ТИНЧЛИК - ОЛИЙ НЕЪМАТ

Тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрида бўлишлигини ифода этади. Оилада тинч-лик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам бўлади. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.

Дарҳақиқат, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади. Айтишларича, нотинчлик, уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган. Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашликда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: "Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур" (Исро, 83) деб, тинчлик-осо-йишталик тўғрисида марҳамат қилади. Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: "Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!" (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.

Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра, биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз. Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, "Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир" (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. 

Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири "Ас-Салом"дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: "У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", дейди (Қадр, 5). Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта бўлиши билан бир қаторда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан ҳис этади. Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир.

Инсон қўлидаги неъматларга шукур қилар экан, неъматлар зиёда бўлишига гувоҳ бўлади. Нолиш, инкор қилиш ила қўлидаги неъмат ҳам йўқ бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига мислсиз неъматларни ином этди. Фақатгина бир талаб, ана шу неъматларга шукр қилишни талаб этди. Минг афсуски, бугунги шундай тўкин-сочинли кунларда ҳам кўпгина ёру-биродарларимизни ношукрлик қилиб нолиётганликларига гувоҳ бўламиз. Ахир, етти мучали соғ одам бугун ҳамёнида маблағи йўқ бўлса, шунга нолиши керакми энди? Бориб, шифохоналарда қўл-оёғи йўқ ёки хасталаниб, ажалини кутиб ётган беморларни кўрсинларда қандай буюк неъмат соҳиби эканликларини ҳис қилсинлар. Уй-жойлари эскириб қолганига нолиётганлар эса, уй-жойсиз, ижарами-ижара ёки олисда Ватангадо бўлиб юрганларни кўрсинлар. Зеро, неъматлар ниҳоятда кўп, энг буюк неъмат - иймон, илм неъматларидир. 

Шуни ёдда тутишимиз зарурки, иймоннинг нури зиёда бўлиши, илм-маърифатнинг зиёда бўлиши учун яна бир неъмат бор. Биласизми бу нима? Ҳаловат неъмати...  

Банда ибодат қилаётганда ҳаловатни ҳис қилар экан иймонининг нури зиёда бўлиб бораверади. Илм ўқиётган ҳаловат, лаззат ва муҳаббат билан ўқир  экан, билингки, энди унинг ана шу илмга бўлган рағбати ошиб бораверади. 

Хўш, биз ҳаловатга нима билан етамиз? Тинчлик билан, офият билан. Шунинг учун бугун тинчликни қадрига етайлик! Инсон қачон бой бўлади биласизми?  Қаноатли,   шукрли банда ҳақиқий бой ҳисобланади. Қаноат ила бой бўлиш - бор-йўғига кўнмоқ билан бўлади. Шукрнинг қаноатдан ҳам афзаллик жиҳати бор. Шукр неъматнинг борига хурсанд бўлиш, қолаверса, неъматнинг зиёда бўлишига сабабчи омилдир. Ҳар қандай неъмат шукр билан зиёда, шикоят билан нуқсонли бўлади.

Аллоҳ бизга берганига шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Банда икки қоидани билиб олиши керак, яъни бир инсонга икки қанот керак, биласизми у нима? Бири шукр, иккинчиси сабрдир. Масалан: машаққат устида сабр қилиб, борига шукр қилсак, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ила енгилликни ато қилади. Енгилликда ҳам шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Бизнинг ҳамёнимиз сабр ва шукр бўлсин. Аллоҳ таоло тинчлик неъматини берди дегани энди бу неъматга шукр қилиш керак дегани. Акс ҳолда Аллоҳ таоло бу неъматларни бизлардан олиб қўйиши мумкин. Тинчлик неъмати бўлса, ибодатимиз ҳаловатли, ҳаётимиз фаровон, келажагимиз порлоқ бўлади.

 Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор, юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин! 

 Шаҳло ҲАКИМОВА,

               туман бош отинойиси. 

Мавзуга оид: