ДАДАХОН ЁҚУБОВ НЕГА УНУТИЛДИ?

Яқинда ижтимоий тармоқларда таниқли тележурналист Дадахон Ёқубовнинг постини ўқиб қолдим. Мақолада у киши яна саноқли кунлардан сўнг Ўзбекистон телевидениесининг 65 йиллиги кенг нишонланишини, шу сана муносабати билан ЎзТВ каналларида фахрий журналистлар билан учрашувлар ташкил этилаётганлигини, музейларда эса бу соҳа ходимларининг турли йилларда ишлаган даврдаги суратлари ташкил этилганлигини таъкидлайди. Бироқ дейди у: менинг ярим асрим умрим телевидениеда ўтган. Бирон марта мени на кўрсатувга чақиришди, на суратларимни музейга қўйишди. Шу адолатданми?
Дарҳақиқат, ўрта ва кекса авлод вакиллари ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида эфирга узатилган “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувини катта қизиқиш ва мароқ билан томоша қилишарди. Бу кўрсатувни бошини охиригача таниқли журналист Дадахон Ёқубов олиб борарди. Бироқ, шундай катта тажрибага эга бўлган, 25 йил ТВда фаолият кўрсатган тажрибали журналистни шу кунларда эсланмаганлиги ғоят ачинарлидир. Очиғини айтганда кейинги пайтларда ТВ каналларида халқни дардини экранга олиб чиқадиган, эл орасига кириб улар билан бевосита мулоқот қиладиган фидойи журналистни топиш қийин бўлиб қолди. Қайси канални кўрманг барчасида кундалик воқеалар, хабарлар, мадҳиябозлик авжида. Танқидий кўрсатувларни айтмаса ҳам бўлади. Наҳотки, МТРК раиси Дадахон Ёқубовдек журналистга иш беришни ўзига эп кўрмаса. Ваҳоланки, ТВ каналларида бирорта кўрсатувни эфирга узатиб, халқ ишончини қозонган журналистлар камчиликни ташкил этадику. Бундан ташқари, Дадахон Ёқубовдек журналистни телевединие учун қилган хизматларини ҳам ҳисобга олиш лозим эмасми? Ахир меҳнат қилган эъзоз топиши керакку.
Шу ўринда, яна бир фикрни айтиб ўтиш лозим. Айни пайтда пойтахтда ташкил этилган Журналистка ва Ахборот коммуникациялар Университетига Дадахон Ёқубовдек ҳам назарияда ҳам амалиётда катта тажрибага эга бўлган журналист сув билан ҳаводек зарур эмасми? Унинг тажрибасидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини наҳотки, шу соҳа раҳбарлари англаб етишмаса.
Бир сўз билан айтганда Дадахон Ёқубовнинг тажрибаси кўпчилик ёш журналистларга катта мактаб ролини бажариши мумкин. Шундай экан, МТРК раҳбарлари бу масалада чуқур ўйлаб кўриши ва бу фидойи инсонни ишга қабул қилиши лозим деган фикрдамиз.
Мавзуга оид: