Фидоий инсонлар



ҒАЙРАТИ ДАРЁЧА БОР

Орамизда яшаётган, биз билан замондош шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаёти, орзулари, мақсад ҳамда дунёқарашлари бошқалардан фарқли, умр йўллари юртдошларининг бахти, тақдири ҳамда  ватан равнақи билан ҳамоҳангдир. Улар – фидойи инсонлар. Дарҳақиқат, ватани учун қилган меҳнатини манфаат учун эмас, бурчи деб билган, қишлоқдоши, тумандошлари ҳаётини яхшилаш, муаммоларини ҳал қилиш ҳамда  обод этиш  учун бажарган  беминнат хизматларини Аллоҳ розилиги йўлида савоб иш деб атаган отахонларимиздан бири Бердирасул ота Яқубов ушбу йилда муборак 70 ёшини нишонладилар. 

Бердирасул ота тиниб-тинчимайдиган, бошлаган ишини тугатмасдан қўймайдиган,  қисқа ва лўнда қилиб айтганда,  бир сўзли инсон. Хоҳ, давлат ташкилотларида бўлсин, ёхуд, жамоатчилик асосидаги топшириқларми, қатъий назар, зиммасига олган вазифасини сидқидилдан ўз вақтида бажаришга эришадиган шахс.  Отахон 1950 йилда туманимизнинг Найман қишлоғида таваллуд топган. 1964 йилда механизация техникумини битириб, 1980 йилда ўрта махсус маълумотли мутахассис сифатида инженер-техник ихтисоси бўйича меҳнат фаолиятини эксковаторчилик касби билан бошлади. Кейинги йилларда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш механиги, Халқаро қизил хоч қизил ярим ой жамияти директори, улгуржи савдо ташкилотининг раиси лавозимларида меҳнат қилди. 

- Бобонгиз кексалик нафақасига чиққанларидан сўнг ҳам бирор кун уйда дам олганлари йўқ, жамоатчилик  ишига, ҳашарга, маҳалланинг юмушлари, тўй-маърака, туман фахрийлар кенгаши, йўлни таъмирлаш ва ҳокозалар деб, ҳар куни, худди, раҳбар одамдек соатига қараб ишга бориб келадилар, – дейди отахоннинг умр йўлдоши Ойжамол она ҳазилона фахрланиб.  

- Маҳалламизда қандай ижобий ўзгаришлар бўлса, Бердирасул ака бош-қош. Барака топсин-лар, халқимизнинг олқишини олиб, жуда кўп савоб ишларни амалга оширдилар, - дейди “Темирак” ма-ҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Мансур Тошев. - Қишлоғимизнинг йўлларига тош тўшаб, асфальт ётқизиш отанинг та-шаббуси билан бажарилган. Нафақат, бизнинг маҳалламиз, дарҳақиқат, атрофимиздаги барча қишлоқ ва гузарларнинг йўлларини, кўприкларини таъмирлашда ҳам Бердирасул бобо бош ташкилотчи бўлдилар. Муллахўжа қишлоғининг йўли, қабристонга борадиган кўчаларимиз таъмирланиб, асфальтланди. Қабристоннинг кириш жойида гуллар, манзарали дарахтлар экилиши, Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига бағишланган хотира майдончасининг ташкил этилиши ҳам отахоннинг ташаббуси билан бажарилди.

Бердирасул бобони туман раҳбарлари жуда яхши танийди ва ҳурмат қилади, нафақат, туман раҳбарлари, қолаверса, вилоят, республикамиздаги, яъни, отахонимизнинг иши тушган ташкилот раҳбарлари бобонинг илтимосини рад этолмайдилар, чунки отахон ҳеч қачон ўз шахсий манфаати учун раҳбарларнинг эшигини  қоқмаган, фақат, халқи учун, қишлоғидаги, туманимиздаги муаммоларнинг ечими учун, аҳолининг фаровон турмуши учун зарур бўлган таклифлар билан тегишли раҳбарларнинг қабулларига такрор-такрор бораверадилар. Баъзан отахонга “Муаммоларни кўтариб чиқаверсангиз, танқид қилиб, талаб этаверсангиз, катталарга ёқмай қолишдан истиҳола қилмайсизми? ” деган савол берамиз. “Тўғри гап, раҳбарларга ёқмасам нима қилай, халқимизга маъқул иш бўлса бўлди-да”,- дейдилар жавобни қисқа қилиб.  

Яқинда Республика йўл қурилиши вазирлигидан келган вакил отахонга қараб: “Сиздек қатъиятли, елиб-югуришдан чарчамайдиган инсонни биринчи бор кўришим, раҳмат, отахон! ” дедилар-да, мурожаатларини қабул қилдилар. 

Битта топшириқ билан  туманимизнинг ўртасидан  ўтган “Буюк ипак йўли” М–37 марказий кўчасининг Тортувли йўналишидан бошлаб, Найман ва  Бурганли қишлоқлари орасидаги йўл 2021 йил дастурига киритилди. Дастурга киритилдими, демак, албатта бажарилади.  Одамларимизнинг хурсанд-лигини кўрсангиз, дейди отахон яйраб.

Бердирасул бобо кексалик гаштини суриб соғ-саломат, оиласи, олти нафар фарзанди ва набираларининг ардоғида яшаб келаётганидан Аллоҳга шукроналар айтиб, элнинг назарида яшаб келмоқдалар. Ҳозирги кунда Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси раисининг ўринбосари вазифасида ишлаб, туманимиздаги тарихий обидалар, зиёратгоҳларни ободонлаштириш ишларига баракали ҳисса қўшмоқда. “Темирак” ва бошқа қабристонлардаги қадимий қабртошлар, тепалик ёдгорликларни ўрганиш, “Тоҳир ва Зуҳра” қабристонини ободонлаштириш, зиёратгоҳга айлантириш ишлари билан банд. ўтган йилда “Қўтирбулоқ” шифобахш зиёратгоҳини ободонлаштириш, қурилиш ишларини амалга оширишда бош бўлдилар. “Тоҳир ва Зуҳра” зиёратгоҳига борувчи 1 км йўлга тош тўшаб, таъмирлаш ишларини амалга оширдилар ва келгуси янги йилимизда ҳам жуда кўп хайрли ишларни режалаштирганлар.

Биз юксак эҳтиром ила Бердирасул ота Яқубовни муборак 70 ёшлик тўйлари билан самимий қутлаймиз. Туманимиз халқининг фидойи фарзандлари  қатори-да отахонга сермазмун умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ёр бўлсин. Ҳар бир саховатли қадамига элнинг назари, олқиши мададкор бўлсин!    


Ойгул Маматова.


Мавзуга оид:
Тадбирлар

Тадбирлар

  • 27 ноя, 11:51