УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида мазкур олий таълим муассасасининг журналистика факультетида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.

Тадбирда меҳмон сифатида университетнинг журналистика факультетини қирқ йил олдин тамомлаган таниқли журналистлар, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакиллари ва аъзолари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этдилар. 

Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама кафедраси мудири, доцент Рамзиддин Абдусатторовнинг “Журналистика факультети: ўтмиш ва келажак ўртасида, устозлар сабоғи – шогирдлари камоли” мавзуидаги маърузаси катта қизиқиш билан тингланди. 

1980 йилларда шу курс талабаларига матбуот назарияси фанидан дарс ўтган ардоқли устоз, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мухтор Худойқулов бугун яна бир бора “дарс ўтгач”, ўша шогирдларидан ҳисоб сўради. 

Бунга жавобан собиқ талабалар ўзларининг турли мавзулардаги китобларидан ҳадя этдилар. 

– Бугун қирқ йиллик курсдошлар дийдор кўришиб турибмиз,– дейди “Оқдарё овози” газетаси бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммад.– Умр оқар дарё деганларидек, шу даргоҳда 1980 йилларда бирга таҳсил олган курсдошларимиз юзларида нуронийлик ҳислари сезилиб турса-да, уларнинг кўзлари худди талабалик давримиздагидек илми ва ижодга чақноқдир. Университетни тугатганимиздан буён республикамизнинг турли вилоят ва туман газеталарида фаолият олиб бормоқдамиз. Энг муҳими, биз ҳали ижоддан тўхтаганимиз йўқ! Бугунги учрашувда курсдошларимиз билан бўлган қизиқ-қизиқ воқеаларни эсладик, устозларимизни хотирладик... Учрашувни ташкил этган Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига катта миннатдорлигик изҳор этамиз. 

ЎзМУ Журналистика факультети доценти, “Уч илдиз” ижодий маҳорат мактаби раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек катта тажрибага эга бўлган устоз журналистларга қарата шундай мурожаат қилди: 

– Таҳририятларингизга ишлаб чиқариш амалиётига боришаётган талабаларимизга ижод сирларини, касб маҳоратини ўргатишда Сиз амалиётчи ҳамкасбларимизнинг катта тажрибаларингиз жуда муҳимдир. Келгусида муносиб ўринбосар бўладиган журналист-кадрлар авлодини камолга етказишда қўлни қўлга бериб ҳамкорлик қилаверамиз, деган умидамиз. 

Матбуот соҳасида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган “Оқдарё овози” газетаси бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев, “Данғара” газетаси бош муҳаррири Ўктамхон Акбарова, “Музработ” газетаси бош муҳаррири Абдусалом Йўлдошев, “Чироқчи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Гулнора Жўраеваларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг “Фахрий ёрлиқ”лари топширилди. 

Мукофотларни ўз қўли билан топширган улуғ устоз Мухтор Худойқуловга таъзим бажо айлаган шогирдлари бежирим кўк тўн кийгиздилар.

Равшанжон ОМОНОВ, 
ЎзМУ Журналистика факультети декани биринчи ўринбосари