БОТУЛИЗМ ВА ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ КАСАЛЛИКЛАРИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Ботулизм - касаллиги овқатдан заҳарланишнинг энг оғир тури ҳисобланади. Бу микроб озиқ-овқат маҳсулотларига тушиб кислородсиз муҳитда кўпаяди ва ўзидан ҳайвон заҳарлари ичидаги энг кучли ҳисобланган токсин (микроб заҳари)ни ажратиб озиқ-овқат маҳсулотларини зарарлаб қўяди ва бу маҳсулотни билмасдан исътемол қилинганда касаллик ривожланади.
Ботулизм касаллигини чақирувчи микроблар кўпинча сабзавотлар, қўзиқорин, гўшт ва балиқ маҳсулотларидан  тайёрлаш технологиясига риоя этмасдан уй шароитида тайёрланган, сифатсиз консерва маҳсулотларида кўпайиб, уларни истеъмол қилганда ёки оғизга солганида касаллик ривожланиши  мумкин.
Озиқ-овқат маҳсулотларига ботулизм қўзғатувчилари турли йўллар билан ўтади. Macaлан, гўштга - ҳайвон сўйилаёгганда, нимталанаётганда, балиқларга эса, тутилаётганда тирналган, жароҳатланган тери қопламаларидан ёки ичакларидан тушиши мумкин. Кўп ҳолларда ботулизм тузланган балиқлардан тарқалади.
Сабзавот, мевалар ва қўзиқоринларга ботулизм қўзғатувчиларини споралари асосан тупроқдан ўтади.
Ботулизм қўзғатувчилари ташқи муҳитга ўта чидамли бўлиб, 100 °С да 6 соат, 120 °С да эса 10 дақиқагача тирик бўлади.
Ботулизм споралари қулай шароитга тушиб қолганда, кўпайиб ўзидан токсин ажратиб чиқаради. Спораларни кўпайиши ва ўзидан токсин ажратиб чиқариши учун кислородсиз муҳит қулай ҳисобланади. Шу сабабли, ботулизм қўзғатувчилари консерваланган маҳсулотларда, ветчина, колбаса ва балиқларда яхши ривожланади. 
Спораларни ривожланиши учун 22-37 °С даража энг қулай ҳисобланади. 14 °С дан паст даражада, 8 % ли ош тузи эритмасида ва 55 % дан юқори шакарли муҳитда токсин ишлаб чиқариши тўхтайди.
Касаллик белгилари: Ботулизм таёқчасининг ишлаб чиқарган заҳари қонга тез сўрилади ва жуда кучли таъсир қилади. Касалликнинг яширин даври 2 соатдан 8-10 кунгача чўзилади. 
Ботулизм токсинлари билан зарарланган озиқ-овқатларни истеъмол қилгандан кейин, 2-3 соат ичида, баъзи ҳолларда эса, бир суткадан ке-йин, заҳарланган кишининг ошқозони беҳузур бўлиб, қайд қилади. Боши қаттиқ оғрийди, оғиз бўшлиғи ва томоқ йўллари қурийди. Кўзи хиралашиб, ҳамма нарса қўшалоқ кўринади (диплопия), қовоқлари тушиб кетади (птоз), бемор ютинишга, чайнашга қийналади. Ботулинотоксинга асаб тизими, айниқса, кучли сезгир бўлганлиги учун, менингиал симптомлар кузатилади. Нафас олиш, оғзидагини ютиш рефлекслари  юрак уриш рефлексларининг бузилиши оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилади.
Ботулизм касаллигида шифокор келгунга қадар беморга кўп миқдорда суюқлик бериш тавсия қилинади. Бу эса, ошқозон-ичак йўлида микробларнинг заҳарли таъсирини бирмунча пасайтиради. Унга қарши зардоб беморга фақатгина шифохона шароитида қилинади. Ҳозирда ботулизм қўзғатувчиларининг 6 та: А, Б, С, Д, Е, Р турлари аниқланган бўлиб, энг кўп тарқалган турлари А, Б, Е ҳисобланади. Даволашда специфик ботулизм токсинларини нейтрализация қилувчи анатоксинлардан фойдаланилади. Энг кучли токсин А, энг кучсиз эса С тури ҳисобланади.
БОТУЛИЗМГА ЧАЛИНМАСЛИК УЧУН ҲАР БИР ИНСОН
 ҚУЙИДАГИЛАРГА  АМАЛ  ҚИЛИШИ КЕРАК:
*уй шароитида помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини тайёрламаслик;
*белгиланмаган жойлар, бозор ва кўча-куйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилмаслик;
*дўконлардан консерва маҳсулотларини харид қилиш жараёнида маҳсулот яроқлиги ва унда келтириб ўтилган ишлаб чиқарувчи корхона номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор бериш;
*ҳар қандай консерва маҳсулотларини очишдан олдин уни чайқатмасдан яхшилаб кўздан кечириш, қопқоғи кўтарилмаганлигига, суюқлигининг тиниқлигига ва маҳсулотнинг эзилмаганлигига эътиборли бўлиш лозим;
*Ботулизм касаллигини даволаш ҳамда асоратларини олдини олишнинг ягона йўли шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш. Беморни уй шароитида, ўзи билганича даволаш оғир асоратларга, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин. Шу сабабли касаллик белгилари кузатилса, зудлик билан шифохонага мурожаат килинг.
Овқатдан заҳарланиш - бу санитария-гигиена ва эпидемиология меъёр ва қоидаларига зид равишда тайёрланган ҳамда сақланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилганда пайдо бўладиган микробли ва микробсиз касалликлардир.
Бу касалликларнинг пайдо бўлишида озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, пишириш ва ташиш жараёнларида микроорганизмлар (бактерия, вирус, содда жониворлар гельминтлар ва б.) ҳамда зарарли ва заҳарли турдаги моддаларни тутувчи маҳсулотларни озиқ-овқат маҳсулотларига тушиб қолиши ва истеъмол қилиниши сабаб бўлади.
Касаллик белгилари: касаллик тўсатдан кутилмаганда бош оғриши, қусиш, қоринда оғриқ, кейинчалик ич кетиши билан айрим ҳолларда ҳарорат кўтарилиши билан бошланади. Ич кетиши касалликларни келтириб чиқарган микроб турига қараб тез-тез, сувдек, кўп миқдорда,  оғриқли бўлиши мумкин. Оғир ҳолларда қалтираш, тери қопламаларининг рангсизланиши, ҳушидан кетиши ва бошқа белгилар билан кечиши мумкин.
М.ШАРИПОВ,
туман СЭО ва жамоат саломатлиги 
жамоатчилик билан ишлаш бўлими мудири.