9 февраль - буюк ўзбек шоири, мутафаккир Алишер Навоий таваллуд топган кун

ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ АСОСЧИСИ, ШЕЪРИЯТ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИ
Алишер Навоий - буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби. Асл исми Низомиддин Мир Алишер бўлиб, 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда таваллуд топган. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси ўиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан бўлиб, мамлакатни идора этишда иштирок этган.
Онаси (исми номаълум) Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукм-ронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан, бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. 
Алишер Навоий шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид - Қобулий, Муҳаммад Али - ўарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар. Алишер Навоий 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:
“Оразин ёпқоч, кўзумдан 
          сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур 
юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш” матлаъли ғазалини тинглаб: "Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим..." деган.
Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган. Алишер Навоий 13-14 ёшларида отаси ҳаётдан кўз юмади.  Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги дастлабки йирик асарларидан "Ҳилолия" қасидаси Султон Ҳусайн Бой-қарога бағишланган бўлса, форсий тилдаги биринчи йирик асари "Туҳфат ул-афкор" (1476) қасидаси Жомийга бағишланган эди. 1470-йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони - "Бадоеъ ул-бидоя" ("Бадиийлик ибтидоси")ни тузди. Мазкур девонда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 таржеъбанд, 2 мусаддас бўлиб, бундай мукаммал девонни тузиш Навоийгача камдан-кам ўзбек шоирига насиб бўлган. Алишер Навоий "Бадоеъ ул-бидоя" тузилгандан кейинги даврда ёзилган ўзбекча шеър-лари асосида 1480 йилларнинг охирида "Наводир ун-ниҳоя" ("Беҳад нодирликлар") девонини тузди.
Алишер Навоийда ўзбек тилида "Хамса" - беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Бу мақсадини 1483-85 йилларда амалга оширди. Асар ўзбек адабиёти шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди. "Хамса"дан кейин Навоий яна бир қанча асарлар яратди. Алишер Навоийнинг сўнгги буюк асарларидан яна бири насрий панднома йўсинида ёзилган "Маҳбуб-ул қулуб"    ("Қалблар севгани")дир. У Шарқ адабиёти тарихида Шайх Саъдийнинг "Гулистон", Кайковуснинг "Қобуснома", Низомий Арузи Самарқандийнинг "Чор мақола" каби асарлари қаторида туради. Бу асарида Алишер Навоий ўзининг ҳаёт йўлини, бошидан кечирган турмуш машаққатларини ёрқин тасвирлаб берган.
Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган; илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилган; тинчлик ва тотувлик ҳукмрон суришига доим ҳаракат қилган.
Алишер Навоий 
ҳикматлари
Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас; у жароҳатга ҳеч нарса    малҳамлик қилмас.
Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз - ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар - оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.
Одам - тили билан бошқа ҳайвонлардан имтиёзлидир. Унинг тили орқали бошқа одамлардан афзаллиги билинади. Тил - шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса - тилнинг офатидир.
* * *
Тил ширинлиги - кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса - фойдали. Чучук тил аччиққа айланса кўпчиликка зарари тегади; қанддан май тайёрланса ҳаром бўлади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам - ҳалвофуруш каби севимлидир.
Ғазаллар
ИСТАДИМ 
Қон ютуб умри жаҳон аҳлида бир ёр истадим,
Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.
Кимга ким жоним фидо айлаб соғиндим дам-бадам,
Эрмас эрди ёрлиқда чун вафодор истадим.
Билмадим олам элида йўқтурур мутлақ вафо,
Ваҳки, умри улча йўқтур соғиниб ёр истадим.
Улки, топилмас башар жинсида ваҳ  ғафлат кўрунг,
Ким пари хайлида мен девонаи зор истадим.
Сирри ишқимни кўнгул кўз бирла фош этмак не тонг,
Қалбу тардоманни мен чун соҳиб асрор истадим.
Шайх бирла хонақаҳдин чун ёруғлуқ топмадим,
Дайр пири хизматиға кўйи хаммор истадим.
Эй Навоий, чун рафиқи топмадим, бу ғуссадин,
Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.
 МУБТАЛО БЎЛДИМ САНГА
Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно  бўлдум санга.
Ҳар неча дедимки кун-кундин узай сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.
Мен қачон дедим: "Вафо қилғил манга" зулм айладинг,
Сен қачон дединг: "Фидо бўлғил манга" бўлдим санга.
Қай пари пайкарга дерсен телба бўлдунг бу сифат,
Эй пари пайкар, не қилсанг қил манга, бўлдум санга.
Эй кўнгул, тарки насиҳат айладинг овора бўл,
Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.
Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.
ўусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,
То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.
ИСТАНГИЗ 
Истаганлар, бизни саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.
Вомиқу, Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро
Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.
Юз аларнинг ишқича дарду, балоу ғуссаға
Толиб эл бошиға келган можарода истангиз.
Эйки, истарсиз саводул важҳ фиддорайидин,
Бохабар бўлмоқ мени юзи қарода истангиз.
Кўнглим ул зулф ичрадур, зинҳор  ишқим шарҳини
Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.
Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.
Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл,
Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз.
(Интернет материаллари асосида 
                                      тайёрланди).