САМИМИЙ ВА КАМТАРИН ИНСОН ЭДИ

Оқдарё журналистика мактабига асос солинишида ҳеч шубҳасиз устоз Мамараҳим Мардиевнинг хизмати чексиз. Бу инсон бутун умрини журналистикага бағишлади.
Юзидан нур ёғилиб турадиган бу инсон ҳар қандай шароитда ҳам доимо камтар, вазмин эди. Устоз билан таҳририятда фаолият кўрсатган ижодкорлар у кишининг  чинакам талантли журналист эканлигини эслашади.
1934 йилда Учтепа қишлоғида туғилган Мамараҳим ака ёшлигиданоқ журналист бўлишни орзу қиларди. Мактабни битиргач, ҳозирги "Зарафшон" газетасида корректор бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади. Орадан икки йил ўтгач, Самарқанд туманидаги "Шарқ тонги" газетасида адабий ходим, сўнгра Жиззах вилояти Зомин тумани газетасида масъул котиб бўлиб ишлади. 1962-1965 йилларда Нурота тумани "Илғор чорвадор" газетасида масъул котиб, Иштихон туман "Колхоз ҳаёти" газетасида муҳаррир ўринбосари вазифаларида фаолият кўрсатди. 1965-1967 йилларда вилоят радиоэшиттириш комитетида муҳаррирлик қилди. Шу даврда СамДУнинг филология факультетига кириб ўқиди. "Зарафшон" газетасида масъул котиб ўринбосари сифатида фаолият кўрсатди.
1968 йилнинг охирларида М.Мардиев туман "Ленинизм йўлидан" газетасига муҳаррир этиб тайинланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, устоз туманимиздаги "Гулистон", Амир Темур номли, "Самарқанд" ва бошқа хўжаликларнинг тарихини ёзиб китоб ҳолида чоп эттирди. Аммо шафқатсиз ўлим уни айни ижоди гуллаган пайтда - 1987 йил 30 апрелда 53 ёшида орамиздан олиб кетди.
Устоз умр йўлдоши Салтанат Аҳмедова билан аҳил яшаб, беш фарзандни тарбиялади. Катта қизи Маърифат туман молия бўлимида ҳисобчи, Нигора тикувчи, Гулноз ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаб, пойтахт Тошкентда меҳнат қилмоқда. Азизжон Марказий банкда масъул вазифада фаолият кўрсатаяпти.
Суратда: Устоз рафиқаси Салтанат опа ва фарзандлари билан.         
Сурат 1968 йилда олинган.