ҒЎРОБ - СИРКА ДЕМАК
Маълумки, узумчилик бизда милоддан 5-7 минг йил аввал ҳам бўлганлиги хусусида маълумотлар учраса-да, бироқ соҳа ўтган ХХ асрга келиб чинакам ривожланган. Бунинг сабаби шундаки, узум ва узум маҳсулотлари инсон учун керак бўладиган кўплаб моддаларни ўзида сақлайди ва шу боис ундан саноатда спирт, шарбат, сирка ва бошқа моддалар олинса, узум ва майиз ҳолида халқимиз томонидан севиб истеъмол қилинади.
Мисол учун узум таркибида ўртача 10-30% қанд моддаси, 0,5% органик кислота, 0,3-0,8% микроэлементлар шунингдек, А,В,С ва РР гуруҳли дармон-дорилар сақлайди. Бундан ташқари ундан тиббиётда кўплаб хасталиклар хусусан, ошқозон, жигар, сил касалликлари ва бошқаларни даволашда фойдаланилади. Шу боисдан урено-терапия, яъни узум ва узум маҳсулотлари билан инсонни даволаш усуллари кўплаб мамлакатларда кенг тарқалгандир.
Бироқ минг афсуслар бўлсинки, бизда бир зумда оила шароитида оддий, қўл бола қилиб тайёрланадиган мевали сирка кислотасини саноат усулида тайёрлаш ҳали-ҳамон йўлга қўйилмаган ва ўйлаймизки, энди бунинг вақти келди ва бизда унга барча шарт-шароитлар муҳайё, десак муболаға бўлмайди, албатта. Айни пайтда уй шароитида эса буни тайёрашнинг қуйидаги икки усулини келтиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Одатда ғўроб, яъни уйда тайёрланадиган сирка июнь ойида токни хомток қилиш пайтида тайёрланади. Бунда узум барг ёзиб ғўраларини ҳосил қилгач ва иккинчи марта узум бошлари гулдан чиққандан сўнг амалага оширилади. Дастлаб узум тупидаги ортиқча новда, барг ва шох-шаббалар олиб ташланади. Шундан сўнг меъёрдан зиёд хом ғўралар авайлаб териб олинади ва улар бироз ювилиб, чанг-ғубордан тозалангач идишда яхшилаб эзилади ва шарбати шиша идишларга сузиб солинади ҳамда оғзига сурғич ёки оддий лой билан суркалади.
Ғўроб тайёрлашнинг иккинчи усули ҳам биринчидагидек яхшилаб ажратиб тоза қилиб ғўралар қўл билан териб олинади ва қозонча ёки бошқа бирор идишда 10-15 дақиқа қайнатилади, сўнгра эса бир оз совутилиб, докада сузиб олинади ва баклажкаларга солиниб оғзи яхшилаб бураб бекитиб қўйилади. Шу тариқа иккала усулда ҳам тайёрланган сирка кислотаси оила эҳтиёжига қараб дастурхонга тортилади ва таом билан тановвул қилиш учун тавсия этилади.
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.