ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ТУШУНЧАСИ

Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги (янги таҳрирда) 2020 йил 17 августда ЎРҚ-633-сонли Қонуни қабул қилинган. 
Ушбу Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат. 
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Ушбу Қонунга кўра, вояга етмаган шахс савдоси "Одам савдоси" деган тушунчада кўрсатилган таъсир ўтказиш воситаларидан фойдаланилган-фойдаланилмаганлигидан қатъи назар, ҳар қандай ҳаракат ёки битим бўлиб, улар воситасида вояга етмаган шахс ота-онаси, бошқа қонуний вакили ёки ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда ундан фойдаланиш мақсадида ёхуд моддий ёки бошқа наф олиш мақсадида бошқа шахс-га ҳақ эвазига берилади.
Одам савдоси - куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бош-қа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. 
Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини, тўқималарини ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишни англатади.
Одам савдосидан жабрланган шахс - одам савдосидан, бундай ҳаракатга розилик берганлиги-бермаганлигидан ва жиноят процессида иштирок этганлиги-этмаганлигидан қатъи назар, жабрланган жисмоний шахс ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар камайган бўлсада, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётганлиги, "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддаси 5-қисмида одам савдоси вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахс розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш (чақалоқларни сотиш), ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишга қаратилган жиноий фаолият ошиб бормоқда.
Лазизжон Ўткиров, 
туман суди раисининг ёрдамчиси.