ЙЎЛДАГИ ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОҚИБАТИ

Судланувчи Даврон Бердиев, 2021 йил 6 май куни соат 15:30 лар чамасида ўзининг бошқарувида бўлган фуқаро Х.Х.га тегишли, ўзига сотиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома орқали техник жиҳатдан соз ҳолдаги "Нексия" русумли автомашинасини тумандаги, "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли "Равот" қишлоғидан ўтувчи 4Н 519 ички йўлининг 1-километрида бошқариб келиб, мазкур йўлда унга қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келиб, йўлнинг чап томон қисмидан ўнг томон қисмига кесиб ўтаётган велосипед ҳайдовчиси А.Р.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилади.  Шундан сўнг Даврон Бердиев зудлик билан автомашинасидан тушиб автомашинаси билан уриб юборган велосипед ҳайдовчисининг олдига бориб унга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш учун уни ўзининг "Нексия" русумли автомашинасига миндириб, дарҳол Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига олиб келади. Шифокорлар беморга зудлик билан тиббий тез ёрдам кўрсатишади. Лекин, велосипед ҳайдовчиси А.Р. туман тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2021 йил 11 май куни вафот этган.
Судда жабрлануви сифатида иштирок этган А.Р.нинг турмуш ўртоғи Лайло Рўзиева шундай кўрсатма берди.
- Даврон Бердиев турмуш ўртоғимнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ўз вақтида тиббиёт бирлашмасига етказиб, шифокорлар қўлига топшириб, уни зарур дори-дармонлар билан таъминлашга яқиндан ёрдам берган. Лекин кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан у вафот этди. Турмуш ўртоғим 4 нафар фарзандларимизни боқиш учун қишлоғимизда жойлашган мактабда қоровул бўлиб ишлаб келаётган эди, ўзим ҳам рўзғорга ёрдамлашиш мақсадида кунлик иш билан шуғулланар эдим...
Дарҳақиқат, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган бахтсиз ҳодиса туфайли бир оиланинг 4 нафар фарзанди ўз отасидан, бир аёл эса турмуш ўртоғидан ажралди.
Судланувчи Даврон Бердиевга Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисми билан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасига асосан қўшимча жазо тариқасида 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ж.Арслонов,
вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси. 
И.Дониёров,
жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.