Хотира уйғонса гўзал ТИЛИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЖОНКУЯРИ ЭДИ Қадрдон дўстим, филология фанлари доктори, профессор Абдували Абдусаидовни ёд этиб...

Шоир ҳақли равишда таъкидлаганидек, "Ўтганлар руҳини шод ва ёд" этиш тирикларнинг улар олдидаги энг муҳим вазифаларидан биридир. Атрофингизга назар ташласангиз, кимлар жуда сокин, кимлар эса жуда шиддат билан фаолият юритмоқда. Самарқанд Давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори, филология фанлари доктори Абдували Абдусаидов ҳам доим шиддат билан ҳаракат қилар, доим қандайдир ишлар билан қаёқларгадир шошар, тиниб-тинчимас, кўпгина ишларни йўл-йўлакай бажариб кетаверар эди. Бу йил Абдували Абдусаидов ҳаёт бўлганида 66 баҳорни қаршилар эди.        Абдували Абдусаидов ўзининг камтарона илмий, педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан атрофидагиларга ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди. У ўзининг илмий-педагогик фаолияти давомида олтита монография, бир юз элликка яқин илмий, ўндан ортиқ ўқув услубий ишлар яратиб, ўзбек тили услубшунослиги, ўзбек тили нутқ маданияти ва нотиқлик санъатига доир қимматли тадқиқотларни амалга оширди, кўплаб олий маълумотли малакали филолог-мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди. 
У туманимизнинг Қирқдархон қишлоғида 1957 йилда таваллуд топди. Мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ она тилига, адабиётга, халқ оғзаки ижодига, сўзларнинг ранг-баранг ва сержило маъно ифодаларига қизиқди. Ўзбек тилининг  қонун-қоидаларию ўзига хос хусусиятларини ўрганишга бўлган қизиқиши, филология илмини ўрганишга бўлган чанқоқлиги, бу соҳага бўлган интилишлари уни 1974 йил Самарқанд Давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетига ўқишга етаклади. У университетдаги таҳсили давомида ҳам елиб-югуриб ўқиди. Академиклар В.Абдуллаев, Б.Валихўжаев, профессорлар Ҳ.Бердиёров, С.Мирзаев, Н.Шукуров, Р.Қўнғуров, Р.Орзибеков, Ж.Ҳожиматов,  Н.Ражабов, Ш.Холматов, Р.Муқимов каби ижодкор устозлардан таълим олди, уларнинг эътиборига тушди. 
Университетни аъло баҳоларга тугатиб, 1979-1982 йилларда Оқдарё тумани Қирқдархон қишлоғидаги ўзи ўқиган мактабига ўқитувчи бўлиб ишга борди, ўзи таҳсил олган устозлари қаторида ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанларидан таълим берди. Тезда мактаб педагогик жамоасининг эътирофини, ўқувчиларнинг эътиборини, меҳрини қозонди. Мен Абдували билан 1980 йилнинг бошларида 40-умумий ўрта таълим мактабида у дарс бераётган пайтида танишган эдим. У матбуотни севар, қадрлар, кундалик чоп этилаётган нашрларни тинимсиз ўқиб борарди. Бевосита Абдувалининг ташаббуси билан мактабда "Ёш мухбирлар" ва "Ижодкорлар" клубини ташкил этдик. Бу клубда қатнашаётган ёшлар мақола, шеър, ҳикоя ва бошқа жанрлар қандай ёзилишини ўрганишарди. Шундан буён Абдували билан қадрдон дўст эдик. У Лойишга келганида доимо "Оқдарё овози" газетасига ташриф буюрар, чоп этилаётган мақолаларга ўз муносабатини билдирарди. У самимий ва садоқатли дўст эди. Барча қувончли тадбирларимизда биз билан бирга бўлар, зарур бўлган маслаҳатларни аямасди. Набираларимизнинг  2016 йилнинг 4 ноябрь куни бўлиб ўтган суннат тўйида ҳам дўстим даврани очиб берган эди. 
Қалбини илм олиш истаги тарк этмаган Абдували Абдусаидов 1982 йил Самарқанд Давлат университетига қайтиб, дастлаб таҳрир-нашриёт бўлимида муҳаррир, кейинчалик бўлим мудири вазифаларида фаолият юритди. Меҳнат фаолияти билан бирга аспирантурада таҳсил олди ва 1989 йили филология фанлари доктори, профессор Х.Дониёров раҳбарлигида "Газета тили ва адабий меъёр" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олди. Университет раҳбарияти унинг ташкилотчилик ва илмий қобилиятини инобатга олиб, университет Илмий кенгашининг котиби этиб тайинлади.
