Мутахассис маслаҳати ЎТКИР ИЧАК ИНФЕКЦИЯСИ КАСАЛЛИГИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Ҳар бир фаслнинг ўзига ҳос иқлими, шароити бўлгани каби мавсумий касалликлар ҳам борлиги барчамизга аён. Ёзнинг иссиқ кунларида озиқ-овқат маҳсулотлари етарли даражада санитария-гигиена қоидаларига амал қилинган ҳолда музлатгичларда сақланмаса турли меъда-ичак тизими хасталикларини юқтириб олиш ҳеч гап эмас. Айниқса, иссиқ кунда кўп суюқлик ичиш кишини янада чанқатади ва меъда шираси суюлгани сабабли унга тушган микроорганизмларни қириб ташлашга кучи етмайди.
Ўткир ичак инфекцияси - яъни, ич кетар бу ўта юқумли касаллик бўлиб, қуйида қайд этилган белгилар билан кечади.
Яъни мактаб ва мактабгача таълим, умумий овқатланиш муассасаларида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, яъни ўйинчоқ, сочиқ ва идиш-товоқларни ҳар бир киши учун алоҳида ишлатмаслик, ювишда дезинфекцияловчи эритмалардан нотўғри ёки умуман фойдаланмаслик ортидан келиб чиқади. Ўткир ичак инфекциясининг кўпайиши ва тарқалиши кўпроқ ёз мавсумига тўғри келади. Сабаби оптимал иссиқ ҳарорат ва шароит туфайли микроорганизмлар учун қулай муҳит яратилади.
Инфекция оғиз бўшлиғига қўлларимизни ювмасдан ейилган таомлар, сифатсиз ва туриб қолган овқатларни истеъмол қилиш орқали киради. Сўнг эса инсонда меъда соҳасида беҳузурлик, кекириш, оғриш, кўнгил айниши, тез-тез қайт қилиш, ҳарорат кўтарилиши каби аломатлар кузатилади. Бу ҳолатда организмда сувсизланиш бошланиб тери ва шиллиқ қаватлар, лаб, тил қуриши ва оқариши юз беришини кузатиш мумкин. Юракнинг тез-тез уриши, ҳолсизлик, қўл-оёқларнинг бўшашиши, пешобнинг камайишидан бемор шикоят қилади. Агар патологик жараён меъдадан ичакка тушса унда юқорида кўрсатилган белгиларга қўшимча қорин оғриши ва нажаснинг тез-тез сувдек ҳамда шиллиқ яшил келиши касални безовта қилади. Бу ҳолатда танада сувсизланиш ва заҳарланиш даражаси ортиб боради.
Касалликни даволагандан кўра олдини олиш афзал деганларидек истеъмол қилинган сут ва гўшт маҳсулотлари, мева ва сабзавотларнинг тозалиги ҳамда сақланишига ва тайёрланишига катта эътибор бериш керак. Агар оилада, қариндошларда ёки ич кетар билан касалланган беморларни парвариш қилишда мулоқотда бўлсангиз бу ҳолатда идиш-товоқларни, сочиқ ва барча фойдаланилаётган нарсаларни алоҳида ажратиш, шунингдек дизенфекцияловчи эритмаларга 30 дақиқа бўктириш йўли билан бошқаларга юқишининг олдини олиш мумкин.
Касаллик аломатларини сезишингиз билан албатта шифокорга мурожаат қилишингиз даркор. Унга қадар эса тананинг сувсизланиб қолишини олдини олиш учун тез-тез суюқлик яъни, кўк чой, новвотли қора чой, "Регидрон" эритмасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирги кунда касалланган беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида тумандаги оилавий поликлиникалар ва шифокорлик пунктларида оғиз орқали сувлантириш (ОРП) хоналари жорий қилинди. Ушбу хоналар беморларга биринчи ёрдам учун зарур дори воситалари билан таъминланган бўлиб, дастлабки чоралар кўрилади. Шунда ҳам беморнинг аҳволи яхшиланмаса тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига юборилади.
Юқорида таъкидланган кўрсатмаларга амал қилиш орқали бу каби касалликларни олдини олиш ва соғлиғимизни хавфдан ҳоли қилишимиз мумкин эканлигини унутмайлик.
Санэпидқўмита Оқдарё туман бўлими аҳолимизга ўткир ичак инфекцияларидан огоҳлантириб, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга, гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга чақиради. Соғлигингиз - ўз қўлингизда эканлигини унутманг!
Зарифа САМАНДАРОВА,
Санэпидқўмита туман бўлимининг олий тоифали эпидемиолог
шифокори
СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШ АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ
- 14 окт, 10:50

Саломатлик туман бойлик
- 22 мар, 01:31

Саломатлик
- 21 янв, 14:51

Саломатлик
- 30 дек, 11:35