МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Юқоридаги мисоллар орқали волостларда таълим-тарбия ишлари маълум бир тизимда йўлга қўйилганлигини ва Оқдарёнинг шаҳар ва қишлоқларининг маданий савияси бу даврда ҳам юқори даражада бўлганлигига маълум бўлди. 
Қадимдан ўз қоғозлари билан Шарқ ва ўарбга машҳур бўлган Самарқанднинг шаҳар ва қишлоқларида XIX асрнинг охирларида ҳам қоғоз тайёрлаш устахоналари кўп бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Масалан, Янгиқўрғон волостида 43 та,  Даҳбед волостида эса 21 та қоғоз тайёрлаш устахонаси мавжудлиги манбаларда қайд этилган. Бу ҳолат ҳам ҳудудда таълим тизимини ривожланишида муҳим аҳамият касб этган. 
Юртимиз руслар томонидан босиб олингач,  мактаб соҳасидаги сиёсати руслаштиришдан иборат бўлса ҳам, лекин рус болалари билан маҳаллий аҳоли болаларини биргаликда ўқишлари, улар ўртасида ўзаро дўстликни тарбиялар эди. Бу миллатларни ўзаро яқинлашуви бўлса-да, бу йигитчалар ўзбек болаларидан ўзбекча ўрганишга имкон туғдирар эди. 
Рус мактабига ўқишга кирган болалар рус тилини мутлақо билмас эдилар, натижада дарсларни тушунишда анча қийинчилик туғдирар эди. Шу билан бирга рус мактабларида ўқиётган болаларнинг онг ва тафаккури ривожланмай қолаверар эди. Бу ҳол ерли аҳолини истибдод исканжасида сақлаш учун рус истилочиларига керак эди. 
Шунинг учун чор ҳукумати ўқиш мазмунини бир оз ўзгартириб, рус мактабига кирган, лекин рус тилини мутлақо билмайдиган ўқувчи рус тилида сўзлашиб олмагунча одатда қуйи бўлимда ўқир эди; рус тилида сўзлашишни ўрганиб олгандан ке-йингина юқори бўлимга ўтказилар эди. Юқори бўлимга ўқув йилини ўрталарида ҳам ўтказилар эди, чунки мактаблар кичкина бўлиб, бир ўқитувчи бир хонада, бир вақтнинг ўзида бир неча бўлим билан машғулот олиб борар эди.
Миёнкол туманларидаги   мактаб ва мадрасалар ҳам бутун Бухоро хонлигидаги  каби асосан диний, қисман дунёвий ўқув усулига асосланган эди.  Лекин  шуни алоҳида таъкидлаш керакки, баъзи бир рус ва собиқ совет олимлари ёзганидек, маҳаллий аҳоли буткул саводсиз бўлмаган. Чунки,  ҳар  бир қишлоқ ва маҳаллада мактаблар мавжуд бўлиб, уларда кўплаб ўқувчилар таҳсил  олганлар. Мадрасалар эса, шаҳарларда жойлашиб, уларда кўплаб талабалар ўқиганлигини тарихий манбалар тасдиқлайди. Ўтмишда Туркистон халқлари орасида хотин-қизлар саводхонликдан четда  тутилган,  деган иборалар билан собиқ  совет ҳукумати даврида ўринсиз жар солинганлигини биргина Оқдарё тумани тарихига тегишли  бўлган далиллар ҳам тасдиқлаб, бундай  ҳолатнинг мавжуд эмаслигини кўрсатиб  турибди. Чунки, мазкур даврда Миёнкол  туманининг чекка қишлоқларидаги оддий  мактабларда ўғил болалар  қаторида   қизлар ҳам таҳсил олиб, ўз саводини чиқарганлар.  
Ушбу шаҳарлар Самарқанд вилоятининг  маъмурий бошқарув ва иқтисодий марказлари бўлиши билан бир қаторда, маданий марказлари ҳам эди. Вилоят маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган ушбу шаҳар ва қишлоқларда илм ва маърифат ўчоқлари саналган мактаб, масжид ва мадрасалар мавжуд эди. 1920 йил 2 сентябрда Бухорода монархия тартиби ағдарилганидан сўнг, қисқа муддатда Файзулла Хўжаев (1896-1938 йй) бошчилигида нозирлар кенгаши ҳукумати тузилиб, мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ривожланиши йўлида бир қатор истиқболда хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинди. Жумладан, дастлабки кунларданоқ Бухоро Халқ Республикасида замонавий маориф тизимини вужудга келтириш муҳим вазифа қилиб қўйилди. Мактабларда буюк алломаларимиз томонидан ишлаб чиқилган қуйидаги босқичдаги таълим бериш тартибини қўллашга алоҳида эътибор берган.
