Шеърият саҳифаси

"Оқдарёлик ижодкорлар" мушоираси этади давом


"БАХТ - БУ БУЛБУЛДЕК ЎЗ ҚЎШИҒИНГНИ 

КУЙЛАШ..."

Кўҳна Миёнколнинг Оқдарё соҳилларида униб-ўсган чаманзорлар узра ажиб ифор таралмоқда, сайроқи булбулларнинг оташнафас, дилга яқин куй-қўшиқлари оҳанги бир-бирига жўр бўлиб, диллардан дилларга, эллардан элларга кўчмоқда. Бу албатта шеърият гулшанидир. Бу гулшанда шеърият мухлисларига яхши таниш бўлиб бораётган ёш ва иқтидорли ижодкорларимиз Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев, Машҳура Ворисова, Райҳона Очилова, Шаҳноза Расулова, Чарос Қурбонова, шунингдек, Зоҳида Маликова, Саодат Аҳмедова, Назира Авиева, Меҳрибон Ҳақбердиева, эндигина шеърият гулшанига кириб келаётган қаламкаш Кўҳинур Исомиддиноваларнинг ижод намуналари билан ошно бўлар экансиз, қалбларни ҳаяжонга, эзгуликка чорловчи бу оламни тарк эта олмайсан, киши. Бу назм гулшанидаги шеърият мушоираси, баҳс-мунозарали ёзишмалар кун сайин сайқаллашиб бормоқдаки, бирма бир тўпласанг, достон бўлади гўё. Ижодкорларимиз томонидан билдирилаётган ҳар бир фикр-мулоҳаза ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кун шеъриятини, айниқса, оқдарёлик ижодкорларнинг нақадар адабиётга, санъатга ихлосмандликларидан тўлқинланиб, қалбларни жунжиктирувчи мисралар оғушига сингиб кетгандек бўласиз.

  Ана шундай етук ижодкорларимиздан Наврўз Ҳасанов ўзининг бир шеърида: 

Умрим чархдек туним билан,

                                 тонгим билан, 

Яшайдурман чархинамо онгим билан, 

Шеър ёзаман то сўнгги дам 

                                    қоним билан, 

Қоним эса жоним билан қаламдадур.

деган сатрларни ёзар экан, шеъриятга бор меҳрини, ҳаётини бахшида этганлигини ифодалайди.

Шеърият мухлисларининг қалбидан жой олган Чарос Қурбонованинг қаламига мансуб қуйидаги мисраларни ўқиганингизда эса олам-олам таассуротларга эга бўласиз: 

Гоҳ севинчим сиғмас ичимга,

Чақмоқ чақар гоҳ қовоғимдан.

Kуч қўшилар ҳар тонг кучимга,

Бол томчилар гул дудоғимдан.

Фарҳод Рўзиевнинг "Истак"деб номланган шеърида бадиий адабиётнинг ташбеҳ (ўхшатиш) санъати моҳирона қўлланилган:

Мажнунтолнинг сочларига

Ғамларимни осгим келди,

Лолаларнинг қон бағрига

Юзларимни босгим келди. 

Шеърият мухлисларининг қалбидан жой олган Чарос Қурбонова эса ўзининг ушбу шеърида ташхес (жонлантириш) санъатини қўллаб, жонсиз нарса, воқеа-ҳодисаларни жонли мавжудотлар сифатида тасвирлашга ҳаракат қилган:

Эриб бормоқдаман бир шам мисоли, 

Kўз ёшим оёғинг остига тўкиб. 

Ўз ишқим тафтидан ўзим ёняпман, 

Дарё кўзларингга кетсайдим чўкиб.

Шеърият оламига эндигина кириб келаётган энг ёш қаламкашимиз Кўҳинур Исомиддинова "Болалар уйининг боласи" мавзусида шеър ёзар экан, ўз кечинмаларини ҳаяжон билан баён этишга ҳаракат қилганлиги сезилиб турибди:

Юраги тош эмас аслида,

Oрзулари хазон фаслида.

Keлажаги порлоқ аслида,

Болалар уйининг боласи.

Онахон шоираларимиздан Саодат Аҳмедованинг "Жўяклар" деб номланган ушбу мисраларида эса  ёшлик хотиралари билан қолиб кетган жонажон дала соғинчлари ифода этилади.

