Олим ва дипломант

Олим ва дипломант
Отангдай  улуғдир англасанг,  устоз,
Миллион  йўл  ечими  шундадир  мумтоз.
Отанг-ку  дунёга келтирди,  устоз -
Тафаккур  боғидан  кийдирар либос.
Мен сўзламоқчи бўлган қаҳрамоним табиатан қувноқ, ҳазил-мутойибани хуш кўрадиган, кишиларни тинглайдиган, адолатсизликни суймайдиган, филология соҳасини янги тармоғи - инжинерлик тилшунослиги ва машина таржимаси назарияси соҳаси бўйича таниқли олим Ҳамдам Арзиқуловдир.
Устоз Ҳамдам Арзиқулов 1945 йил 10 октябрда  Оқдарё туманида туғилган. Унинг болалиги, мактабда таҳсил олган даври осон кечмади. Аммо қаҳрамонимиз ўзининг ҳаёт тарзи, турмушидан ҳеч қачон  нолиган эмас. Ўз олдига қўйган мақсади сари дадил қадам ташлади, ҳар қандай қи-йинчиликларни мардонавор енгиб  ўтди. 1962 йилда тумандаги 20-мактабни имтиёзли тугаллаб, СамДУнинг чет тиллар факультетига ўқишга киради. 1967 йил университетни имтиёзли диплом билан тугатиб, шу йили  университетнинг француз  филологияси бўлимида ўқитувчи бўлиб ишда қолди. Университетда икки йил ишлади айни пайтда бир неча тилни биладиган устоз Ҳ.Арзиқулов иқтидорли, ёш мутахассис сифатида 1969 йилдан 1973 йилгача Жазоир Халқ Демократик Республикасининг собиқ иттифоқ элчихонасида иқтисодий масалалар буйича маслаҳатчи-таржимон лавозимига ишга юборилди. Ўзига билдирилган ишончни тўла-тўкис уддалаб, она юртига  қайтгач, 1974 йил собиқ Ленинград ҳозирги Санкт-Петрбург тилшунослик институтини аспирантурасига ўқишга кирди. Таниқли тилшунос олим, профессор Р.Б.Петровский раҳбарлигида "Француз тили  терминология тизимини семантик муаммолари" мавзусидаги номзодлик, кейинроқ "Нутқ системаси ва унинг модели" мавзусидаги докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари доктори илмий даражалари ҳамда доцент, профессор илмий унвонларига сазовор  бўлади.
Устоз Ҳ.Арзиқулов талабаларга француз тилининг ғоят гўзал лутф ва ифодаларини фонетик, лексик, грамматик, стилистик имкониятларини чуқур ўргатиш  билан бирга уларга "Француз тилининг назарий грамматикаси", "Нутқ статистикаси", "Француз тили тарихи курси" каби кўплаб фанлардан маъруза матнлари, услубий қўлланмалари чоп этилди. Қаҳрамонимиз 100 дан ортиқ  илмий-услубий мақолалар ва тезислар муаллифидир.
Ҳамдам Арзиқулов машҳур француз ёзувчиси Монтескьенинг "Форс номлари", де Лафайет хонимнинг "Малика ду Клев", ва Маргарет Дюраснинг "Жазман" романлари  каби бир неча чет эл ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Устоз таржимонликни умрининг охиригача давом эттирди. Ўзбек ёзувчиларининг асарларини француз тилига таржима қилиш билан ҳам шуғулланди. А.Қодирийнинг "Ўтган кунлар"  романи таржимаси тугалланиш арафасида унинг иш столида қолиб кетди. Маргарет Дюраснинг "Жазман" романи устознинг порлоқ хотирасига бағишланиб "Наврўз" нашриётида чоп этилди.
Қаҳрамонимиз ҳаётда жуда чиройли умр кечирган. Турмуш ўртоғи Жамила опа Арзиқулова домланинг шу даражага эришишига ҳар доим кўмакдош, сирдош бўлган. Оилада тўрт фарзандни тарбиялаб вояга етказдилар. Ҳозирги кунда фарзандлар ота изидан кет-             моқда.  
Ҳ.Арзиқулов авжи илмий-ижодий камолотга тўлган  олтмиш ёшида бевақт оламдан ўтди. У кишининг ишларини ҳозирги кунда шогирдлари, фарзандлари Ҳамза, Акром, Жамшидлар давом эттираётгани кўнглимизга таскин беради. Оқдарёда туғилиб улғайган, олимлик, дипломантлик, таржимонлик соҳаларининг устаси, таниқли ижодкор Ҳ.Арзиқулов ҳамюртларимиз, ижодкор ҳамда китобхонларимиз қалбида абадий яшайди.  
Э. АБДУҲАКИМОВА,
                              туман Ахборот-кутубхона
                                      маркази директори.
              
Мавзуга оид: