Бугуннинг гапи Опен бюджетга овоз йиғиш осонми?

   Ижтимоий тармоқлар бугунги кунда инсонларнинг кундалик турмуш ҳаётидан муносиб ўрин эгаллаганлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Айрим кишиларга эътибор берсангиз, йўлда ҳам, транспортда ҳам, овқатланишда ҳам, ишда ҳам қўлидан телефони тушмайди: ўзига ўзи биров билан бақириб гаплашиб кетаётган, ўзидан ўзи кулаётган одамларни кўриб ҳайрон қоласан киши. Энг қизиғи шундаки, оила даврасида ўтирганда ёки меҳмондорчиликка борганда ҳам одамларнинг фикри-зикри қўл телефонида. Оила даврасидаги суҳбатларда ҳам ўзларининг ташвиши қолиб, ҳар куни ижтимоий тармоқлардаги воқеа-ҳодисалар ҳақида муҳокамалар давом этади.
  “Опен бюджет” мавзуси бугунги кунда ижтимоий тармоқлардан энг кўп ўрин эгаллаган ва турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган мавзулардан бири ҳисобланади. Яқинда иш юзасидан тумандаги мактабларнинг бирига борар эканман, дарвозанинг кириш қисмида туриб олган мактаб директори салом-аликдан сўнг шошиб-пишиб менга шундай деди:
  -   “Опажон, илтимос сиздан ўзингиз ва контактингиздаги 10-15 нафар таниш-билишларингизни ҳам қўшиб, мактабимиз учун овоз беринг. Бугун-эрта етарли даражада овоз йиғмасак, Опен бюджетдан қуруқ қоламиз. Мактабимиз биноси анча эскирган, таъмирталаб аҳволга келиб қолган бўлса, уни таъмирлаш учун маблағни бошқа қаердан ҳам оламиз. Маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар мактабга қишин-ёзин текширишга келади. Юқори ташкилотларнинг дашномларини эшитамиз холос. Амалий ёрдам берадиган ҳомий ташкилотларни топиш эса амри маҳол. Шундай экан, нима бўлса ҳам қишлоқма-қишлоқ юриб бўлсада, ўқувчиларнинг ота-оналари борми, қариндош-уруғи борми овоз йиғишга мажбурмиз”...
  - Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ҳамда қишлоқ аҳли берган овоз сизларга етарли эмасми? Унинг устига мактаб биноси таъмирталаб аҳволга келиб қолган бўлса, -дедим менга умид билан қараётган директорга.
   - Қани эди ҳаммаси сиз айтгандек бўлса. Бошқа мактаблар ўзлари қолиб, қўшни туман ва вилоятларга ҳам бориб, керак бўлса, одамларга пул бериб кўпроқ овоз йиғиб юрган эмиш…
  Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда опен бюджетга овоз йиғиш учун жалб қилинган ўқитувчиларнинг кўчама-кўча юриб овоз тўплашаётганлиги, дарсдан чиқарилиб, маблағ олиб келиш учун уйига жўнатилган ўқувчилар ҳақидаги шов-шувларга қарамасдан, бу ҳолат республикамизнинг барча вилоят ва туманларида ҳамон давом этаётганлигини кўриб ҳайрон қоласан киши. Мактаб директорининг гапларини эшитиб, кулишни ҳам, куюшни ҳам билолмай қолган эдим. Туман марказидаги дўконларнинг яқинида туриб: “Бир овозга 10 минг сўм”, дея атрофига одам чақириб, уларни “опен бюджет”га овоз беришга даъват этаётган одамларни кўриб, уларга савол назари билан қараган эдик: 
   - Биз ўзимизнинг туманимиздаги мактабларимизнинг ремонти учун маблағ ютиб олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бошқа туманлардан келиб, 1 та кола бериб, овоз йиғаётган кишиларга нима дейсиз...
   Дарҳақиқат, бозорга кираверишда бир гала одамларни тўплаб, 1 та овоз учун 1 та кола бериб овоз йиғаётган одамларни ҳам кўрдик. Улар негадир ўзларини танитишни хоҳлашмади. Лекин, бизнинг тумандошлар 1 та кола олиш учун навбат кутиб туришар эди. Худди шу ҳолатни бозор ичкарисида ҳам учратдик. Не ажабки, 1 та кола учун ёки 10 минг сўм учун билиб-билмай, тўғридан тўғри овоз бераётган, ўзи қолиб, оила-аъзолари, қариндош-уруғларини телефон рақамига ҳам код жўнатаётган кишиларга нима дейсиз?
Айб овоз бераётган ўнлаб, юзлаб кишилардами ёки, одамларга пул тарқатиб бўлсада овоз йиғишга ҳаракат қилаётган “уддабуронлар” дами ёки бўлмаса, уйма-уй, қишлоқма-қишлоқ юриб, динкаси қуриётган ўқитувчилардами? Ёки шунча инсонларни сарсон-саргардон қилиб қўйган “опен бюджет”дами? Назаримда ушбу саволларга жавоб бериш қанчалик мушкул бўлса, “Опен бюджет”га овоз йиғиб, мактаби, боғчасининг ремонти учун ёки бошқа бир мақсадларда овоз тўплаётган одамларга ҳам осон эмас. Бундан кўринадики, қайси йўллар билан бўлсада, кўп овоз тўплаганлар ўз мақсадига эришиб, етарли овоз тўпламаган, лекин аҳволи ночор мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ёки бошқа ташкилотлар икки қўлини оғзига тиқиб, “опен бюджет” дан қуруқ қолар экан-да. Ахир бу адолатли қарор эмас-ку!?

                                          Гулсара ТИНИБЕКОВА,

                                                                      Журналист.