Мутахассислар огоҳлантиради ОИВ ИНФЕКЦИЯСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ БАРЧАМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР

ОИВ - бу одам иммунитет танқислиги вируси бўлиб, уни юқтирган инсон организмига тушган заҳоти у қонда аста-секин кўпайиб, организм иммун системасини - ҳимоя ҳужайраларини емира бошлайди. Бу вақтда касаллик белгилари юзага чиқмайди ва одамни ҳеч нарса безовта қилмайди, одам чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрик пайтида ёки касалликнинг кейинги фазаси - ОИТС даврида бирон касаллик натижасида даволаш-профилактика муассасасига мурожаат қилганда ОИВга қон анализи текширганда вирус топилса, унда ОИВ инфекцияси борлиги маълум бўлади. Бунгача киши ўзида ОИВ инфекцияси мавжудлигини билмайди, бундай одам ОИВни ташиб юрувчи ҳисобланади ва у бошқалар учун хавфли касаллик манбаига айланади. 

ОИТС - бу одам орттирилган иммун танқислик синдроми бўлиб, бу иккиламчи иммунтитет танқислиги натижасида оппортунистик инфекциялар (герпеслар, ўпка туберкулёзи, пневмоцистли пневмония, цитомегаловирусли, замбуруғли инфекциялар) ва хавфли ўсмалар каби касалликлар ривожланиб, асаб тизимини издан чиқарувчи ҳамда охири ўлим билан тугайдиган ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичидир.

ОИВ босқичидан ОИТС касаллигигача бўлган давр инфекциянинг тури, кучи ва одамнинг саломатлик даражасига қараб бир неча ой ёки йилдан тортиб, 10 йилгача ҳам яширин давом этиши мумкин. Синдром деб аталишига сабаб, бу касаллик белгилари ҳам бошқа кўплаб иммунитет танқислиги касалликларида  учрайдиган умумий белгиларга ўхшаш бўлиб, аниқ ўзига ҳос белгилари йўқдир, балки организмнинг қайси органлари зарарланса, уларга хос касаллик белгилари ривожланаверади.   

Жаҳонда 40 млн.га яқин одам ОИВ инфекцияси билан яшамоқда ва ҳар йили 3,5-4 млн.га яқин одам шу инфекция билан зарарланмоқда. 2,5 млн.га яқин одам эса ОИТС касаллигидан нобуд бўлмоқда. Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан 35 мингдан зиёд одам диспансер ҳисобида турибди. ОИВ инфекцияси билан зарарланган шахслар диспансер назоратига олинган ва улардан кўпчилиги ёш аёллардир. Ачинарлиси шундаки, касаллик гўдак болалар орасида ҳам қайд этилаётганлиги ташвишли ҳолдир. Ўтган йилларда ОИВ юқтириш ташқи миграция - чет давлатларга чиқиш ҳисобига ошган бўлса, кейинги йилларда асосан ички миграция - қўшни вилоятларимиз ва қўшни республикаларга борди-келдилар эвазига ортганлиги кўзга ташланмоқда. Олиб борилган таҳлилларга кўра, касалликнинг 85-90 % бетартиб жинсий алоқалар туфайли кўпаймоқда. Давлатимиз томонидан бу касалликка учраган инсонлар умрини мумкин қадар узайтириш ва соғломлаштириш чоралари кўрилишига қарамасдан жамиятга катта фойдаси тегиши мумкин бўлган ёш навқирон умрлар барвақт завол топмоқдалар. Бу ҳол ғоятда ачинарлидир.

Касалликнинг тез тарқалишига сабабчи омиллар:

Бетартиб ва тасодифий жинсий алоқалар - фоҳишабозлик, ташқи ва ички меҳнат миграцияси, аҳолининг ОИВ инфекцияси юқиши сабаблари ҳақидаги билимлари етарли эмаслиги, соғлом турмуш тарзига амал қилмасликлари, оилада фарзандлар билан маънавий тарбиянинг етарлича олиб борилмаслиги, чет элларда бўлганда ёшларнинг ўз соғлиғига нисбатан масъулиятсизлиги ОИВ/ОИТС касаллиги тез тарқалишининг асосий омилларидир.

Шунингдек, ОИВ/ОИТС касаллигига чалинган одамлар умрининг охиригача вирус ташувчи бўлиб қолишлари, касаллик яширин даврининг узоқлиги, унинг хавфли гуруҳга мансуб фоҳишалар, гиёҳвандлар  ва гомосексуалистлар орасида кенг тарқалганлиги, вируснинг генетик ўзгаришларга тез мослашувчанлик қобилиятининг юқорилиги, касаллик номини эшитишнинг ўзидаёқ кишиларнинг ваҳимага тушишлари ҳамда ОИВ юқтирган ва касалланганларнинг жамиятда турли ижтимоий салбий қарашларга сабаб бўлишлари туфайли ва оилаларнинг бузилиб кетиши мумкинлигидан кўпинча ўз касаллигини оиласидан, жамиятдан яшириб, кейинги текширувлар ва даволанишлардан қочишлари, касалликнинг олдини олувчи вакцинаниг топилмаганлиги ҳамда вирусга анча самарали таъсир қилувчи дори воситаларининг ҳозирча топилмаганлигидир.   

Қадрли туманимиз аҳолиси ва азиз ёшлар!    

Ўз оилангиз - ўз ёрингизга содиқ қолинг. Ёшлик қилиб алдовларга учманг, одам савдоси қурбонига айланиб қолманг. Ўзингизга тўхта, бу йўлдан қайт деб айтишга куч топа олинг. Тиббий маданиятли бўлинг, ОИВ/ОИТС касаллиги ҳақида кераклича ахборотга эга бўлинг. Бунинг учун ўз ҳудудингиз тиббий муассасасига мурожаат қилинг. Соғлом турмуш тарзи билан ҳаёт кечиринг. Миллатимиз соғлиғини ҳимоя қилишга ўз ҳиссангизни қўшинг. Зеро, миллий ифтихор ва ғурур, Конституциямизнинг бебаҳо олий қадрияти бўлмиш инсон омили, унинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом фарзандлар камолини кўришдек буюк бахт инсон умрини янада узайтиради. 

Т. Каримова,

Тиббиёт бирлашмаси марказий  поликлиника юқумли касалликлар      шифокори.

                                      С. Қосимова,

Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний 

фаоллигини ошириш бўлинмаси шифокори.