Фан ва таълим

Ноябрь – рус тили ва адабиёти фан ойлиги

МАҚСАДИМИЗ ФАНГА БЎЛГАН ҚИЗИҚИШНИ ОШИРИШ

Тил миллатнинг руҳи, кўзгуси ҳисобланади. Биз она тилимизни қанчалик севсак, бошқа миллатлар учун ҳам ўз тили қадрлидир. Бугун юртимизда хорижий тилларни ўрганишга бўлган талаб кун сайин ошиб бормоқда. Рус тили, инглиз тили, немис тили шулар жумласидандир. Рус тили дунё миқёсида  халқаро тил бўлганлиги учун ҳам  ўз мавқеига эга, албатта. Ноябрь – барча таълим даргоҳ-ларида рус тили ва адабиёти фани ойлиги сифатида кенг нишонланмоқда. Мактабларда ушбу фан ойлиги муносабати билан турли хил тадбирлар, очиқ дарслар, суҳбатлар, викторина мусобақалари ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар ўқувчиларниниг фанга бўлган қизиқишини, сўзлашиш маданиятини оширади, нутқи равон бўлишига ёрдам беради.

Шу боисдан ҳам мактабимизда ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, рус тили фанига қизиқтириш мақсадида фан ойлиги давомида турли тадбирлар ташкил этилди. 

Ноябрь – рус тили ва адабиёти фани ойлиги муносабати билан ўтказилган диктант, иншо, ижодий ишлар танлови ҳам ўзининг ижобий самарасини берди. Очиқ дарс машғулоти жараёнида янги инновацион усуллардан фойдаланиб, ўқувчиларнинг билимини ошириш, улардаги кўникмаларни ривожлантириш, аниқланган бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган вазифалар амалга оширилди. Фан ўқитув-чилари томонидан “Интегрированный урок русского языка и литературы”, “Система контрольных работ на уроках русского языка” мавзуларида семинар ташкил этилди. “Литературная гостиная” номи остида “В гостях у Пушкина” танлови, деворий газеталар, расмлар танлови ўтказилди. Фан ойлиги доирасида ўтказилган очиқ дарслар барча ўқитувчилар томонидан кузатилди ва таҳлил қилинди. Негаки, бугунги кунда  оддий дарс билан ўқувчини фанга қизиқтириб бўлмайди. Мақсадимиз ўқувчиларнинг рус тилига бўлган билимини ошириш ва уларга ушбу фаннинг сир-асрорларини ўргатишдир. Бу борада ота-оналар ҳам ўзларининг кўмакларини беришмоқда.

 Фан ойлигининг якуни муносабати билан мактаб миқёсида тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда рус тили фани ўқитувчилари томонидан 5-6 синфлар ўртасида “Великий могучий русский язык” мусобақаси ташкил қилиниб, ўқувчилар тўртта шарт бўйича: ўзини таништириш, тезкор савол-жавоб, саҳна кўриниши ва эркин мавзуларда ўзаро баҳслашдилар.

Мактаб маъмурияти томонидан фан ойлиги давомида фаол иштирок этган А.Акбаров, К.Нуралиев, Д.Маърупов, Н.Неъматуллаева, М.Муҳаммадиева, З.Жозилов, Ш.Мирзаалимова, Д.Ферузова, Л.Қаҳҳорова сингари ўқувчилар махсус сертификатлар билан тақдирландилар.

Ф.ҲАМРОЕВА,

  Г.ЎРОҚОВА,

  42-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари.