СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ (қисса) ( Бошланиши ўтган сонларда)

Суҳбатлар шу қадар узоқ чўзилдики, соат миллари шу орада қанчалар тез ўтиб кетгани ҳеч кимга сезилмасди.
Олисдан чопқиллаб келаётган машина Холбибининг бедазори томон бурилди. Машинада шофёрнинг ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Машина капа олдида тўхтади. Гурунглари ниҳоясига етган Турғун Холлиев ўрнидан турди. Бошқалар ҳам ўринларидан туришди...
- Сизни олиб кетишга келдим, - деди шофёр Инъомжон Бўриев. - Сизни «катта» хоналарида кутаяптилар. Олиб келишни буюрди.
Турғун Холлиев Зокиржон билан қўл узатиб хайрлашди. Холбибига эса қўл узатмасдан хайрлашди. Турғун Холлиевнинг миллийликка хос бир одати бор эди. Ким бўлишидан қатъий назар қиз болами, аёлми сира қўл узатиб кўришмасди.
Ҳокимнинг хизмат машинаси секин ўрнидан қўзғалди. Холбиби билан Зокиржон меҳмонни кузатар экан, ўнг қўлларини баланд кўтаришиб хайрлашишди. Машина борган сари кўздан паналаб кўринмай кетди.
Кун пешиндан ошиб олов пуркаётган қуёш тобора ғарбга томон сузиб борарди. Яна бир-бир ярим соат ўтиб салқин шабада эса бошлайди. Бу шабада дарё тўлқинларига қўшилиб соҳил бўйлаб саллоланиб турган мия, янтоқ каби ёввойи ўтларнинг кокилини тараб ўтади. Зокиржон ва Холбибилар шом пардасини олам узра ёйиб қаршилаганда кулбаларига кириб кетишди...
III-боб
Шу орада икки ой ўтди. Ёз ўтди. Куз кириши билан деҳқон даласи йиғим-теримга киради. Пишмай қолган мевалар ранг таратиб узилишга шай туради. Туман ҳокими Ашурали Сиддиқов идора ходимлари йиғилишини тугатгач хонасига кирди. Ёрдамчиси Сафар Очилов бир даста ҳозиргина келтирилган газеталарни ҳоким олдига қўйди.
Ашурали Сиддиқов туманга ҳоким бўлиб ўтиши билан даврий нашрлар билан қизиқиб қолди. У газеталар билан танишар экан, аввало туман газетасига кўз югуртиради. Эътиборли мақолаларга қандайдир чизги тортади. Сўнг тегишли масъулларга маслаҳатлар беради. Ҳозир у туман газетасини бир томонга омонатгина қўйдида, кейин бошқа газеталарни бирма-бир варақлади. Республика Марказий даврий наширини олиб ундаги мақолаларга кўз югуртирди. Учинчи бетдаги "Соҳилдаги гурунг" номли бир саҳифали мақола унинг диққатини ўзига тортди. Мақолага у дастлаб шунчаки кўз югуртириб чиқди. Мақолада зикр этилган ўз исми-шарифига кўзи тушиб кўзларини каттароқ очиб диққатини оширди. Мақолага қизиқиши ортди. Очерк муаллифи Турғун Холлиев у билан бўлган суҳбатни ва Холбибининг бошига тушган қора кунларни синчиклик билан ўрганиб чиққани ҳар бир сатрда акс этиб турарди. У газета саҳифасини диққат билан ўқир экан, завқланганиданми гоҳида Холбибининг тақдирига ачиниб, бошини сарак-сарак тебратиб қўярди.
У шу сондаги газетадан бирини қўлига олди. Сўнг маъмурият биноси ҳовлисига ўтди. Шофёрига кетдик, деган ишорани қилди. У машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб эшикни секин ёпар экан:
- Янги бунёд этилаётган массивдаги биноларда меҳнат қилаётган қурувчилар билан ҳол сўрашайлик, далалардаги қизғин ҳаётни хабардори бўлайлик, кейин Холбибидан ҳол сўрашайлик. Анча бўлди бормаганимизга, - деди шофёрига.
- Ака-сингил тутингач борди-келдиям шунга яраша бўлиши керак, ҳокимбобо,- деди шофёр.
- Тўғри айтасиз, Инъомжон ака! Бу жуда масъулиятли жиддий юклама. Тилингга жавоб беришингга тўғри келади, - ҳоким Ашурали Норбоевич.
Ҳокимнинг хизмат машинаси куни билан тиним билмади. Ишларини кўнгилдагидек қо-йиллатиб, сўнг пешин ҳадди Холбибининг даласида бўлишди.
Холбиби турмуш ўртоғи Зокиржон билан тиззалаб, бўзлаб қолган бодом кўчатлари пушталаридаги ёввойи ўтларни юлиш олиш билан овора эдилар. Ҳокимнинг эътиборини меҳр билан сийлашди.
- Қани синглим Холбиби, ишларинг юришаяптими? Бу дейман, бодом кўчатларинг ҳам роса бўй кўрсатиб қолибди. Куз охирлаши билан ниҳолларни ерга қадаса бўлади, шекилли. Кўчатларинг ўн гектар ер майдонига етадими? - деди ҳоким Ашурали Норбоевич.
- Шундай! - деди Холбиби самимий табассум билан.
- Сени табриклайман, Холбиби!
Холбиби ҳайратда. Ҳали вери у табрикка арзугулик бирор бир иш қилмаганини ичида такрорлади. Ашурали Норбоевич газетани унга узатаркан:
- Газета сени ҳимоясига олибди. Қисматингда бўлиб ўтган ноҳақликларни очиб ташлабди.
Холбиби буни асло кутмаган эди. Газетани ёйиб ундаги "Соҳилдаги гурунг" номли очеркка кўз югуртирди.
- Сен асло хафа бўлма. Сенинг ёнингни оладиган, кимлигингни, нимага қодирлигингни элга кўрсатадаган одамлар бор экан. Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. Орамизда ҳақни ерда қолдирмайдиган, қаддингни ростлаб қўядиганлар бор. Шулар бор экан, эгилган адолат дарахтининг мевалари ҳил-ҳил пиша бошлайди.
- Холбибининг кўзида ёш йилтиллади. Ўпкаси бир оз тўлиб, бўлиб ўтган ноҳақликлардан ўксиниб қўйди.
- Бунча нарса ошкор бўлибди. Энди бу ёғи нима бўлади? Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолсин эди...
- ўишт энди қолипидан кўчди, Холбиби. Бу ёғига ўзим сенга қалқонман.
Ашурали Норбоевичнинг бу ғамхўрлик сўзларидан Холбибининг кўнгли ийиб кетди. Ўзини ушлаб қололмади. Юзини ёнга ўгириб кўнгли бўшаб йиғлаб юборди.
- Раҳмат, ака! Хайрият ёнимда қадримни ҳимоя қиладиганлар бор экан, миннатдорман, газетачилардан, барчангиздан.
Холбиби хурсандчилигини ичида сиғдиролмас, болаларча ҳайқиргиси келарди. Ўша оқшом туни билан уйқуси учди. Туни билан эрига болаликдаги шўхликларидан сўзлаб берар...
(Давоми бор)
Турсунбой МАМАДАЛИЕВ.
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




