Мулоҳаза “ЁЗУВЧИ”ДАН ҲАММА ҚЎРҚАДИМИ?

Бундан бир неча ой муқаддам ташкилотларнинг бирида ўзгалар устидан тинимсиз шикоят хати ёзаётган шахснинг масаласи муҳокама этилди. Қирқ киши бир томон, қинғир киши бир томон деганларидек, кўпчилик бўлса ҳам ўша «ёзувчи»га бас келиш қийин бўлди. Ҳатто у ўзидан анча ёши катта бўлган кайвони отахону онахонларни жеркиб ҳақоратли сўзларни ёғдирди. Ўша йиғилишда бўлганларнинг аксарияти ўша «ёзувчи»нинг гапларини эшитган бўлсаларда, эртаси куни кўрган-кечиргани ва эшитганларини ёзиб беришларини сўраганимизда, қўйинг, мени бу жанжалга аралаштирманг, мен имзо чекиб берсам, мени ҳам ёзиб овора қилади деб бош тортишди. Аҳвол шу даражада давом этадиган бўлса, бу билан ўша қитмирларга йўл очмаяпмизми? Ўша кимсада ҳамма мендан қўрқар эканда, деган фикр пайдо бўлиб, янада «илҳоми» жўшиб кетмайдими?
Яқинда бир танишим билан суҳбатлашиб қолдим. У бир томонда гувоҳ сифатида иштирок этибди. Бежизга кўрдим деб тутилдим, билмадим деб қутулдим, деб айтилмаган эканда, дейди танишим. Ўша жанжал узоқ туманларимиздан бирида терговга оширилган экан. Биласизми, эрталаб борган бўлсак, кечаси қайтиб келдик. Ёзадиганимиз бор-йўғи бир варақ қоғозни тўлдириш, кутавериш жонингизга тегади. Энг ачинарлиси, терговчилар сизга гувоҳ сифатида эмас, жиноятчидек қарашади. Навбатчига топшириб ичкарига кирдик. То бизга навбат етганча соат беш бўлди ҳисоби. Тушлик қилмоқчи бўлсак, навбатчи телефонимизни ҳам бермасдан, бўлимдан чиқиб кетмайсизлар деб туриб олди. Бу ҳамон ҳамма ички ишлар тизимида изчил ислоҳотлар ўтказилмаётганлигидан далолат эмасми? Оддий гувоҳ бўлиб қолсангиз, ҳали терговга, ҳали судга чақириб овора қилишади. Кўрган воқеангизни кўрдик, деганингизга минг пушаймон бўлиб кетасиз. Шу боис аксарият юртдошларимиз бирор жанжални, жиноятчига гувоҳ бўлиб қолгудек бўлишса ҳам очиқчасига кўрмадим дейишади. Шундай экан, бу борада қонунларга ўзгартириш киритиш лозимга ўхшайди.
- Илгарилари бировларнинг устидан ғийбат, туҳмат қилиб юрган шахслар халқ ўртасида муҳокама қилинар, ҳатто қишлоқдан кўчириб юбориларди, - дейди ёши тўқсонга яқинлашиб қолган отахон. - Эҳтимол, бу жазо чорасини қонунга киритиш лозимдир. Бундай кимсаларни тўй-маъракалардан ажратиб қўйиш, тўй қилса ҳам маҳалла одамлари бормаса бу ҳам уларга ўз таъсирини ўтказади, деб ўйлайман. Бизда аксарият ҳолларда эса ўшандай шахслар давранинг тўрига ўтказилиб, ҳамма уларнинг оғзига қараб ўтиради. Бундай ҳолатларга чек қўйиш пайти келди чоғи.
Отахоннинг гапларида жон бор. Одамларнинг тинчини бузаётган, ўзини халқпарвар, «қаҳрамон» қилиб кўрсатадиган шахслар билан музокара олиб бориш эмас, балки, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий, қонуний баҳо бериш ҳақида ўйлашимиз ва буни асло унутмаслигимиз керак.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22