* ўқитишда бирданига китоб билан банд қилмаслик;
* таълимда енгилдан оғирга қараб бориш;
* олиб бориладиган машғулотлар болалар ёшига мос бўлиши;
* жамоа бўлиб ўқитишни ташкил этиш;
* таълимда болаларнинг истаги, қизиқиши қобилиятларини ҳисобга олиш;
* таълимни жисмоний машқлар билан қўшиб олиб бориш.
БХСРнинг ҳукумат таркиби собиқ жадидлардан иборат бўлиб, улар аввал бошданоқ халқни саводли қилиш орқали жаҳолат ва қолоқлик ботқоғидан халос қилиш мумкинлиги тўғрисидаги орзу-умидларининг рўёбга чиқариш вақти етиб келди, деб ҳисобладилар. БХСР ҳукуматининг дастлабки йилида ишлаб чиқилган ва "Бухоро ахбори" газетаси да БХСР маориф нозири Қори Йўлдош Пўлатов ва мактаб шўъбаси мудири имзоси остида эълон қилинган "Мактаблар ҳақида умумий қоидалар"  ("Қоидалар") ва унинг ёш авлодни саводли ва маънавий комил қилиб тарбиялашга йўналтирилганлиги, тарихий тажриба тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилган. Мазкур "Қоидалар" Бухорода амирлик тартиби тугатилганига кўп вақт бўлмай, яъни уч ой ўтар-ўтмас, 1920 йилнинг ноябрь ойида ишлаб чиқилганди. Ушбу ҳужжат матни билан танишар эканмиз, унинг "Умумий қоидалар", "Таълим-тарбия ишларига оид", "Мактаб идораси ҳайъати вазифаси", "Мактаб шўросининг вазифаси", "Мактаб ходимлари учун категориялар" каби бўлимлардан иборат эканлигига воқиф бўламиз.
"Қоидалар"да амирлик замонида мавжуд бўлган эскича диний мактаб ва мадраса таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолини ёппасига саводини чиқариш масаласи кун тартибига қўйилади. Мактаб ишлари ҳақидаги режада: 8-16 ёшли болалар учун ибтидоий (бошланғич) мактаблар очиш, саводсизликни тугатиш курслари ҳамда муаллим ва мураббийлар тайёрлайдиган махсус ўқув юртларини ташкил этиш кўзда тутилади. Матбуот саҳифалари орқали "Қоидалар" эълон қилинганидан кейин, бу зиёли жамоатчиликнинг муҳокамасига ҳавола қилинганлиги, бу борада мунозаралар авж олганлигига гувоҳ бўлинди.  
Жумладан, ҳужжатда бошланғич мактабларда ўқув муддати 7-8 йил давом этиши қайд қилинган. Кейинчалик айнан шу масалада мунозаралар кучайиб кетади. "Бухоро ахбори" газетасининг бир қатор сонларида ушбу муддатни 4-5 йилга тушириш билан боғлиқ таклифлар билдирилганлигига воқиф бўлинди. "Қоидалар"да эски мактабларни ислоҳ қилиш, янги мактаблар ишида мадрасада таълим берган муаллимлардан фойдаланиб туриш, қизлар мактабларини ташкил этиш, болалар боғча ва яслилари очиш, таълимнинг мажбурийлигини таъминлаш, ўқувчиларни ҳукумат ҳисобидан бепул овқатлантириш масалалари қайд этилади. "Қоидалар"нинг 1-бўлим 11-бандида: "Мактабларнинг ҳар қайсисида тарбия олмоқ билан бирга, болалар учун мумкин бўлғон равишда ош, чой, кийим ҳам берилур", - деб ёзилган. Мактабларда болалар соғлигини назорат қилиш учун доимий тиббий назорат кўригини ташкил этишга диққат-эътибор қаратилган. "Қоидалар"нинг ушбу жиҳатлари билан танишар эканмиз, кўпгина масалалар бугунги кун таълим тизимида жорий этилган, амалий натижалар бераётган жараёнларга уйғун эканлигига шубҳа туғдирмайди. 
Таълим-тарбияда "болаларни сўкмоқ, урмоқ, жазо бермоқ битирилиб, ўгит-насиҳат, танбеҳ, ўрнак кўрсатиш (ибрат-намуна)" усулларини қўллаш қоидаси кўрсатилган. Таълим "ахлоқий, фаний, сиёсий (мафкуравий)" равишда бўлиши, ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 30-35 киши қилиб белгиланиши ёзиб қўйилган. "Қоидалар"да ўқувчиларга онгли тарбия бериш, таълим-тарбияни уйғунликда қўллашга эътибор қаратилган.
