Мутахассислар маслаҳати ВИРУСЛИ ГЕПАТИТ "А" ИФЛОС ҚЎЛЛАР КАСАЛЛИГИДИР

Вирусли гепатит «А» - юқумли касаллик бўлиб, бунда вирус жигар ҳужайраларини жароҳатлайди. Вирус одам организмига оғиз орқали вирус билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш орқали юқади. 

Касаллик кимлардан юқади?

Касаллик гепатит касаллиги билан оғриётган беморлардан юқади. Бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечаклари, болалар ўйинчоқлари, сўрғичлари, ҳожат туваклари ва бошқалар орқали юқади. Бемордан қолган овқат қолдиқлари вирус билан зарарланган бўлиши мумкин.

Касаллик қандай юқади?

Касалликни юзага келишида тозаликка риоя қилмаслик, яъни овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювмаслик, мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш ва   қайнатилмаган сувни ичиш сабаб бўлади. Шунинг учун касаллик кўпроқ болаларда учрайди. Пашшалар касалликни юқишида етакчи рол ўйнайди. Биргина пашша ичаги, қаноти ва танасида миллионлаб касаллик кўзғатувчи микробларни,  шунингдек гепатит вирусларини ҳам (турли хил ахлат ва нажасларга қўниши оқибатида) ташийди. Айниқса салқин куз мавсумида касаллик тез-тез учрайди.   

Касаллик белгилари:

*ҳолсизланиш, уйқучанлик, тез чарчаш; 

*иштаҳанинг йўқолиши, кўнгил айниши ёки қусиш.

Кейин сариқлик даври бошланади. Бунда кўзнинг шиллиқ қавати, тил ва тери сарғая бошлайди. Сийдик ранги тўқ сарғиш тусдан тўқ жигарранггача ўзгариши мумкин. Сарғайиш 1-2 ҳафта давом этади. 

Баъзида сариқлик аломатлари яққол кузатилмаслиги мумкин.  Юқоридаги ҳолатлар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Касаллик қанча эрта аниқланса, даволаниш шунчалик тез самара беради, ўзидан асорат қолдирмайди. Ёш болалар ва айниқса ҳомиладорларда касаллик оғир асоратларга олиб келиши       мумкин. 

Касаллик юқмаслиги учун:

*Овқатланишдан олдин ва ҳожатдан сўнг қўллларни совунлаб ювинг;  пашшаларни кўпайишига йўл қўйманг;

*мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилинг; 

*фақат қайнатилган сувни ичишга одатланинг; 

*болаларда қўл, ўйинчоқ ва бошқа турли нарсаларни оғизга солиш;

*қўлни сўриш, тирноқларни тишлаш каби хунук одатларни шаклланишига йўл қўйманг; 

*бировларнинг идиш-товоғидан ювмасдан фойдаланманг; 

*болаларга мактабда ичиши учун албатта оғзи маҳкамланадиган идишда қайнатилган сув беринг;

Хонадон ҳожатхонаси ошхона ва қўл кранидан ҳамда ариқдан камида 25 метр узоқликда   қурилиши керак. Озиқ-овқат ва сув идишлар устини ёпиқ сақланг!.


И. АНОРҚУЛОВ,                       

вилоят юқумли 

касалликлар шифохонаси 

шифокори.    

Т. КАРИМОВА,

Кўп тармоқли марказий поликлиника юқумли

 касалликлар шифокори.