ЎЗБЕКИСТОНДА СОВЕТ ҲОКИМИЯТИНИНГ ДИНИЙ УЛАМОЛАРГА НИСБАТАН ЮРИТГАН ЧЕКЛАШ СИЁСАТИ

Собиқ совет тузуми иқтисодий таянчларининг вужудга келиши маънавий ҳаётнинг зўравонлик билан умумийлаштириш, коммунистик мафкуранинг кенг  миқёсда ёпирилиб кириши билан бирга борди. Бундай ёндашув сон-саноқсиз истилочилар тўдалари томонидан халқни маънавий жиҳатдан мустамлака таъсирига олиш соҳасида синаб кўрилган андозага тўла тўкис мос келади. Маълумки, кўп минг йиллик тарихга эга бўлган ўзбек халқи октябрь тўнтариши даврига, ғоят бой маданий меросга эга эди. Бироқ ҳокимиятни советлар қўлга киритгандан кейин Туркистон жамиятининг маънавий ҳаётига ҳалокатли зарбалар берилди. Совет тузумининг "маданий" сиёсати аввал бошдан аҳлоқ, адабиёт, санъатни самарали миллий заминдан ажратиб қўйишга, миллий фикрлаш тарзига ёт бўлган "пролетар маданияти"ни ва коммунистик мафкурани сингдиришга  мўлжалланган эди.
Маданий соҳаларни мафкура измига солиш дин масалаларини ҳам четда қолдирмади. Марксизмга асосланган совет мафкурачилари исломнинг юксак илмий-маданий қимматини инкор этиш учун нисбатан "социалистик турмуш тарзига мос келмайдиган" эски, қолоқ, реакцион қарашлар деган устқурмани танлаб олдилар.
Совет хукумати ва коммунистик партия Туркистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатган дастлабки даврлардан бошлаб халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига қарши сиёсат юргиза бошлади. Бу моҳиятан тушунарли ҳолдир. Чунки, совет ҳокимияти халқимизнинг миллий ва диний маънавиятига ўзгартирмасдан туриб бу ўлкада узоқ муддат ҳукмронлик қила олмасликларини яхши билар эдилар. Аммо дин ва диний уламоларга қарши қатағон сиёсатини большевиклар бирданига эмас, балки аста-секин ва босқичма-босқич амалга ошириб бордилар. Россия совет Республикаси ХКС 1917 йил 20 ноябрда эълон қилган "Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига" мурожаатида: "Сизнинг дин ва урф - одатларингиз…. Бундан буён эркин ва  дахлсиз…" деб эълон қилинди. Бироқ реал ҳаётда бунинг акси бўлди.
Марказий ҳукумат - Халқ Комиссарлари Совети 1918 йил 2 январда черковни давлатдан ажратиш тўғрисида қабул қилган декрети жорий этилиб, "Туркистон мухторияти" тугатилгандан кейин  1918 йил бошларидан эътиборан атеистик экстремизм сиёсати айниқса фаол равишда ўтказила бошланди. Бу декрет РСФСР ва собиқ Иттифоқ Конституциялари асосида қабул қилинган Ўзбекистон ССР нинг  1927 ва 1937 йилларда қабул қилинган Конституциялари учун асос қилиб  олинди ва виждон эркинлиги ғояси илгари сурилди. Амалда эса мутлоқо бошқа қонунлар ҳукмронлик қилди.         1918 йил ноябрида Туркистонда эълон қилинган динни давлатдан, мактабни диндан ажратиш тўғрисида декрет, шу каби қатор бошқа кўрсатмалар асосида мачитлар ва мадрасалар ёппасига ёпила бошланди, ислом динига, унинг раҳномаларига кучли тазйиқ, ҳақорат, хўрлашлар авж олдирилди. 20-йиллар бошларида халқ оммасининг қаҳри-ғазаби ошиши натижасида вақфлар, қозиликларнинг тугатилиши тўхтатилган бўлса ҳам (кейинроқ 1928 йил махсус қарор билан вақфлар тугатилган) советлар ҳокимиятининг ерли аҳоли маданияти, имон-эътиқодига душманлик сиёсати ўзгармади. Бундай сиёсат собиқ Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳудудларида ҳам совет тузуми ўрнатилиши билан қўлланила бошланди.
Хоразм республикаси тузилиши билан большевиклар, қизил армия командирлари халқ эътиқодини ҳақорат қилдилар. Маданий обида бўлган хон саро-йида солдатлар казармаси жойлашди, отлар боғланди. Мадрасалар ёпилди, вақф мулклари мусодара қилинди, 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва қизлар рўйхатини тузишга буйруқ берилди. Бу буйруқ эълон қилинган куннинг эртасига Муҳаммадаминхон мадрасасида имом, охун, қози ва бойлар намойишга йиғилдилар. Оқсоқоллар ўзига қарашли аҳолини бу намойишга келишгагина эмас, бутун совет ҳукуматига қарши ташвиқот қилдилар. Натижада 1920 йил июнида Хивада мадраса ўқувчилари, мударрислар исён кўтардилар. 5-6 минг киши қатнашган қўзғолонни қизил аскарлар ёрдамида бостирдилар.