Мактабларда тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, дарс жадвалларини тузиш ва ўқув жараёнини уюштириш, мактабнинг моддий-маънавий базасини мустаҳкамлаш, яхши педагог мутахассисларни танлаш каби кенг миқёсдаги вазифалар раҳбарият зиммасига юкланади. "Мактаб мудирлари мактабни идора қилғонлари учун 25 фоиз ортиқ олурлар, ҳафтасинда 12 соат дарс берурлар" -деб ёзилган. "Қоидалар"нинг "Мактаб ходимлари учун категориялар" бўлимида ўқитувчи мураббийларга маош тўлашда уларнинг малакаси, маълумоти, иш тажрибасига қараб йўл тутилиши таъкидланган. "Мактаб ходимларига 3 категория ва 5 даража орасинда мояна берилур, яъни 8000 сўмдан 6000  сўмга қадар. 
        1- даража 8000 сўм.   
        2- даража 7500 сўм.
        3- даража 7000 сўм.
        4- даража 6500 сўм.  
        5- даража 6000 сўм.     
Биринчи даража билан бешинчи даража ўртасида фарқ  2000 сўм бўлиб, бу тарзда масаланинг қўйилиши муаллим ва мураббийларни ўз педагогик маҳоратини орттиришга, таълим-тарбия беришдаги касбий қобилиятларини янада такомиллаштириб боришларига туртки берарди. Бугунги кунда маошни категориялар ва даражалар асосида тўланиши ўша давр тажрибасининг замонавий кўринишларидан бири эканлиги шубҳа туғдирмайди. -10 ёшгача бўлган болалар учун дарснинг давомийлиги 4 соатдан ошмаслиги, ҳар 40 минутлик дарсдан сўнг дам олиш учун танаффус бўлиши; 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчиларга 5 соатдан ва 14 ёшдан 16 ёшгача бўлганлар худди шундай танаффус билан 6 соат ўқиши, шунингдек, ўқув йилининг охирида совет мактабларида белгиланган муддатларда дам олишга чиқиш;  
Халқ маорифи комиссарлиги 1920 йилда мактабларнинг ўқув дастурларини эълон қилди. Кейинчалик бу ўқув дастурлари мукаммаллаштирилди. Бироқ мактаблар учун тузилган ана шу энг биринчи ўқув дастурлари чор ҳукумати ва капиталистик мамлакатлар ўқув дастурларидан фарқ қилувчи характерли белгилари бор эди: 1) гуманитар, физика-математика ва биология фанлари киритилиб, ўқув фанларини хилма-хил бўлиши; 2) тил ва адабиёт - 38 соат, математика 36 соат, яъни энг кўп ўқув соатлари берилиши; 3) табиёт, физика ва химияга кўп соат берилиши (ҳаммаси 48 соат); жисмоний тарбия - 16 ва санъатга -21 соат ажратилди.
Миёнкол худудидаги янги типдаги даст-лабки дунёвий илм маърифат маскани   дастлаб Миёнколнинг маъмурий марказларидан бўлган Янгиқўрғонда ташкил этилди.  Юқоридаги манбалардаги маълумотлар шундан далолат берадики, Янгиқўрғон қишлоғида ХХ аср бошларида ўша давр учун анча ноёб ҳодиса ҳисобланган қоғоз ишлаб чиқариш, пахтани тойлаш, унинг сифатига қараб навларга ажратиш, чинни ишлаб чиқариш, миллий ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ишларининг нисбатан юқори савияда ривожланган бўлиб, бу ўз-ўзидан ушбу ҳудудда яшаган халқларнинг маданий ва маърифий савиясига ижобий таъсир кўрсатган. Бундай ижобий омиллар таъсирида 1920 йилларга келиб, халқ таълимини ривожлантириш, одамлар онгига маънавий озуқа бериш, дун-ёвий илм-маърифатни сингдириш энг муҳим вазифалардан бирига айланиб, унинг яратилишига тарихий асос бўлиб хизмат қилди. Даврнинг таҳликали дамларида янгиқўрғонлик бир гуруҳ зиёлилар 1922 йилда ҳудуднинг бадавлат ва бообрў бойларидан бўлган Ҳасанбой бобонинг ҳашаматли ҳовлисида дунёвий илм берадиган ҳозирги 2 умумтаълим мактабига асос солдилар.  Ушбу тарихий воқеа бутун Миёнкол ҳудудида таълим тизими тарихида ўзига хос дастлабки қадам сифатида мактаб маориф тизимининг кейинги ривожланиш даврларида ўзига хос дебоча бўлиб хизмат қилди.
Давоми бор.
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактабнинг тарих
 фани ўқитувчиси.