Аҳолини рўйхатга олиш БАРЧАСИ МУТАХАССИСЛАРГА БОҒЛИҚ

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири мамлакатимизда уч босқичда амалга оширилади. Бунда биринчи босқич тайёргарлик босқичи бўлиб, бу жараён уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчи босқичда аҳолини бевосита рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади. Яъни, аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади. Бу тахминан икки ой муддатни ташкил этади. Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар эълон қилинади. Ушбу тадбирни амалга оширишда рўйхатга олувчиларни саралаб олиш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни ўша мутахассислар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар ҳар хил ёшда ва касбда бўлиши, биринчи навбатда, давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистр-лар, шунингдек, таянч докторантлар бўлиши мумкин. Ёши ва касбидан қатъий назар, аҳолини рўйхатга олувчилар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар амалдаги ҳужжатларга, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштириш кўзда тутилган. Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган. Чора-тадбирлар дастурида аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш муддати 2025 йил 1 декабрга қадар, деб кўрсатилган. Яъни маълумотлар билан танишишнинг охирги чегара муддати белгиланган. Бироқ агарда тезкор фаолият юритилса, маълумотларни кўрсатилган муддатдан олдин ҳам эълон қилиш имконияти мавжуд бўлиши мумкин.
Туман статистика бўлими.