Абдували Абдусаидов бу масъулиятли лавозимда 1996-1999 йиллар давомида муваффақиятли ишлади. 1999 йилдан 2004 йилгача Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Самарқанд бўлимида бош илмий котиб ва филиал директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари   лавозимларида ишлади. Илмий изланишларини мунтазам давом эттирди ва  2005 йилда Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёти институтида "Газета жанрларининг тил хусусиятлари" мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, филология фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. Университет  раҳбарияти Абдували Абдусаидовнинг ташкилотчилик ва раҳбарлик қобилиятини инобатга олиб, уни ўзбек филологияси факультети декани, ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири лавозимларига тайинлади. Абдували Абдусаидов нафақат университетда, балки 2004-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Парламентининг тил ва маданият масалалари бўйича эксперти сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 
- Абдували билан кўп йиллардан бери қадрдон дўст эдик, - дейди икки марта Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига сайланган Мажитхон Усмонов. - У билимдон бўлиш билан бирга ниҳоятда камтарин эди. Ўзбекистон Олий Мажлисида эксперт сифатида фаолият кўрсатаётган пайтда ҳам ўзининг зуккологи, адолатпарварлиги ва билимдонлиги билан ажралиб турарди. Шу боисдан ҳам барча депутатлар уни қадрлашарди. 
Афсуски, шафқатсиз ўлим уни айни ижоди гуллаган пайтда орамиздан олиб кетди. Унинг бир олам орзулари бор эди. Ноилож ўлим ҳамиша ҳақ. Махтумқули таъкидлаганидек, бир келиб ажал ҳаммани олиб кетади. Бироқ ҳар бир инсон узоқ умр яшаганлиги билан эмас, ҳаётда қолдирган эзгу ишлари билан халқнинг ёдида қолади. Дўстимиз ҳам бир умр мана шу юртга, элга хизмат қилиб, ўзидан меҳр оқибатли, илмли ва билимли, она Ватанимизга садоқатли фарзандлар қолдирди. Оқдарёликлар Абдувалини доимо ёдларида сақлашларига ишончимиз комил.
Садоқатли дўстимиз Абдували Абдусаидов 1982 йилдан то умрининг охиригача СамДУда турли лавозимларда фаолият кўрсатиб, ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш билан бир қаторда, ўзбек филологияси факультети талабаларига ўзбек тилшунослигининг турли соҳаларидан дарс бериб, тажрибали педагог, моҳир ўқитувчи ва ташаббускор раҳбар сифатида ҳормай-толмай меҳнат қилди, элга танилди. Абдували Абдусидов ўзбек тили услубшунослиги, ўзбек тили нутқ маданияти, нотиқлик санъати бўйича мутахассис олим сифатида бир қатор монографиялар, ўқув-услубий қўлланмалар яратди, турли мавзулардаги илмий тўпламлар ва марказий журналларда бир юз элликка яқин илмий, илмий-услубий, илмий-оммабоп мақолалар нашр эттирди. Абдували Абдусаидов яратган бу асарлар ўзбек тилшунослиги ва нутқ маданиятининг долзарб муаммолари тадқиқига бағишланганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Абдували Абдусаидов моҳир педагог, тажрибали мураббий, талабчан устоз эди. У устозлик мақомига мутафаккир шоир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг "Илм ўрганмоқ -  эътиқодни мустаҳкамлаш учун, аммо бойлик орттириш учун эмас", деган пурмаъно ҳикматига амал қилиш орқали эришди. Устозлар илми зиёсидан баҳраманд бўлган ёшлар улар ишини давом эттириш баробарида, руҳини шод этиб чарчамайдилар. Абдували Абдусаидовнинг илмий фаолиятини унинг иқтидорли шогирдлари, солиҳ фарзандлари давом эттиришмоқда.
Айни пайтда дўстимиз жисман орамизда бўлмаса-да, унинг қаламига мансуб бўлган китоблар абадий қолаверади. Ёшлар эса бу китобларни ўқиб Абдували Абдусаидов деган профессор яшаб ўтганлигини, у ҳар жиҳатдан баркамол инсон бўлганлигини англаб етадилар.
Охиратингиз обод, жойингиз жаннатда бўлсин, қадрдон дўстим!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: