Қалб дафтаридан ҚИШ ҚАҲВАСИ

Ҳар галгидек туманда ўтказиладиган "Шеърюраклар" мушоирасидан чиқдик-да тушликка бормасдан тарқалишдик. Бу сафар негадир бирга ўтириб бир финжон қаҳва ичмадик. Ҳамма ўз ташвиши, ўз ўйи билан банд. Менинг эса бирозгина сайр қилгим келди. Кўчаларни жимгина ўз хаёлларим билан кездим.

Яна ўша қаҳвани кўнглим тусади шекилли, беихтиёр рўпарамдаги қаҳвахонага кирдим. Бироз совқотганимни ҳис қилдим. Ўзимга қулай жойни танладим. Ташқаридаги одамларнинг ҳар хил ташвиш билан юргани, биров иш билан, биров ўқишга шошаётгани ҳаётнинг бир маромда қайнаётганини кузатиб ўтириб: "Ассалому алайкум, сизга нима олиб келайлик опа", дегани мени сергак торттирди. 

- Менга қаҳва олиб келсангиз.

- Хўп, бошқа нарса керакмасми? 

- Ҳозирча бўлади. 

- Хўп бўлади. Иссиқ қаҳвани олиб келиб қўйишди. Унинг юзидаги оппоқ кўпик, иссиқ ёқимли ҳидини ҳўплаб ташқарини томоша қилиш завқ берарди. Ғаш бўлган кўнглимни унутиб, руҳим билан суҳбат қила бошладим... У оппоқ қорга думалар, болаликка қайтиб, умбалоқ ошиб бутун дунёни ғамларини унутганди. 

Деразадан қараганда   "Халқ банки" биноси қад ростлаб турибди. Шунда нигоҳим бир тиланчига тушди. У гўдагини рўмоли билан ўраб олган, ўтган-қайтганга қўлларини чўзар. Унинг қўллари бир сафар бўш қолса, бир сафар пул тушарди. Бир соатлар қаҳвахонада ўтирган бўлсам, тиланчи ва унинг қўлидаги гўдаги бирор марта совқотганини сезмадим. Негаки, ўтган-қайтган йўловчилар совқатганидан пальтоларини ёқасини кўтариб қўйганча қўлларини чўнтакларига солишарди. У эса назаримда совқотганини умуман ҳис қилмаётгандек эди.

Шунда унинг   ёнидан  бир аёл боласини кўтариб ўтди. Болага иссиқ куртка кийдирган, оёқчасида патли этикча, бир қўлида эса бир пакет дори-дармон... 

Нариги столда шивир-шивир эшитилади. Қаҳвани таъми уни қайта ҳўплашга ундайди. Унинг кайфиятини шу аснода ҳеч нарса беролмайди. Яна қулоғимга овоз эшитилди. 

- Сени яна қачон кўраман?

- Билмасам… 

- Тўхта лабларингга қаҳвани кўпиги ўтирибди. 

Қиз кулди: Машғулотим бор, кетишим керак.

- Келгунингча сени соғинаман. 

 Қиз ийманиб жилмайди: Бугун математикадан тест оларкан, ўтиб олсам… 

Қиз хайрлашиб, ўрнидан турди. Йигит қўлларини силкиди. 

У яна шивирлади: "Сени соғинаман...". 

Ёнимдаги столдаги икки қиз - саккизинчи синфлар чамаси, бир-бирига адабиётдан саволлар берар эди. Уларнинг ёшларга хос шижоати, билимга чанқоқлиги ҳавасимни келтирарди. Ўйлаб қолдим. Агар ҳамма ҳам мана шу ёшлар каби илм-фанга интилса, адабиёт ҳақида баҳслашса, ҳеч ким ўғри бўлмаган, ҳеч ким тиланчилик қилмаган бўлар эди. 

Яна тиланчига қарадим. Унинг қўлидаги боласини ўйладим. Наҳотки унинг боласи совуқ қотмаган бўлса? Бақувват чинор болани бироз гавдаси билан тўсиб турибди. Шунда ортимда овоз эшитилди.

- Емайсизми, опа? 

- Йўқ. Менга ёқмади. Аёл зарда қилди. Мана пули, дея чиқиб кетди. 

- Ука, мана шу "Ходдог"ни ҳув анави совуқда ўтирган аёлга элтиб беринг. Илтимос, ташлаб юборманг. Йигит аввал ёнидаги бошлиғига қаради, сўнгра менга қаради...Ичкарига кириб кетди ва бир пакетни олиб чиқиб, тиланчига берди-да, кафени кўрсатди. Тиланчи кафега қараб қўйди-да, қўлини юзига олиб борди. Йигит кафега қайтди. У ўзини енгил ҳис қилгани, мамнунлиги юзидан кўриниб турарди. Мен ҳам фотиҳа қилиб ўрнимдан турдим. Қаҳвани пулини тўладим-да, раҳмат айтдим. 

Қаҳвахонадан чиққанимда тиланчи кетиб бўлганди. Йўлимдаги чинорнинг шохларидан қарғалар учиб кетди. Оёғим тагида ғирчиллаб босилаётган қорнинг овози иссиқ ичилган қаҳвадек мароқли эди...

 Тулғаной Гадоева.

Мавзуга оид: