кўчатлари экишди. Бу эса биз педагогларнинг нафақат,  таълим муассасамизнинг, балки, қишлоғимизнинг, маҳалламизнинг обод ва намунали маскан бўлишига қўшган муносиб ҳиссамиздир.

Шунингдек, туман ММТБга қарашли 51-умумтаълим мактабида ҳам "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳашар ташкил этилди.

"Кузги кўчат экиш мавсуми" ҳашарида мактаб атрофидаги бўш майдонга 70 туп ҳар хил турдаги мевали дарахт кўчатлари экилди.

Шунингдек, 31-умумий ўрта таълим мактаби ишчи ва педагог ходимлари, туман прокурори А.Вахабов ҳамда маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан мактаб ва Карки қишлоғидаги фуқаролар хонадони, йўл ёқаларига яшил боғлар яратиш ишлари олиб борилди. Кўчат экиш акцияси доирасида мактабнинг очиқ майдонига 100 туп ёнғоқ дарахти, фуқаролар хонадонларига 200 тупдан зиёд гилос кўчатлари экилди.                                            

Ўз мухбиримиз.