Мутахассис маслаҳати БОЛАЛАРНИ ЮҚУМЛИ ГЕПАТИТ "А" КАСАЛЛИГИДАН АСРАЙЛИК

Гепатит "А"нинг илк аломатлари қуйидагича намоён бўлади:
Болада ҳолсизлик ва чарчоқ кузатилади, иштаҳаси булмайди. Иситма чиқиши, ичи кетиши мумкин. Гепатит "А"да ҳар доим ҳам танага сариқлик уриб бўлмайди, баъзи ҳолатларда сариқсиз кечиши мумкин. Ана шуниси нисбатан хатарли, чунки, ота-она болам шамоллади ёки диарея бўлди, деб ўз билганича даволаб, беморнинг аҳволини янада оғирлаштиради. Бу бошқаларга вирус юқиши хавфини ҳам орттиради.
Касалликнинг юқиш йўллари:
Касаллик вируси одам организмига оғиз орқали кайнатилмаган сув ичиш, мева-сабзавотларни ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаганда (қўллар ювилмаганда) ҳамда касалликка чалинган бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак ва ўйинчоқлардан фойдаланилганда юқиши мумкин. Истеъмолга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларига пашшаларнинг ўтириши ҳам сабаб бўлади. Пашшалар танасида миллионлаб касаллик қўзғатувчи микробларни, шунингдек, гепатит вирусларини (турли хил ахлат ва нажасларга қўниши оқибатида) ташийди.
Касаллик юқмаслиги учун: Овқатланишдан олдин ва ҳожатдан сўнг қўлларни совунлаб ювиш, мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш, фақат қайнатилган сувни ичишга одатланиш, ҳожатхоналарни ошхона ва умумий хоналардан камида 25 метр узоқликда қуриш, ҳожатхонани хлор сақловчи воситалар билан доимо зарарсизлантириб туриш, пашшалар кўпайишига йўл қўймаслик, озиқ-овқат маҳсулотлари ва истеъмол қилинадиган сувни очиқ қолдирмаслик лозим.
Болаларда ўйинчоқ ва бошқа турли нарсаларни оғизга солиш, қўлни сўриш, тирноқларни тишлаш каби хунук одатлар шаклланишига йўл қўймаслик керак. Касалликдан сақланиш шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилишимизга боғлиқ.
Юқумли сариқ касаллигини олдини олишнинг энг самарали ҳимоя воситаси бу вакцина билан эмлашдир. Эмлаш ишлари сиз яшайдиган ҳудуддаги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларида амалга оширилади. Гепатит "А" вакцинаси миллий эмлаш календарига киритилмаганлиги сабабли ота-оналар маблағи ҳисобидан ўтказилади. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизни вирусли гепатит "А" юқумли сариқ касаллигидан асрай десангиз, уларни вирусли гепатит "А" касаллигига қарши тезда эмлатинг.
Б.ФАЙЗУЛЛАЕВА,
туман СЭО ва ЖСБ эпидемиология бўлими олий тоифали эпидемиолог врач ёрдамчиси.
Мавзуга оид:

ВИРУСЛИ ГЕПАТИТ "А" - ИФЛОС ҚЎЛЛАР КАСАЛЛИГИДИР
- 14 апр, 12:27

Саломатлик туман бойлик
- 22 мар, 01:31

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Саломатлик
- 30 дек, 11:35

Огоҳ бўлинг!
- 21 дек, 10:50