Аёлга бахт беринг, саодат беринг, деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб

Зулфия Мўминова 1959 йил 15 июлда Нарпай тумани Қоратов тоғининг ён бағрида жойлашган сўлим қишлоқда туғилган.
Қишлоғида халқ ижодини жуда яхши тушунадиган ва ижро этиб бера оладиган инсонлар яшайди. "...Болалигимдан Мўмин оқин бобом бир неча соатлаб достонлар куйлашларини эшитардим. Йиллар ўтди, кўп сувлар оқиб кетди, аммо халқ оғзаки ижоди ҳануз шеърларимда жаранглайди...", деб эслайди шоира.
У 1983 йили ТошДУнинг филология факультетини якунлайди. Сўнгра “Саодат” журнали ҳамда радиода ишлашни бошлайди.
Зулфия Мўминованинг илк шеърий тўплами “Ватан ташлаб кетмайди” деб номланган. Бу китоб 1988 йилда чоп этилган. Шундан сўнг “Бешикларни асрагин”, 1993 йилда “Ёнаётган аёл”, 1997 йилда “Азизим, бахтиёрман” каби шеърий тўпламлари босмадан чиқди. Айниқса, “Ёнаётган аёл” тўплами китобхонларга манзур бўлди.
Шоира 2000 йилда “Дўстлик” ордени билан, 2021 йилда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими" фахрий унвони билан мукофотланган.
***
ОНАМ ОЙНИНГ ҚИЗИ
Онам ойнинг қизи ойшаҳар эди,
Отам тоғлар ўғли тошчайнар эди.
Онам оҳуларнинг кўзидан ўпиб,
Отам айиқ билан тош ўйнар эди.
Онам айтса, селлар ўпкасин босиб,
Айланиб ўтишни йўлин қиларди.
Отам саратонга чой дамлаб бериб,
Ўтгану кетгандан гурунг қиларди.
Бир муанбар ўйлар, муаттар бўйлар,
Онамнинг  бошида дурраси эди.
Рашк деган жойида, феъли айниса,
Отамизғириннинг жўраси эди.
Қаҳратон қақшарди қизғонишидан,
Биз музлаб қолардик, қотиб қолардик.
Эркак зоти келса дарвозамизга,
Ҳовлининг тўрига қочиб қолардик.
Қаттиқ қизғонарди отам онамни,
“Тишингни оқини кўрсатма!”- дерди.
Онам яйрамади унинг зуғмидан
“Эр деган шундайин бўлади” - дерди.
Отам ҳавлимизда кўтарса бўрон
Учта қиз эшикни очганча қия,
Сим–сим йиғлар эдик, жим йиғлар эдик,
Ўксирдик онамни севмайди, дея.
Онам вафот этди қирқ бир ёшида,
Кўп эрта чорлади у дунёи чин.
Отам кўникмади онамсиз бахтга,
Отам уйланмади онамдан кейин.
Биз эса...
Ўксибмиз онамни севмайди, дея.
Онам ойнинг қизи ойшаҳар эди,
Отам тоғлар ўғли тошчайнар эди.
* * *
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
 Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Гар кўзлари кулиб турса-да,
Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,
 Ой юзлари кулиб турса-да…
Кўнглини кўтаринг ҳеч бўлмаганда,
Қўлини силашга шафоат топинг.
Йиғлаб турганида ҳеч бўлмаганда,
 Ёшини артишга мурувват топинг.
Ногоҳ ерга тушса оппок рўмоли,
Босиб ўтмасликка шафоат топинг.
Чақалоқ ялаган этакларини
 Тоза деб айтишга адолат топинг.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
 Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Иллоҳи нур топинг, ҳидоят топинг.
Иллоҳи бахт берган аёл ёнидан
 Бахтиёр ўтмокқа иноят топинг.
Иллоҳи қалқонсиз, иллоҳ қўрғонсиз
Ғийбатлар йиртмасин кўйлаккинасин.
Иллоҳи ҳушёрсиз, иллоҳ бедорсиз,
 Итлар тишламасин юраккинасин.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Тоғ қимирлаб, тошлар сўзга кирса-да,
Аёлга бахт беринг, саодат беринг —
 Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да.
Мавзуга оид: