тадбиркорлик дарслари
ТАДБИРКОР ХОТИН-ҚИЗЛАР УЧУН МАШҒУЛОТЛАР ВА ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР
Туманимизда ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, жисмоний ва ҳуқуқий шахс сифатида тадбиркорлик фаолиятларини ташкил этишларига кўмаклашиш бугуннинг долзарб муаммоларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартда жорий этилган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4235-сонли қарорининг ижросини амалга ошириш борасида туманимизда эришилган ютуқлар билан бир қаторда муаммолар ҳам мавжуд. Қарорда кўрсатилган вазифаларни жамиятимиз тараққиёти, ёшлар ва хотин-қизлар ҳаётига татбиқ этиш мақсадида ташкил этилган Республика Хотин-қизлар тадбиркорлик марказининг вилоят бўлими мутахассислари жорий йилнинг ноябрь ойи давомида тума-нимизда ўз тарғибот-тақдимот тадбирларини олиб бордилар. Семинар-тренингларнинг асосий мақсади хотин-қизларимизнинг касб-ҳунарларига оид малакаларини, тадбиркорлик билимларини ошириш, келажак бизнес режаларини қандай тузиш, кредит олиш ва ички ҳамда ташқи бизнес тамойилларининг назарияси ва амалиётини тушунтиришга қаратилмоқда.
Вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази директори Сайёра Салимова раҳбарлигида ўқув дарслари белгиланган жадваллар асосида Оқдарё касб-хунар коллежи биносида ташкил этилмоқда. Семинар-тренинг машғулотларида 50 нафар тингловчи хотин-қизларимиз ўзлари истаган, эгаллаган касблари бўйича таҳсил олмоқда. Тикувчилик, пазандачилик, иссиқхона, каштачилик, чорвачилик, боғбонлик ва бошқа йўналишларда касбий ва ҳуқуқий билимларга эга бўлган аёлларимиз бир ойлик машғулотларда махсус сертификатни ҳамда уч ойлик ўқув-амалиёт машғулотларида иштирок этиб, тадбиркорлик касблари бўйича махсус дипломни қўлга киритадилар. Махсус ҳужжат деб таъкидланишининг боиси шундаки, ушбу сертификат ва дипломни олган тадбиркор хотин-қизлар микро-кредит банкидан имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўладилар.
Тадбиркорлик марказининг бош мутахассиси Фотима Ботирова, агробизнес бўйича тренер Марҳабо Чўлиева, бизнес асослари бўйича тренер Гулбаҳор Рустамова ҳамда маркетинг бўйича бизнес-тренер Қодир Шойимовларнинг қизиқарли дарслари ҳамда амалиёт машғулотлари тингловчиларда катта таассурот ва қизиқиш уйғотмоқда. Савол-жавоблар, айниқса, туманимизда фаолият юритаётган фаол, тажрибали тадбиркорларнинг иш жойларига бориб, ўзаро тажриба алмашиш амалиёти катта самара бермоқда.
Хотин-қизлар тадбиркорлик марказининг ўқув-амалиёт машғулотларида иштирок этаётган, касбига оид сертификат ва дипломларни қўлга киритган тадбиркор ёшлар ҳамда хотин-қизлар учун барча имконият ва имтиёзлар яратилмоқда.
Барча қулайликлар, Президент қарорининг ижроси борасида олиб борилаётган чора ва тадбирларлар натижаси эканлиги тингловчиларга батафсил тарғиб этилмоқда.
Ҳар бир хотин-қиз ўз истеъдоди, маҳорати ва касбий кўникмалари асосида ўзини-ўзи иш билан таъминлаши энг муҳим имкониятдир, деб таъкидланди машғулотларда.
- Хотин-қизларимиз учун жуда кўп касб ва ҳунарлар мавжуд,- дейди жомбойлик ҳунарманд аёл Лола Бўлтакова оқдарёлик тадбиркор аёллар билан олиб борган тренинг машғулотларида. - Тикувчилик, каштачилик борасидаги тажрибаларимизни янада ривожлантиришимиз керак. Ўзбек аёлларининг тиккан кашталари жаҳон бизнеси жараёнида катта эътибор қозонмоқда. Афсуски, бугунги кунда аксарият аёлларимиз, айниқса ёш қизларимиз момоларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий каштачилик, тикувчилик санъатимизга лоқайд қарамоқдалар. Кашта тикиш бу энг гўзал, шарофатли, даромадли ҳунар. Нега энди ўзингизнинг қўлингиздан келадиган ишни, кашта ёки буюм тикишни ўрганмасдан, қизларимизга, келинларимизга, уйимизга керакли бўлган болиш, дўппи, белбоғ, тўн, кўрпа- кўрпача ва бошқа кийимларни бозордан сотиб олишингиз керак. Аксинча, тадбиркор бўлсангиз, тикиб сотинг, тикиб сотганга ўн танга, олиб сотганга бир танга қолади.
Дарҳақиқат, тингловчи хотин-қизларимиз туманимиздаги тадбиркорлик жараёнлари, туман ҳунармандлар уюшмасининг фаолияти, ишбилармон аёлларимизнинг бозорларимиздаги ўрни ҳақида танқидий мулоҳазалар билдирдилар. Туман бозоридаги каштачилик, тикувчилик маҳсулотларининг аксарият қисми водийлик ҳамда ургутлик аёллар тиккан, уларнинг бозорларидан олиб келинган буюмлардан иборат. Бозорларимизда ишлаб чиқарувчилардан кўра олиб сотувчилар кўп.
Туманимизда ҳунарманд, табиркор аёллар жуда кўп, аммо уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, керакли йўл-йўриқ кўрсатиб, касбий маҳоратларини оширишга ёрдам берадиган мутасадди ташкилотларнинг фаолияти сезилмайди. Республика ҳамда вилоятимизда ташкил этилган “Тадбиркор аёл” ассоциациясининг туман бўлими ҳалигача мавжуд эмаслиги ачинарли ҳол. Семинар-тренинг машғулотларида ана шундай ҳаётий мисоллар, танқидий-ташкилий фикрлар уйғунлашган тарзда муаммоларнинг ечимлари ҳам ўрганилмоқда. Ҳунармандчиликка оид ўқув дарслари мобайнида Оқдарё ҳунармандчилик санъатига хос каштачилик намуналари услубий таҳлил этилди ва “Оқдарё каштачилари” жамоатчилик гуруҳи тузилди. Туман буюм бозорида ҳунармандларнинг алоҳида савдо растасини ташкил этиш ва жиҳозлаш таклифи маъқулланди.
Тадбиркорларнинг ўқув машғулотлари давом этмоқда, бир гуруҳ битирувчиларга вилоят Хотин-қиз тадбиркорлар марказининг сертификатлари топширилди.
Ойгул МАМАТОВА.