Бизни ўйлантираётган муаммолар Гўшт нархи қимматми?

Кўпинча давраларда гўштнинг нархи ошиб кетаяпти, туширишнинг иложи йўқмикин, деган гапларни эшитамиз. Аслида ҳам гўштнинг нархи қимматми? Бу масала бўйича мутахассислар билан суҳбатлашдим. Уларнинг айтишига қараганда, гўшт-нинг ҳозирги нархи қиммат эмас. Дейлик, 1 килограм гўшт нархи ҳозир дўконларда 80 минг сўмни ташкил этаётган бўлса, етиштириш учун эса қарийб 100 минг сўмга тўғри келаяпти. Бу иқтисодчилар билан ҳисоб-китоб қилинганидан сўнгги натижалардир.

Очиғини айтиш керакки, сўнгги йилларда хонадонларда қорамол боқишнинг ўзи қийин бўлиб қолди. Бир пайтлар барча хўжаликларда чорвачилик фермалари мавжуд бўлиб, камида ҳар бир фермада 2-3 минг бош қорамол боқиларди. Биргина туманимизда 1980 йилда чорвачилик фермаларидаги қорамолларнинг сони 60 минг бошни ташкил этарди. Бундан ташқари гўштга боқиладиган буқалар алоҳида. Тухум берадиган паррандачилик фермалари ҳам аҳоли дастурхонига тухум етказиб бериб, нархнинг арзон бўлишини таъминларди. Афсуски, биз айтаётган чорвачилик фермалари хусусийлаштирилгач, уни сотиб олган шахслар томонидан талон-тарож қилиб сотиб юборилди. Фермаларнинг ўрни эса аҳолига уй-жой қилиш учун сотилгани ҳам сир эмас. Хўш, гўштнинг нархини бир меъёрда сақлаб туриш учун нима қилиш керак? Энг аввало, аҳоли хонадонларида боқилаётган қорамолларга давлат томонидан арзон нархда ем етказилиб берилса, нархни бир меъёрда сақлаб қолиш мумкин. Ҳозирги кунда бир килограмм емнинг нархи беш минг сўмдан ортиқни ташкил этаяпти. Бундан ташқари, қорамолларга ем-хашак бериш ҳам керак бўлади. Буни ҳам албатта пулга чақадиган бўлсак, бир боғ ўртача беданинг бозордаги нархи 10-15 минг сўмни ташкил этади. Бу рақамларнинг ўзидаёқ бир бош қорамол боқиш учун ҳам анчагина маблағ сарфлашга тўғри келаётганлигини рўй-рост айтганимиз маъқул. Шу боисдан ҳам давлатимиз томонидан аҳоли хонадонларида қорамол боқиш учун шароит яратилиб, емнинг нархи арзон қилинса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин.


Мавзуга оид: