Антиқа афишалар

ТИЛГА ЭЪТИБОР – ЭЛГА ЭЪТИБОР

Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром  қиладиган тилига эга. Тилда шу халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.

Мустақиллик шарофати билан она тилимизнинг нуфузи ҳатто чет мамлакатларда ҳам ошиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали чет эллик меҳмонларнинг ўзбек тилида сўзлаганларини эшитиб  қоламиз. Бизнинг тилимизда бошқа миллат вакиллари, айниқса, хорижлик меҳмонлар сўзлаганини эшитганимизда  қалбимизга хурсандчилик киради. Бу албатта, Ватанимизнинг  жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Она Ўзбекистонимизда давлат тили –ўзбек тили. Бу тилда бутун дунёда 50 миллиондан ортиқ аҳоли мулоқот  қилади. Ўзбекистон – ўзбек тилининг софлиги, 

муқаддаслиги, унинг равнақи учун муқаддас замин. Минг афсуслар бўлсинким, кўча-куйда юрсангиз, бунинг аксини кўрасиз. Турли хил тилларда - лотин, кирилл алифбосида  жуда  ғализ ва хатолар тўлиб тошган эълонларга кўзингиз тушаверади. Дўконлар, дорихоналар, турли муассасалар номлари хатолар билан ёзилганига гувоҳ бўлаверасиз. Тадбиркорларимиз ўртасида эса  “урф” бўлган инглиз, французча номлар лотин алифбосида хатолар билан ёзиладики, гўёки бу ёзувлардаги хатоларни кўриб, кўрмасликка, билиб билмасликка олаверамиз. 

Агар шундай бўлмаганди эди, тумандаги мутасадди ташкилотлар томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилиб, ҳаттоки, айрим пешлавҳа ва эълонларни олиб ташланганлигига  қарамасдан, бирининг ўрнига яна бошқа хатолар пайдо бўлмас эди. Бундай лоқайдликни, эътиборсизликни  қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, бундай ёзувлар билан кулгига  қолишимиз ҳеч гап эмас-ку.  Қолаверса, она тилига бўлган ҳурматсизлик, элга бўлган ҳурматсизлик эмасми? Бу каби саводсизларча ёзилган ёзувларни ёзиб, тадбиркорнинг  қўлига тут қазаётган, ёки, дўконнинг тепасига пешлавҳасини илиб савдо-сотиқ билан шуғулланаётган бундай “тадбиркорлар”га  қачонгача тоқат  қилиш мумкин? 

Тилга эътибор – элга эътибор, дейишади доно халқимиз. ўзбек тилининг софлиги, бойлиги,  жозибасини намоён этиш учун  аждодларимиз неча йиллар давомида кураш олиб боришган, ҳаттоки, бу мақсад йўлида неча-неча миллатимиз фидойилари  жонларини фидо  қилишган. Буни ҳар биримиз асло унутмаслигимиз, юқоридаги сингари нохуш хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишимиз лозим.