О, ёшлигим қолиб кетган онажон дала,

Мен сизни соғиндим, соғиндим бугун.

Пахтасини терганим қўшиқлар айтиб

Соғиндим ўша жўякларни узундан узун.

Оҳ, қадрдон жўяклар, жонажон далам, 

Мен сизни соғиндим, соғиндим жуда.

Шеърият баҳсимизда иштирок этаётган сўлим Оқдарёмизнинг фарзандлари бўлган ва айни пайтда пойтахт Тошкентимизда яшаб ижод қилаётган таниқли ёзувчимиз Орзиқул Эргашев, Тоҳир Долиев, Дилдора Мардиева ҳамда кунчиқар мамлакат Японияда магистратура йўналишида таҳсил олаётган ёш ижодкоримиз Баҳодир Искандаровларнинг ҳам ижодига бўлган эътиборимиз ва эътирофимиз бениҳоя юксакдир. Шу ўринда шеърхонлик мушоирасига чақиндек кириб келган Баҳодир Искандаровнинг "Она"деб номланган шеъридаги ушбу тўртликни келтириб ўтишни жоиз деб билдик:

Oна, сакуралар гуллабди, қаранг,

Қалбда сир қолмади очиғламаган, 

Йигитман, кўз ёшим тутяпман аранг,

Oнасин соғиниб ким йиғламаган..

Ижодкорларимизга йил бошида янги анъана - "Бугун сенга мактуб йўлладим" мавзуси бўйича шеър ёзиш топшириғи берилганлиги ҳам ўзига хос мактаб, ўзига хос ноанъанавий дарслардан бўлди ва ушбу уйга вазифани ким қандай бажарганлигини баҳолаш ҳам ўзларининг эътибори ва эътирофига ҳавола этилди. Шундай экан, мушоира давом этади.

9 февраль - Улуғ мутафаккир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг 580 йиллиги нишонланадиган кун. Алишер Навоий жонажон адабиётини жонини фидо қилар даражада севди, унинг ҳамма жанрлардаги асарларга эга бўлиши, бирон бир жиҳатдан бошқа адабиётлар олдида камситилиб қолмаслиги ташвишини чекди. Бошқа шоир, тарихчиларни шундай асарлар ёзишга ундади, рағбатлантирди, иложи бўлмаганда ўзи зарур мавзуларда адабиётимизни бойитадиган, тўлдирадиган асарлар ёзди. Чунончи, ҳали ҳануз адабиётимизда, нафақат бизда, балки бошқа туркий адабиётларда ҳам "Хамса" яратилмаганди. Замон эса адабиёт олдига "Хамса" яратиш вазифасини қўймоқда эди. Ўзбек китобхонларининг ўсиб бораётган маънавий эҳтиёжи, ўзбек адабий тили ва ўзбек адабиётининг тараққиёти ҳамда истиқболи шуни тақозо этарди. Бундай мураккаб ва масъулиятли ишга Навоий "лаббай!" деб жавоб берди. У "Фарҳод ва Ширин" достонида шундай  ёзди:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасиға панжа урмоқ...

Азиз оқдарёлик ижодкорлар, сизларга таклифим шуки, Навоий ижодига яна бир бор мурожаат қилсак ва кўнглимиздаги кечинмаларни оқ қоғозга туширсак. Бу навбатдаги дарсимизнинг уйга вазифаси бўлади ва муддатини 1 февралга қадар белгилаймиз. Насиб қилса, сизлар томонингиздан энг яхши, деб эътироф этилган ижод намуналарини газетамиз саҳифиларида чоп этиш ниятидамиз. Дар-ҳақиқат, Навоий бобомиз таъбири билан айтилганидек, "Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Навоий панжасиға панжа урмоқ". Ажаб эмас, оқдарёлик ижодкорларимиз орасидан ҳам "Навоий панжасига панжа урмоқ"қа азму қарор эта оладиган қалам соҳибларини кашф этсак. Зеро, Румий айтганидек: 

"Бахт - бу булбулдек ўз қўшиғингни куйлаш, бошқаларга ёқадими-йўқми,  улар буни эшитганда нима деб ўйлашига аҳамият бермаслик..." Хуллас, ўз қўшиғингизни куйлайверинг. Бахт ва саодат ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, азиз ижодкорлар.

 Гулсара ТИНИБЕКОВА,

                                                             журналист.

Мавзуга оид: