Таълим даргоҳларида ҲАМКОРЛИК САМАРА БЕРАДИ

Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”
Абдулла Авлоний.
Бундан юз йил муқаддам улуғ аллома Абдулла Авлонийнинг айтилган юқоридаги сўзлари бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб ва муҳим эканлигини унутмаслигимиз керак. Шу боисдан ҳам таълимга кейинги йилларда алоҳида эътибор қаратилаяпти. Маҳалла, ота-оналар ва мактаб жамоалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида давлат миқёсида изчил сиёсат амалга оширилаётганлиги ҳам ўзининг ижобий натижаларини яққол намоён қилмоқда. Бу борада туманимизда ҳам бир мунча ишлар қилинаётганлигини ҳам эътироф этиш керак. Мутасадди раҳбарлар иштирокида мактабларда ота-оналар билан ўтказилаётган учрашувларда ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммолар ҳақида ҳам очиқчасига фикр юритилмоқда. 
Яқинда Янгиқўрғон шаҳарчасида жойлашган 5-умумтаълим мактабида ўтказилган ота-оналар иштирокидаги йиғилишда ҳам таълим-тарбия, ота-оналарнинг бурчлари ва педагогларнинг вазифалари ҳақида фикр юритилди. Йиғилишда иштирок этган туман “Нуронийлар” Кенгашининг раиси Ҳамидулло Қаршиев муҳтарам Президентимиз томонидан халқ таълими соҳасига катта эътибор берилаётганлиги, фарзандларимизнинг таълим олишларига ота-оналар ҳам алоҳида жиддий вақт ажратишларини таъкидлар экан, ҳали ҳам айрим ота-оналаримиз билим масканлари билан яқиндан алоқада бўлмаётганлигини мисоллар билан айтиб ўтди. Сўзга чиққан туман “Инсон” ижтимоий ҳимоя марказининг раҳбари Наврўз Идрисхонов аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатлами бугунги кунда давлат раҳбарининг эътиборида бўлаётганлигини, бу борада агентлик томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Тадбирда иштирок этган туман Маҳаллалар уюшмасининг раиси Рустам Хусанов маҳалла, ота-оналар ва мактаб ҳамкорлиги амалга оширилса кўзланган мақсадга албатта эришилади деган фикрни олға сурди. 
         Йиғилишда мактаб фаол ўқувчилари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилиб, Она Ватанимизни мадҳ этувчи шеърлар янгради. Шунингдек, фарзандлари аъло баҳоларга ўқиётган ота-оналарга мактаб маъмуриятининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.
         Ўз мухбиримиз.
         Суратларда тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.
         Суратларни махсус мухбиримиз С. Ибрагимов олган.