Бухоро шаҳрига Фрунзенинг қизил армияси ҳужум қилиб, снарядлар ёғдирганида маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган арк, бошқа обидалар ёнғинда қолди, вайрон бўлди. Машҳур Минораи Калон тўплардан нишонга олинди, унга жиддий зарар етказилди. Пойтахтда, қатор вилоят ва туманларда мачитлар, мадрасалар бузилди, қўшин отхоналарига айлантирилди. Россия эмиссари И. Сольц Бухоро республикасида иккита вазифа бўлиб, улардан биттаси "муллаларнинг ғоявий таъсирига қарши кураш", деб белгилади. Сўл гуруҳлар "эски мактабларга қарши кураш"ни байроқ қилиб кўтардилар. 1929 йилдан собиқ иттифоқда черков ва масжидларга қарши янгитдан хужум бошланди. 1929 йил 8 апрелда ҳукуматнинг черков ва масжидларнинг даромадини назорат қилишни кучайтириш тўғрисида фармони қабул қилинди. 22 майда собиқ иттифоқ конституциясининг 13 моддасига тузатиш киритилди, диний маданий қадриятларга эркинлик бериш баробарида унга қарши ташвиқот олиб боришга ҳам рухсат этилди. Диний тарғибот бора-бора давлатга қарши сиёсат деб баҳолана бошланди. Диндорлар ва диний хизматчилар ҳамда уларнинг оилалари фуқаролик хуқуқларидан маҳрум этилди. Улар "ҳуқуқдан маҳрум этилган"лар сингари савдо карточкаларидан, тиббий ёрдам олишдан, коммунал уй-жойлардан маҳрум этилган. Диндорларнинг болалари мактабга бориш ва олий ўқув  юртларида ўқишдан маҳрум қилинди. Натижада диний уламоларнинг фарзандлари яшаш ва ўқиш учун отадан воз кечиб, фамилияларини ўзгартиришга мажбур бўлдилар. Юзлаб черков ва масжидлар, жумладан тарихий обидалар бузиб ташланди. Собиқ иттифоқ марказида эса сақланиб қолган черковларнинг қўнғироқларини саноатда метал кераклиги баҳонасида олиб ташланди ва қўнғироқлар овози ишчиларни ишлашига "халақит бермаслиги керак" деб уқтирилди. 
Большевиклар ўзларининг ҳокимиятда тутган йўлларини нисбатан мустаҳкамлаб олган даврдан бошлаб ҳамма жойда мухолифатдаги газеталарни, миллий диний-сиёсий ташкилотларни ёпиб қўя бошладилар, диний муассасаларнинг мол-мулки мусодара қилиниб, руҳонийлар ва обрўли мусулмон арбоблари айбсиз  ҳибсга олинди.
Совет хукумати ва коммунистик партия "дин-халқ учун афюндир" деган ғояга амал қилди. Диндорлар таъқиб ва тазйиқ остига олинди. Диний адабиётлар "реакцион" деб эълон қилинди. Диний китобларни йўқотиш баҳонасида араб имлосига асосланган эски ўзбек имлосидаги барча китоблар йўқ қилинди. Мачитлар ва мадрасалар бузиб ташланди.
Ўша пайтларда илғор руҳонийларнинг берган маслаҳатлари, уларнинг тинчлик-тотувлик билан таълим ислоҳотларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари рад этилди. Чунки расмий ҳукумат улардан хавфсираб, бу янги шароитга мослашиб олиш учун уринаётган руҳонийларнинг айёр  сиёсатидир, деб баҳоланди. Партия ва давлат арбоблари орасида ислом дини Ўрта Осиёдаги маҳаллий миллатларнинг мустамлакачилик зулмига ва  руслаштиришга қарши раҳнамоси деган фикр мавжуд эди. Шунинг учун ҳам динга ва руҳонийларга қарши 30-йиллар очиқдан-очиқ "совуқ уруш" эълон қилинди. Бунинг учун махсус "курашган худосизлар" ташкилоти тузилиб, унинг бўлинмалари барча корхона ва муассасаларда ташкил этилди. "Курашган худосизлар" иттифоқи умумий шубҳаланиш вазиятини кучайтиришда катта роль ўйнади. Унинг фаолиятида ёш қизларни турмушга бериш, қалин олиш, аёлларни хўрлаш ҳолларига қаршилик кўрсатиш каби ишларда ижобий натижаларга эришилган бўлса-да, бироқ руҳонийлар ва динга эътиқод қилувчиларга нисбатан  шафқатсиз кураш олиб боришда салбий роль ўйнади. Бу ташкилот берган маълумотлар асосида республика ҳукумати томонидан 1931 йилнинг ўзида Фарғона, Бекобод ва Тошкентда бир қатор черковлар, масжидлар ва диний мактаблар ёпиб қўйилди. Тошкентнинг Октябрь тумани аҳолиси камсомол клубларига айлантирилган масжидларни халққа қайтаришни талаб қилиб чиқди. Лекин бу чиқишлар тузумга қарши уюштирилган тарғибот деб баҳоланди. "Курашган худосизлар" иттифоқи ҳисоботига қўра, 1931 йилда беш йиллик режа бажарилган бўлиб, унинг сафига Ўзбекистонда 90000 киши аъзо бўлган, улардан 60000 нафари ёшлар эди. Лекин, шунга қарамасдан, Ўзбекистон халқлари диний эътиқоддан, диний қадриятлардан мутлоқо воз кечмади. Большевикларнинг динга қарши зўравонлиги ва таъқиблари остида бўлса-да, бу эътиқодни имкон даражасида сақлаб қолишга ҳаракат қилди.
(Давоми бор)
Нодир Мирзаев, 
тарихчи.