ЯНГИ ҚОНУН МОҲИЯТИ

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонуни 2023 йил 31 октябрдан кучга кирди.
Мазкур Қонунни қабул қилишга нима зарурат бор эди?
Кейинги йилларда мамлакатимиз мудофааси, хавфсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш, замонавий қуролланган ва қудратли армияни шакллантириш ҳамда ҳарбий хизматчиларни ва Қуролли Кучлар тизими ходимларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Шундай кенг қамровли ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар натижасида ҳарбий йўналишдаги давлат дастурлари ижросини ўз вақтида ва самарали ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда Қуролли Кучлар тизими ходимларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ҳолатларининг барвақт олдини олиш ва соҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш масалалари алоҳида долзарб аҳамият касб этди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги тегишли Фармони қабул қилинди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, қарийб чорак асрдан буён Ҳарбий прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилмаган эди.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси зиммасига унинг Қуролли Кучларда қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга, шунингдек, ҳарбий прокуратура органлари, шу жумладан, ташкилий-штат тузилишига ва фаолиятга доир бошқа масалаларга оид қатор вазифалар юклатилди.
Ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ташкилий-штат тузилмаси ва таъминоти Мудофаа вазирлигидан Бош прокуратурага ўтказилди.
Бош прокурор ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорига ҳарбий прокуратура органларига ҳарбий хизматга қабул қилиш ва ундан бўшатиш, ходимларга белгиланган тартибда ҳарбий унвонлар бериш ваколатлари берилди.
Қуролли Кучлар вазирлик ва идоралари Ҳарбий ҳайъатининг, ҳарбий округлар ҳарбий кенгашларининг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини, аҳолининг тинч ҳаётини таъминлашда қонунийликни таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори ва ҳудудий ҳарбий прокурорлар масъулиятини ошириш кўзда тутилди.
Бир сўз билан айтганда, бу каби янгилик ва ўзгаришлар ҳамда Фармонда белгиланган қатор вазифалар "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг тегишли нормаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди.
Шундан келиб чиқиб ҳамда юқоридаги Фармон ва у билан тасдиқланган "Йўл харитаси" ижроси доирасида "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда қабул қилинди.
Мазкур Қонунга кўра, ҳарбий унвонлар бериш ва олий даражали ҳарбий унвонлар бериш тўғрисидаги тақдимнома билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат этиш Бош прокурор ваколатига киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг:
- беш йиллик ваколат муддати;
- йигирма беш ёшдан кичик бўлмаслиги;
- ходимларни муайян лавозимларга тайинлаш ва озод этишдаги, шу билан бирга, ўзига бўйсунувчи ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар, фармойишлар чиқариш ваколатлари қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ, прокуратура органлари ва муассасаларининг ходимларига даражали унвонлар ва ҳарбий унвонлар бериш ҳамда улардан маҳрум этиш, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартиби "Прокуратура тўғрисида"ги қонунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ва муассасаларида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланиши назарда тутилди.
Умуман олганда, "Прокуратура тўғрисида"ги қонуннинг 9 та моддасига ва жами 18 та нормасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мухтасар айтганда, ушбу янгилик ва ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича ҳарбий прокуратура органларининг чинакам мустақил фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида, шу жумладан, бюджет маблағларини ва давлат мулкини талон-торож қилиш ҳолларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга замин яратади.
Озод Бахронов,
Тошкент ҳарбий прокуратураси 
катта терговчиси,  
адлия майори.